6-Мавзу. Педагогик технология педагогик мукамалликнинг таркибий қисми сифатида
Режа:
Педагогик технологиялар фан сифатида.
2. Педагогик технологияларнинг турлари.
3. Ўқув жараёнини педагогик технология асосида ташкил қилиш услублари
1. Педагогик технологиялар фан сифатида.
Педагогика фани бугунги кунда маълум бир юксалиш босқичига кўтарилмоқда. Бунинг албатта, объектив сабаблари мавжуд. Тарбия мақсадининг ҳар бир даврда турлича бўлиши ижтимоий тузум, мафкуравий қарашларнинг ўзгариши билан боғлиқ. Ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий ривожланиш давомида тарбия мақсадига эришиш жараёнига нисбатан педагогик ёндашувлар ҳам турлича бўлган. Демак таълим-тарбиянинг мақсади, унинг амалга ошириш жараёни назарий ва амалий жиҳатдан такомиллашиб бориши билан педагогика фани замонавий тус ола бошлайди. Бизнинг замонавий педагогикамиз бугунги кунда айнан шундай ҳолатни бошдан кечирмоқда.
Миллий мустақиллик қўлга киритилиши билан истиқбол йўлларимиз, миллий ғоя ва мафкурамиз аниқ қилиб белгилаб олинди. Биз ўз таълими-тарбиявий мақсадимиз ва вазифаларимиз, уни амалга ошириш дастурларимизни белгилаб олдик. Президентимизнинг маънавий мафкуравий, баркамол авлодни вояга этказиш борасида бир қатор асарларида ушбу йўналишдаги давлат сиёсати устивор масала эканлиги бир неча бор таъкидлаб ўтилади. Бобокалонларимизнинг азалий орзулари, миллий ва умумбашарий қадриятлари, маънавий ёдгорликлар замонавий педагогиканинг мақсади ва вазифаларини шаклланишига асос бўлмоқда. Давлатимиз томонидан қабул қилинадиган “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”да ушбу мақсад ёритиб берилган. Зеро, замонавий педагогиканинг бош мақсади ҳам этук, юксак малакали, маънавиятли, маърифатли, мустақил фикр юрита олувчи, рақобатбардош кадрларни тайёрлашдан иборатдир.
Кўзланган мақсадга эришиш учун узлуксиз таълим тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Таълим жараёнига табақалаштирилган ёндашув, ўқувчиларни турли касб-хунар коллежлари, академик лицейларда тахсил олишларини таъминлаш замонавий педагогика фани олдига юксак вазифаларни қўймоқда. Масалан, ушбу ўқув муассасалари учун давлат таълим стандартига мувофиқ келувчи ўқув дастурларини ва дарсликлар, ўқув қўлланмаларини яратиш бугунги кун талабларига жавоб бермоғи лозим. Ҳар бири турли вариантларда бўлсагина, мақсадга тўғри хизмат қила олади.
Ўқув –тарбия жараёнларини ташкил этишда ҳам анъанавий усуллардан фарқли ўлароқ, янгича педагогик ёндашувларни ўзлаштириш ва таълим жараёнида қўллаш замон талабидир. Миллий дастурда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Албатта, илғор педагогик технологиялар бизнинг фанимизга эндигина кириб келмоқда. Аслида эса таълимга технологик ёндашув масаласи ривожланган демократик хорижий давлатлард бундан 30-йиллар муқаддам пайдо бўлган ва улар бу соҳада катта ютуқларни қўлга киритган.
Бугунги кунда биз педагогика соҳасидаги илғор технологияларни кенгроқ ва чуқурроқ ўзлаштиришимиз, уларни ўз минтақамизга мос ҳолда қайта ишлаб чиқишимиз керак бўлади. Педагогик технология тушунчасига ҳозирги кунда турлича таърифлар берилмоқда. Муҳими шуки, педагогик технология кўзлаган мақсадга кафолатланган натижа сифатида эришишни ифодаловчи жараёндир.
Do'stlaringiz bilan baham: |