: Жоҳилия даври ва араблар
маънавий Қиёфаси
Режа:
Жоҳилия даври моҳияти
Жоҳилия давридаги кўп худолик ва араблар маънавияти
Ҳанифлар ҳаракати
Жоҳилия даври моҳияти. Жоҳилия сўзининг луғавий маъноси арабча «жаҳула» сўзидан олинган бўлиб, (билимсизлик), жоҳиллик, нодонлик яъни «ягона Аллоҳни танимаслик» маъносини, англатади. Жоҳилия даврида маънавий ва ижтимоий ҳаётда ана шундай жоҳиллик, нодонлик хусусиятига эга кишилар исломдан олдинги даврда яшаганлар.
Жоҳилия даври мазмун-моҳиятини тушуниш ва тасаввур қилиш учун ўша тарихий давр V-VII асрларга хос хусусиятлар, араб қабилалари ўртасида ҳукмрон бўлган ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва уларнинг диний-ғоявий ҳаёти билан қисқача танишиб чиқишни тақозо этади.
Жоҳилия даврининг хусусиятларидан бири шунда эдики, бу даврда араблар орасида кўп худолик ҳукм сурар, ҳар бир қабиланинг сиғинадиган ўз санамлари мавжуд бўлиб, ўзига хос эътиқод қилиш тартиб-қоидалари шаклланган эди. Бу даврдаги арабларнинг маънавияти тубанлашиб, халқлар орасида майпарастлик, ахлоқий бузуқликлар ўрин ола бошлади. Энг ноҳуш, ва даҳшатли одатларидан бири қизларининг тириклайин кўмиш ҳам ана шу жоҳилия даврида татбиқ қилинган.
V-VI асрларда, ҳатто VII аср бошларида араб қабилалари ўртасидаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражаси бир хил эмас эди. Арабистон ярим оролининг иқлим шароити ноқулай қумли саҳролар ва тоғлардан иборат бўлиб, кўчманчи аҳолиси чорвачилик билан шуғулланар эди. Ярим оролнинг нисбатан яхши иқлим шароитига эга бўлган қисмида жойлашган. Яман қадимдан ривожланган қишлоқ хўжалик ва маданият марказларидан бири бўлган. Аммо ярим оролнинг шимолий қисмида жойлашган шаҳарларда кўчманчи-чорвачилик билан шуғулланиб, ҳаёт кечираётган араб қабилалари ўртасида қулдорлик муносабатлари эндигина ривожлана бошлаганди. Яманда эса қулдорлик тузуми тараққий этган, сўнгги қулдорлик давлати бўлган Химъярийлар подшолиги эрамизнинг II асрда ташкил топган ва VI аср бошларида таназзулга юз тутган. Лекин яриморолнинг бошқа ҳудудлари-сувсиз саҳролардан иборат бўлганлиги сабабли ўтроқ деҳқончилик фақат айрим жойларда саҳролар ўртасидаги онда-сонда учрайдиган кичик воҳалардагина бирмунча тараққий этган эди. Бу ерларда деҳқончилик ҳам ноқулай иқлим шароити туфайли ҳар томонлама чекланган эди, асосан хурмо ва арпа етиштириларди.
Яриморолнинг чексиз саҳроларида яшовчи, чорвачилик билан шуғулланувчи араб қабилалари-бадавийлар бундан ҳам оғир шароитда яшар эдилар. Улар ижтимоий тараққиёт жиҳатидан анча орқада қолган, тараққиётнинг уруғ-қабилачилик босқичида эдилар. Манбаларнинг кўрсатишича, VI аср охири-VII аср бошларида, яъни ислом вужудга келиши арафасида турли араб қабилаларининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражаси бир хил бўлмай, қийин аҳволда ҳаёт кечираётган қабилалар кўпчиликни ташкил этар эди.
Қадимий тараққиёт маркази бўлган Яманда ривожланган қулдорлик тузуми ҳукмрон бўлиб, ярим оролнинг шимолий қисмида жойлашган ва Византия ҳамда Эрон каби қадимий империя таъсири остида бўлган ҳудудлар савдо муносабатлари эндигина ривожлана бошлаган, саҳроларда кўчманчи чорвачилик билан шуғулланган араб қабилалари ўртасида патриархал, уруғ-қабилачилик тартиби ҳукмрон эди. Бу тартибнинг емирилиши ва синфий муносабатларнинг таркиб топиши даври эндигина бошланган эди.
Оғир иқлим шароити ва ишлаб чиқарувчи кучлар заиф ривожланганлиги сабабли Арабистон ярим оролида яшаган кўпчилик қабилалар тараққиёт жиҳатидан Миср, Византия, Эрон, Месопотомия каби қадимий маданият марказлари аҳолисига нисбатан анча орқада қолиб кетган эди. Ярим оролнинг ғарбий қисмида Қизил денгиз қирғоқлари бўйлаб чўзилган ва Ҳижоз деб ном олган ҳудуд бу даврда иқтисодий жиҳатдан бирмунча ривожланган. Бунинг сабаби сувли воҳаларда деҳқончилик билан шуғулланиш имконияти мавжуд бўлганлигидан ва жанубдан шимолга томон қадимий карвон йўли ўтганлигида эди. Тарихий манбаларга кўра, VI аср ўрталарида бу йўл жанубда Яман орқали Ҳабашистон ва Ҳиндистон билан, шимолда Сурия орқали Миср, Византия ва Эрон билан боғланган. Ўз даври учун катта иқтисодий аҳамиятга эга бўлган Ҳижоздаги айрим аҳоли манзиллари, шаҳарлар, хусусан йўл устида жойлашган Ясриб (Тоиф) шаҳри, VI асрда анча кенгайган ва гавжум савдо марказларига айланган эди.
Жоҳилия давридаги араб қабилаларининг фақат иқтисодий жиҳатдагина эмас, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам тенгсизлиги улар ўртасидаги муносабатларнинг мураккаб ва қийин аҳволга тушишига сабаб бўлди. Бадавлат қабилалар иқтисодий жиҳатдан заиф қабилаларга ўз таъсирларини ўтказиб, уларнинг арзон меҳнатидан фойдаланишдан ташқари ижтимоий ҳаётда ҳукмронликка ҳам даъво қилганлар.
Бу даврдаги оила, никоҳ, ижтимоий муносабатлар, фарзанд кўриш, тарбиялаш масалалари, диний эътиқод, пул муносабатлари (судхўрлик), маиший бузуқлик ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам қийинчиликлар, зиддиятлар бўлганки, улар ҳақида кейинги саҳифаларда батафсил тўхтаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |