МАВЗУ: ҚОНУН УСТУВОРЛИГИИИ ТАъМИНЛАШ ВА СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ИСЛОХ ҚИЛИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ
РЕЖА:
Суд хокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфўзини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли химоя килиш кафолатларини таъминлаш
Ҳуқуқни мухофаза килувчи ва назорат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмлари самарадорлигини ошириш
1.Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш жараёнида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш орқали суднинг нуфузини ошириш ва халқнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш суд – ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2018 йил 28 декабрь куни Парламентга қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “...юртимизда сўнгги йилларда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ўзгаришлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ва одил судловга эришиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган”. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр – қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши мустаҳкамланиб қўйилган (13-модда). Ижтимоий қадриятларнинг давлат фойдасини эмас, балки инсон фойдасини кўзлаб ўзгартирилиши жамият томонидан тўла қўллаб – қувватланади. Зеро, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши тамойилининг Конституциямизда белгиланганлиги (11-модда) мустақиллигимизнинг энг муҳим ютуқларидан бири ҳисобланади. Таъкидлаш керакки, фақат шундай умум эътироф этилган, жаҳон тажрибасида синовдан ўтган демократик йўл билангина одил судлов лозим даражада амалга оширилиши, Конституцияга ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларга сўзсиз риоя этилиши, ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботнинг мустаҳкамланишига эришиш мумкин.
Суд ҳокимиятининг ташкил этилиши ва амал қилиши асосларини белгиловчи қонунларнинг қабул қилиниши сўзсиз жамиятни демократлаштириш борасидаги жиддий ютуқлар сирасига киради. Улар жумласига Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонунлари, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Жиноят, Жиноят процессуал, Маъмурий жавобгарлик, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар ва бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонлари ва қарорларини киритиш мумкин. Суд ҳокимиятининг ягоналиги, судьяларнинг мустақиллиги, суд корпусининг шакллантирилишини белгилайдиган ҳуқуқий қоидалар, шунингдек судлар фаолиятини молиялаштириш ва моддий – техника масалалари айни шу ҳужжатларда баён қилинган. Процессуал кодексларда эса ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш шароитида одил судловни амалга ошириш тамойиллари, суд ишларини халқаро андозаларга мувофиқ тарзда юритиш қоидалари, яъни суд ишларини юритишда тортишув, айбсизлик презумпцияси, процессда томонлар тенглиги каби тамойиллар ўз аксини топди. Судьялар корпусини шакллантириш тизимини суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига тўлиқ мослаштириш, бу жараёнда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш, ички ишлар вазири, Миллий гвардия қўмондони ва Бош прокурорнинг республика ҳудудларига шахсан масъул этиб тайинланиши, “маҳалла посбони” лавозими тугатилиб, унинг ўрнига профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилиши, жиноят қонунчилигини янада такомиллаштириш ва либераллаштириш мақсадида жиноят ва жиноят-процессуал кодексларининг янги лойиҳаларини тайёрлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг изчиллиги ва қатъийлигидан далолатдир.
Ўтган давр мобайнида суд тизими фаолияти самардорлигини ошириш, судьяларни танлаш ва жой – жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора – тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси суд тизими – Конституциявий суд, Олий суд ва унинг таркибида ҳарбий судлар, фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий судлар тўла – тўкис ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши тузилди, судьялик лавозимига муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби жорий қилинди. Таъкидлаш жоизки, барча тоифадаги суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётининг кенгайтирилганлиги аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимиятининг очиқлигини ошириш йўлида кўрилган муҳим чора бўлди. Судьялар томонидан аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этилаётгани, маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлислари ўтказиш йўлга қўйилгани тизимнинг очиқлигини таъминлаш билан бирга, аҳолининг суд тизимига, адолатга, давлатга ишончини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, суд ҳокимияти органлари фаолиятининг таҳлили улар зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган чора – тадбирлар режасини ишлаб чиқиш учун асос бўлади.
Суд ҳокимияти органларининг хусусиятлари шундаки, улар конституцияга асосан (106 - модда ), қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Лекин, бу давлат ҳокимияти тизимига кирган ҳар бир ҳокимият амалий иш юритишда қарама – қарши иш олиб бориши мумкин, деган маънони англатмайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11 – моддасига мувофиқ давлат ҳокимиятининг тизими – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинсада, уларнинг бири иккинчисидан ажралган ҳолда иш юритмайдилар. Давлат ҳокимияти тизимининг бўлиниш принципига асосланиши, ҳокимиятни ўта марказлаштиришдан, уни ягона юқори мансаб эгаси қўлида бўлишидан сақлайди, битта ҳокимиятнинг ўзбошимчалик билан иш юритишига йўл қўймайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 106 - моддасида ва Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 2 – моддасида кўрсатилганидек, суд ўз фаолиятини мустақиллик, судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши принциплари асосида амалга оширади. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон – бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Бугунги кунда суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи эканлиги тўғрисидаги нуқтаи – назар тўла қарор топди. Ҳуқуқий давлат ғоясининг эълон қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг алоҳида ва мустақил тармоғи сифатида эътироф қилинганидан кейингина қонунларда ўз аксини топган муайян назарий база яратилди.
Шахснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммолари билан бевоста боғлиқ бўлан суд назорати ғояси, шубҳасиз, маънавий жаҳатларга эга бўлиб, ўз илдизлари билан теран ўтмишга сингиб кетади. Ҳокимият бўлиниши ҳақидаги таълимот амалда дунёдаги барча демократик ривожланган мамлакатларнинг конституциявий қонунчилигида ва давлат қурилишида мужассам бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятига махсус боб бағишланган бўлиб, унда “суд ҳокимияти” атамаси суд тизимининг ташкил этилиши ва судлар фаолиятининг тамойилларини қамраб оладиган қатор асосий қоидалар орқали очиб берилади.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва суд органларининг нуфузини оширишга қаратилаган ислоҳотларнинг дастлабки босқичида суд тузилишига оид асосий тамойилларининг ҳозирги замон андозаларига ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига мос бўлишига эришилди. Унда, суд ишларини юритиш, айбсизлик презумпцияси, тортишув жараёни, ҳимоя ҳуқуқи сингари муҳим тамойиллар мустаҳкамланди, суднинг демократизми, объективлиги, ҳар қандай фуқаронинг судга мурожаат қилиш имконияти кенгайтирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, суд ҳокимияти соҳасидаги чуқур туб ўзгаришлар биринчи ва иккинчи авлод қонунлари қаторида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Маъмурий жавобгарлик, Фуқаролик кодеслари, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти – ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги, “Адвокатура тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар муҳим аҳамият касб этди ва суд – ҳуқуқ тизимини қайта қуриш суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, суднинг жамият ва давлатдаги ўрнини белгилаш ва суд тизимини демократлаштириш асосларини яратиш жараёнида зарурий қадам бўлди.
Ҳозирги кунда ахборот коммуникация технологиялари (АКТ) ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига кенг кириб келиб, мамлакатимизнинг иқтисодий ва маънавий йўналишларини жадал суръатда ривожлантирмоқда.
Бу борадаги кенг кўламли ишлар суд тизимида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот – коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва Вазиралар Маҳкамасининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Судлар фаолиятига замонавий ахборот – коммуникация технологияларини жорий этиш чора – тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Судлар фаолиятига замонавий ахборот – коммуникация технологияларини жорий этиш дастури доирасида бошланиб, изчиллик билан босқичма – босқич давом этиб келмоқда.
Мазкур дастур асосида судлар фаолиятида компьютерлаштириш даражаси ва компьютер техникасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, судларда ахборот тизимлари ва ресурсларини яратиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерфаол хизматлар кўламини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш борасида давомли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси бўйича, шунингдек, умумий юрисдикция судлари фаолиятига замонавий АКТни жорий этишнинг концептуал йўналишлари ва мақсадли кўрсаткичлари белгилаб олинди ҳамда Ўзбекистон Республикаси умумий юрисдикция судларида АКТ жорий қилиш дастури ҳуқуқий асос сифатида қабул қилинди.
Ўтган даврда ушбу дастур асосида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда қуйи судларда маҳаллий ҳисоблаш тармоқларини ташкил этиш ва уларни корпоратив тармоққа бирлаштириш борасида зарур техник ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
Қоғозсиз ва автоматлаштирилган иш жараёнларига босқичма – босқич ўтиш йўли билан суд ишларини юритишнинг тезкорлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бу борада фуқаролар учун маълумотлар алмашишининг электрон воситалари орқали ариза, даъво аризаси, илтимоснома ва уларга илова қилинадиган ҳужжатлар билан биргаликда судга мурожаат қилиш амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Ўзбекистон қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида яратилган “Е - СУД” миллий электрон судлов тизимининг суд буйруғини чиқариш бўйича Зангиота, Юқори Чирчиқ, Бекабод туманлараро судлари, Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой, Мирзо Улуғбек, Миробод, Шайхонтоҳур ва Учтепа туманлараро судларида, бугунги кунда эса республикамизнинг барча судларида самарали фаолият юритмоқда.
2015 йил 9 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонунга асосан, амалда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 39 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди ва 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқаролик ишлари бўйича судларга электрон шаклда мурожаат қилиш тартиби белгиланди. Натижада фуқаролар томонидан фуқаролик ишлари бўйича судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, судлар эса, чақирув қоғозлари, қарор нусхалари ва бошқа суд ҳужжатларини электрон шаклда юбориш имкониятига эга бўлди.
“Е - СУД” миллий электрон ахборот судлов тизиминини судлар фаолиятига янада жадал суръатларда жорий этиш ва ундан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2016 йил 28 январдаги “Фуқаролик ишлари бўйича Республика судларида электрон алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда берилган мурожаатларниниг кўриб чиқилишини таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят судларида “Е - СУД” миллий электрон судлов ахборот тизимидан фойдаланишни йўлга қўйиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Таъкидлаш ўринлики, ушбу тизим (www.есуд.уз) жисмоний ва юридик шахсларнинг судларга мурожаат қилиш жараёнини тезлаштириш ва судларда ишларни кўриш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Судлар фаолиятига замонавий АКТ нинг изчил жорий қилиниши, хеч шубҳасиз, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.
2017 йил 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Судлар фаолиятига замонавий ахборот – коммуникация технологияларини жорий этиш чора – тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ№ 3250 – сон қарордан кўзда тутилган асосий мақсад судлар фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлашдан иборат бўлиб, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилиши устидан самарали назорат тзимини яратиш мақсадида уларнинг ишини автоматлаштириш ва фаолияти ҳақидаги маълумотларни тизимлаштиришни назарда тутади.
Шунингдек, судларда иш кўрилиши самарадорлигини таъминловчи ахборот тизмлари ва ресурсларини такомиллаштириш, судлар тизимида ахборот хавфсизлиги ва хавфсиз электрон ҳужжат айланишини таъминлаш, судьялар ва суд ходимларининг компьютер саводхонлиги ва ўз ишида ахборот – коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур қарор билан 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот – коммуникация технологияларини жорий этиш навбатдаги янги дастури тасдиқланди. Дастурнинг амалий ижроси доирасида 2018 йил сентябридан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг янги расмий веб – сайти, ундаги интерактив хизматлар яратилди, www.суд.уз, www.олийсуд.уз ва www.супcоурт.уз манзиллари бўйича сайт жойлаштирилди. Эндиликда ушбу тизим орқали фуқаролик ишлари бўйича судларга электрон мурожаат қилиш билан бирга суд мажлисларининг жадвали, куни ва вақтидан электрон тарзда хабардор бўлиш, барча суд қарорлари билан танишиш мумкин.
Ўзбекистонда илк маротаба доимий ишловчи суд мажлисларининг онлайн трансляцияси жорий этилди. Бу ҳолат айни суд жараёнини Олий суднинг веб – сайти орқали тўғридан – тўғри кузатиб бориш имкониятини беради. Ҳозирда ушбу тизим синов тариқасида Ўзбекистоннинг чекка ҳудудлари бўлган Хоразм, Сурхондарё ва Наманган вилоятларидаги 12 та судга ўрнатилди ва ишга туширилди. 2018 йилнинг охирга қадар 22 та, 2019 йилда эса 100 дан ортиқ судни онлайн трансляция тизимига ўтказиш режалаштирилмоқда1.
Халқаро экспертлар ушбу жиҳатга алоҳида эътибор қаратиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқилган давлат бошқарувига АКТ ни кенг жорий қилиш, “электрон ҳукумат” ва электрон ҳужжат айланиши тизимларини ривожлантиришга қаратилган меъёрий – ҳуқуқий базага юксак баҳо берди. Шу муносабат билан АКТ соҳасида амалга оширилаётган чора – тадбирлар судларни тўлиқ ахборотлаштириш учун зарур шароит яратаётгани ва бу, ўз навбатида, мамлакатимизда электрон судловни татбиқ этишни жадаллаштириш имконини беради. Одил судловнинг очиқ – ошкоралиги ва ундан фойдаланиш имкониятини таъминлаш электрон судлов тизимини жорий қилиш ҳамда суд фаолиятини АКТ билан тўлиқ жиҳозлаш борасидаги ишларнинг асосий самарасидир. Бу принципларнинг ҳаётга татбиқ этилиши суд ахборотидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш билан чамбарчас боғлиқдир.
Суд жараёнларини бошқариш бўйича ишончли электрон тизимларни ишлаб чиқилаётганлиги ва жорий этилаётганлиги самарали, замонавий ҳамда ҳисоб берувчи суд тизимини шакллантиришда, энг муҳими, ишларни судда ошкор кўриб чиқиш принципини, ахборот очиқлиги, одил судловдан фойдаланиш ва унинг ошкоралигини таъминлашда технологик асос бўлиб хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |