Вильям Петти (1623-1687) Англия классик иқтисодий мактабнинг асосчисидир. У майда ҳунарманд оиласида туғилди. Лейдан, Париж ва Оксфорд университетларида медицина соҳасида таҳсил кўради. У ёшлигидан жуда қобилиятли талаба бўлган. 1647 йилда нусха кўчирадиган машина (ксерокс) ихтиро қилди. 1649 йилда физика доктори илмий даражасига эга бўлади. 1652 йилда Кромвель хукуматининг топшириғига кўра Ирландиянинг ер обзори (кадастри)ни ўтказади. У буржуазия мулкини, яъни хусусий мулкни "муқаддас"ва "дахлсиз"деб билди ва уни ҳимоя қилди. У мехнатнинг капитал томонидан эксплуатациясини ёқлаб чиқди. У ўзининг "Солиқлар ва йиғимлар тўғрисида трактат" (1662 й) "Сўз донишмандларга" (1665 й), "Ирландиянинг сиёсий анатомияси" (1672 й), "Сиёсий арифметика" (1683 й) ва бошқа асарларини ёзган.
1682 йилда ёзилган "Пул тўғрисида бир неча оғиз сўз" китоби 32 та савол ва жавоб тариқасида Англияда пул чақасини қайтадан зарб этиш масаласига бағишланади. Унда Петти меркантилизмдан воз кечди ва пулни умумий эквивалент вазифасини бажарувчи махсус товар деб ҳисоблади. Пулнинг қиймати ҳам бошқа товарлар қиймати каби сарфланган мехнат миқдори билан аниқланади. Алмашув қиймати эса қиматбаҳо метални қазиб олишга кетган меҳнат сарфлари билан белгиланади деган хулосага келади.
Муомиладаги пулнинг миқдори товар - тўлов оборотлари ёки реализация қилинаётган товарлар, уларнинг баҳоси ва пулнинг муомила тезлиги билан аниқланади. Унинг фикрича, пул инсон организмидаги ёғга ўхшайди. Унинг ортиғи ҳам, ками ҳам зиёндир.
В.Петти давлатнинг иқтисодиётга аралашувига ҳам катта эътибор берди. Бу аралашув ривожланишга ёрдам бериши керак, лекин айрим пайтларда давлат иқтисодиётдан узоқорқ бўлиши кераклигини айтади.
В.Петти ўзининг табиий баҳо тўғрисидаги таълимотида қийматнинг меҳнат назариясига асос солади. У мисол тариқасида нон билан кумуш баҳосини солиштиради ва уларнинг баҳоси сарфланган меҳнат миқдори билан тенглаштирилиши тўғрисида тўғри фикрлар баён этади. Шундай қилиб В.Петти иқтисодиёт тарихида қийматнинг мехнат назарияси куртакларини таърифлади. Аммо В.Петти қийматни алмашув қиймати билан алмаштириб юборди. Унинг илмий қарашлари товарнинг қиймати билан истеъмол қиймати тушинчалари ўртасида аниқ фарқни кўраолмайди. Конкрет мехнат истеъмол қийматни яратса, абстракт мехнат қийматни яратади.
"Ҳар қандай бойликнинг отаси меҳнат, онаси ер" деган фикр ҳам В.Петтига тегишлидир. В.Петти ўзининг қийматни мехнат назариясига қарама - қарши, қиймат манбаи сифатида мехнат билан бирга боғлашни ҳам қабул қилишни таклиф этади.
В.Петти мехнатни таҳлил қилади. Унинг фикрича, ишчи яшаши, мехнат қилиши ва кўпайиши учун керакли нарсани олса бас деган хулосага келади. Шунингдек, ишчиларга берилган минимумдан икки марта кўп ҳақ тўланса, улар икки марта камроқ ишлайди деган фикрларни билдиради. В.Петти ер рентаси назариясини, фойда тушинчасини алоҳида категория шаклида ўрганган. В.Петти рентанинг келиб чиқиши тўғрисида, хусусан дифференциал, абсалют рента тўғрисида ўз фикрларини баён этган. Ернинг тупроқ унумдорлиги ва ерларнинг сифати хусусида ўз фикрларини билдирган. Ерга хусусий мулкчиликдан келиб чиқадиган абсалют рента тўғрисида, ернинг баҳоси, ердан олинадиган даромадга боғлиқлигини аниқлаб беради. Амалда ернинг баҳосини капиталлашган рентадек ҳисоблаш орқали унинг моҳиятини тўғри ва тўла тушинган.
В.Петти "Сиёсий арифметика" асари орқали статистика фанига асос солди. У биринчи бўлиб давлат статистика хизматини тузиш зарурлиги масаласини кўтарди ва маълумот тўплашнинг айрим йўналишларини кўрсатиб берди. Унинг таълимотида аҳолининг умумий сони, жойлашуви, ёши ва касби, ҳамда бошқа маълумотлар муҳимлиги тўғрисда гап боради. Албатда, бирор масала тўғрисида гап очилганда Петти "аввал ҳисоблаб кўриш керак" деган фикрни айтишни ёқтирар эди.
В.Петти фикри бўйича "аҳоли - бойликнинг асоси" бўлса, Малтусда аҳолининг тез ўсиши камбағалликнинг асосидир.
Францияда П.Буагильбер классик иқтисодий ғоялар асосчилардан биридир. Францияда ҳали феодал муносабатлар кучли бўлган даврда Қирол Людовик XIV ҳукмронлиги даври Францияда инқилоб XVIII аср охирида рўй берди. Бу эса мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига тўсиқ эди. Мануфактура пайдо бўлди, аммо ривож топмади. Ер масаласи тўла ҳал этилмади, майда ер эгалиги мавжудлиги, ишлаб чиқаришнинг ривожланишига тўсқинлик қилди. Аҳолининг 3/4 қисми деҳқонлар эди. Шу сабабли бу соҳада ислоҳатлар ўтказиш зарур эди. Ички бозор тор бўлиб капиталистик тадбиркорларнинг ўсишига йўл бермас эди. Францияда тез - тез бўлиб турадиган урушларга катта малағ сарф қилинаётган эди. Ана шундай бир вазиятда Пъер Буагильбер (1646-1714)нинг иқтисодий қарашлари иқтисодиётга катта таъсир кўрсатди. У деҳқонларнинг аянчли аҳволини кўриб 1691 йилда Францияни оғир иқтисодий аҳволдан чиқариш тизимини таклиф этди. 1707 йилда ўз ғояларини 3-қисмга бўлиб қуйидагиларни таклиф этади:
Солиқ тизимида ислоҳат ўтказиш, мехнат мажбурлиги;
Ички савдони ҳар хил чеклашлардан озод қилиш, бозорни кенгайтириш меҳнат тақсимотини ўсишни таъминлаш;
Донни эркин сотишга рухсат этиш,бахони чекламаслик.
Бу ислоҳатлар мамлакат ва ҳалқ фаровонлигини ошириш ва хўжаликни ривожлантиришнинг бошланғич шартлари эди. Лекин унинг бу уринишлари бекор кетади. Унинг ғоялари китобларида кенг баён этилган. Унинг асосий иқтисодий асарлари "Франциянинг тўла тавсифи", "Франция тўғрисида варақа", "Бойликлар табиати тўғрисида трактат"дир. Уларда Франциянинг ўша даврлардаги оғир иқтисодий аҳволи тўла ёритиб берилган, айниқса қишлоқ хўжалигининг аҳволи яхши баён этилган. У шундай ёзади: "Аввалги даврдаги тўкин - сочинликни қайтариш учун мўжиза қилиш шарт эмас, табиат устидан бўлаётган доимий зўравонликка чек қўйиш етарлидир". У табиатниинг талаблари нимадан иборат эканлигини очиб беришга уринади ва объектив қонунларни ўрганишга киришади. У Франция иқтисодиётининг турғун ҳолати, унинг орқага кетиш сабаби билан қизиқиб, бу муаммоларга жавоб беришга ҳаракат қилиб "оптимал баҳо пайдо бўлиши" масаласига катта эътибор берган. Унинг фикрича, иқтисодий барқарорлик ва тараққиётининг энг муҳим шарти пропорционал ва нормал баҳолар ҳисобланади деган хулосага келади. Бу баҳолар қандай шаклланади? Бу баҳолар ҳар бир соҳадаги ишлаб чиқариш харажатларини қоплашга ёрдам бериши ва маълум кирим, сарф, фойда келтириш керак ва ниҳоят, булар шундай баҳолар бўлиши керакки, уларнинг ўз ўрни бўлиб, улар товар оборотини бажариши ва одамлар устидан хукмронлик қилолмаслиги керак. Унинг фикрича, давлат тўғри солиқ тизими орқали мамлакатда истеъмол ва талабни юқори даражада таъминлаши мумкин.
Агар истеъмол сарфлари оқими пасайса, товарларни сотиш ва ишлаб чиқариш кескин камаяди. Агар камбағаллар кўпроқ ишлаб топсалар, солиқларга сарф қилсалар ҳам улар ўз даромадларини тез сарфлашга мойилдирлар. Бойлар эса аксинча, ўз даромадларини сақлашда ва маҳсулотни сотишда қийинчиликлар туғдиришга олиб келадилар. Буагильбернинг бу мулоҳазалари иқтисодий таълимотларнинг кейинги юз йилликдаги ривожига катта таъсир кўрсатди. Жамиятнинг бойлиги ва иқтисодий ўсиш бўйича икки хил қараш мавжуд.
Биринчидан, ишлаб чиқаришнинг ўсиши жамғариш хажмига боғлиқ;
Иккинчидан, истеъмол талаби ишлаб чиқаришнинг юқори суръатларда ўсишини кўллайдиган омил сифатида қаралади. У ана шу позицияда турган эди. Олим инқироз ходисаларини хўжаликларнинг ички қонуниятлари билан эмас, балки ёмон давлат сиёсати билан боғлайди, чунки эркин маҳсулотлар алмашуви тизимида ортиқча маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин эмас - дейди.
У меркантилистлардан фарқли равишда бойликнинг манбаи алмашув соҳаси эмас, балки ишлаб чиқариш - деган эди. Алмашувга эса ишлаб чиқаришнинг шарти сифатидагина қарайди.
Буагильбер В.Петтидан ҳоли, мустақил равишда мехнат назариясига асос солди. У бозор баҳоси ва "ҳақиқий баҳо"ни фарқлаган, "ҳақиқий баҳо мехнат сарфи билан белгиланади" деган. Агар В.Петтининг диққат марказида пуллар ва бошқа бойликлар турган бўлса, Буагильбернинг эътибори товарларнинг бевосита муносабати, яъни товарнинг тўғридан - тўғри алмашувига қаратилган эди. Буагильбер учун шу нарса характерли эдики, у пулга кескин қарши бўлган. У "Пулда барча ёвузлик ва офатларнинг манбаи мужассамлашаган" деб баҳолаган. Олтин ва кумушни эса "буюк ёвузлик" деб атайди. Буагильбернинг энг буюк хизмати шу эдики, у қийматни сарфланган иш вақтига тенглаштиради. Агар В.Петининг иқтисодий таълимотида алмашув қиймати асосий бўлса, Буагильберда истеъмол қиймати бош ролни ўйнайди. Аслида эса уларни бир - биридан ажратиб бўлмайди.
Буагильбер қарашларидаги чекланганлик (фақат деҳқонларни ҳимоя қилиш, саноат ва савдони етарлича баҳоламаслик) бизнингча тарихан бўлиб Францияда капитализм ривожининг хусусиятларидан келиб чиқади. Агар Англияда саноат, савдо ва ҳатто қишлоқ хўжалигида капиталистик муносабатлар тўла ғалаба қозонган бўлса, унинг иқтисодиёти мехнат тақсимоти, рақобат, капитал ва ишчи кучининг фаоллиги билан характерланар эди. Францияда эса бу муносабатлар энди шакллана бошлаган эди, холос.
Do'stlaringiz bilan baham: |