Балиқчилик бу – қишлоқ хўжалигининг сув ҳавзаларида балиқ захирасини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш билан шуғулланувчи соҳаси бўлиб, балиқ ўстириш тадбирлари, балиқни сунъий усулда кўпайтириш ва уни янги шароитга ўргатиш, янги зот балиқлар етиштириш, вояга етган балиқларни овлаш, балиқ боқиш ва биомаҳсулот ишлаб чиқиб юқори самарага эришишдир. Балиқчиликда, асосан, табиий ва сунъий сув ҳавзаларида етиштириш ишлари олиб борилади, бунинг натижасида балиқчилик сув ҳавзаларининг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, балиқ маҳсулотларининг кўпайиши ҳамда барқарор ривожланиши таъминланади. Табиий сув ҳавзаларида балиқларни сунъий урчитиш, овланадиган балиқлар миқдорини кўпайтириш ёки уларни янги зот балиқлар билан алмаштириш ишлари амалга оширилади. Балиқ ўстириш мақсадида сув омборларидан фойдаланиш, бошқа зот балиқларни мазкур жойга олиб келиб иқлимлаштириш ҳам балиқчиликнинг асосий вазифасидир.
Инсон ҳаётида организмни тўлиқ қийматли озуқа моддалар билан таъминлашда оқсил, углевод, ёғ, витаминлар, минераллардан фосфор, темир, калций, микроэлементлар муҳим ҳисобланади. Бу моддалар балиқ маҳсулотларида етарлича мавжуд. Балиқ гўшти юқори биологик қийматга эга бўлиб, парҳез хусусияти юқори бўлганлиги учун тўйимли озуқа ҳисобланади.
Балиқчилик ривожланган мамлакатлар: Япония, Хитой, Вьетнам, Ғарбий Европа мамлакатлари, Шимолий Америка, Австралия аҳолисининг бир йилда истеъмол қилинадиган балиқ гўшти миқдори ўртача бир киши ҳисобига 25-45 кг тўғри келади. Балиқ озиқ-овқат маҳсулотида жуда муҳим бўлганлиги учун тиббий меъёр бўйича камида бир киши бир йилда ўртача 12 кг балиқ гўштини истеъмол қилиши тавсия қилади. Ўртача жаҳон миқёсида балиқ гўшти маҳсулотларини истеъмол қилиш бир йилда бир киши ҳисобига 16,6 кг ни ташкил этмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда жами аҳоли сони 33 млн.дан ортиқ бўлса, бир киши бир йилда ўртача 0,5 кг дан балиқ гўштини истеъмол қилмоқда8.
Балиқчиликни ривожлантиришда барча йўналишни бирдек йўлга қўйиш муҳим ҳисобланибгина қолмай, интенсив технологияларни жорий этиш хўжаликларнинг ривожланишига ҳам имкон беради (1.2-расм). Ушбу расмдаги ҳар бир интенсив ва инновацион жараёнларнинг боғлиқ қисмини йўлга қўйиш, назорат остига олиш балиқчиликнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Шу билан бир қаторда, соҳада наслчиликни йўлга қўйишни ҳам асосий вазифа қилиб белгилаш, керакли кадрларни жалб қилиш селекцияни ривожлантиришнинг муҳим бўғини ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |