1-мавзу: Замонавий тадқиқотлар хусусиятлари. Физика ва астрономия соҳасидаги тадқиқотлар характери. Физика ва астрономия соҳасидаги тадқиқот йўналишлари. Физика ва астрономия соҳасидаги янги шаклланган фанлар. Замонавий дунёқараш ва унинг шаклланишида физика ва астрономиянинг ўрни.
Режа:
1. Замонавий тадқиқотлар хусусиятлари
2. Физика-астрономия тараққиёт йўналишлари
3. Физика-астрономия соҳасидаги ютуқлар ва уларнинг дунёқараш шаклланишидаги ўрни
Таянч иборалар: Халқаро илмий марказлар ва ташкилотлар, ЦЕРН, Фермилаб, ДЕЗИ, ЕКА, янги назариялар, тезлаткичлар, материянинг янги турлари, нейтрино физикаси, нанофизика, нанотехнологиялар, кенгаяётган Олам, инсониёт тарихи.
1.1 Замонавий тадқиқотлар хусусиятлари.
Маълумки, физика фани инсоният эришган ва эришаётган илмий-техник тараққиётнинг асосини ташкил қилади. Қадимдан то XVIII аср охиригача бу фан фалсафа фани таркибида ўз ривожланиш йўлини босиб ўтган бўлса, XIX аср бошидан мустақил фан сифатида табиат сир-синоатларини очишга, улар асосида жамият тараққиётига, инсоният турмуш тарзини яхшилашга хизмат килиб келмокда.
Узоқ тараққиёт давомида бу соҳадаги илмий-тадқиқот ишлари характери ҳам замонга мос равишда ўзгариб келган. Дастлабки пайтларда физика ва астрономия соҳасидаги янгилик, кашфиёт ва ихтиролар кучли ақл-заковат соҳиблари томонидан яратилган бўлса, кейинчалик маълум муаммони ҳал қилишга йўналтирилган олимлар гуруҳи томонидан узоқ муддатли изланишлар натижасида маълум кўзланган натижаларга эришила бошланди. Бу ҳолат 20-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб маълум йўналишдаги муаммоларни ўрганишга мўлжалланган илмий марказларда амалга ошириш одатига айланди. Шу тахлит Фермилаб (АҚШ), ДЕЗИ (Германия), ЦЕРН (Швейцария), ЕКА (Европа космик агентлиги) каби халкаро илмий марказлар ва ташкилотлар вужудга келган1.
Бундай илмий марказ ва ташкилотларнинг юзага келишига сабаб, биринчидан физика ва астрономия соҳасидаги тадқиқотларни амалга ошириш учун янги ва катта харажат талаб қиладиган қурилмалар ҳамда тадқиқотларни амалга ошириш учун юқори салоҳиятли олимлар гуруҳи ёки гуруҳлари ўта зарурлиги ҳисобланади. Иккинчидан, дунёдаги хеч бир давлат бундай катта харажат талаб қиладиган тадқиқот олиб боришни маблағ билан мустақил таъминлай олмайди. Шу сабабли бундай илмий марказларда тадқиқот ишларини халкаро ташкилотлар томонидан маблағ билан таъминланиши йўлга қўйилган ҳамда тадқиқот ишларига танлов асосида бутун дунёдаги давлатлар мутахассислари жалб килиниши одатга айланди.
1.2 Ушбу дунё илмий марказларида физика ва астрономия соҳасида сўнгги 20-25 йил мобайнида катта ютуқларга эришилди2.
Бу ютуқлар ва улкан илмий силжишлар куйидаги йуналишларда содир бўлди ва бўлмоқда:
Элементар зарралар физикаси назарияси соҳасида Бирлаштирирувчи назариялар, яъни 4 та фундаментал ўзаро таъсирни ягона механизм асосида бирлаштирувчи назариялар қуриш йўналишида;
2. Нейтрино физикаси соҳасида, яъни нейтрино табиатини ўрганиш, нейтрино осциляциясини тадқиқ қилиш йўналишида;
3. Астрозарралар хусусиятлари, материянинг янги шакллари (Қора материя, Қора энергия, гравитацион тўлкинлар) ни ўрганиш йўналишида;.
4. Янги авлод тезлаткичларини қуриш ва янада юқори энергияларда зарралар хусусиятларини ўрганиш йўналишида;
5. Янги зарраларни излаш соҳасида, яъни тезлаткичларда ва тезлаткичларсиз зарралар физикаси соҳасида (коинот нурларининг хусусиятларини ўрганиш) йўналишида;
6. Қаттик жисмлар физикаси соҳасида, яъни юқори температурали ўта ўтказувчанлик ҳодисаси, қаттиқ жисмларнинг янги хусусиятларини ўрганиш йўналишида;
7. Нанотехнологиялар (ҳозирда нанофизика, нанокимё, нанобиология, наномедицина каби фан йуналишлари дунё микёсида шаклланди, улар ривожланиш боскичида) йўналишида;
8. Инсоният ҳаёт тарзи даражаси ҳамда талабларига қараб физиканинг янги тадбиқ йўналишлари-медицина физикаси, мезофизика, экономфизика каби йўналишларнинг шаклланиши йўналишида.
Айниқса, нанофизика соҳасида 2004 йилда графен структураси Манчестр университети олимлари томонидан олинди ва бу ютуқ учун 2010 йилда улар Нобель мукофотига сазовор бўлишди. Графен дунёдаги энг юпқа материал бўлиб графит (кўмир) моддасидан олинади, унинг қалинлиги атом ўлчамига тенг, мустаҳкамлиги олмосдай, электр ва иссиқлик ўтказувчанлиги мисдан ҳам яхши. Лекин унинг механик, оптик, иссиқлик ва электр ўтказувчанлик хусусиятларини янада яхшилаш мумкин. Шу жиҳатдан графен энг истиқболли материал ҳисобланади ва унинг қўлланилиши фан-техника тараққиётини тезлаштириши (ҳозирда самарали электр батареялари, исиқлик элементлари, сувни чучуклаштиргичлар ва юқори сезгир элементлар яратилган ва уларни кенг ишлаб чиқариш масалалари кўрилмоқда) ҳамда инсоният турмуш тарзини янада яхшилаши кутилмоқда.
1.3 Содир бўлган бу ўзгаришлар физика ва астрономиядаги шу вақтгача шаклланган тасаввурларни жуда кенгайтириб юборди ва албатта мутахассислар, айниқса, ёш авлод учун қизиқиш майдонига айланди.
Ушбу жаҳон миқиёсида эришилган ва эришилаётган физика ва астрономия соҳасидаги ютуқлар, соҳада режалаштирилаётган тадқиқот ишлари албатта таълим тизимимизда ўз аксини доимий топиб бориши керак. Шу ўринда, физика-астрономия таълимида информатика фанининг ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз ҳарур. Чунки, физика ва астрономия тараққиёт йўналишлари айнан микро ўлчамларда содир бўлаётгани ва бу ўзгаришлар, эришилаётган ютуқлар бизнинг дунёқарашимизни тубдан ўзгартириб юбораётгани, бу жараёнларни кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб бўлмаслигини инобатга олсак, албатта компьютер технологиялари, турли анимациялар аҳамияти яққол кўриниб қолади. Шу сабаб асосий вазифамиз компьютер технологияларидан фойдаланиб физика ва астрономия таълими сифатини таъминлашдан иборат бўлмоғи керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |