Қалбаки дори воситаларининг стандартга мувофиқ келмаслик
кўрсаткичлари
Қалбакилаштирилган дори воситалари меъёрий ҳужжатларнинг асосан бешта кўрсаткичи талабига жавоб бермайди: “Жиҳозлаш”, “Ёрлиқланиши”, “Ташқи кўриниши”, “Чинлиги” ва “Таъсир этувчи моддалар миқдори”.
Дори воситасининг биринчи учта кўрсаткич бўйича стандартга мувофиқ келмаслигини кўз билан кўриб аниқлаш мумкин. Қуйида қалбакилаштиришнинг тез-тез учрайдиган белгиларини келтирамиз.
“Ёрлиқланиши” бўйича қалбакилаштирилган дори воситаларининг асл нусхалардан асосий фарқланадиган белгилари қуйидагилар: кўп ҳолларда ёрлиқларнинг ксеронусха бўлиши, штрих-кодлари, ишлаб чиқарувчи корхонанинг номи, қайд этиш рақами бўлмаслиги, ёзувларнинг ноаниқ ва нотекис бўлиши, айрим ҳолларда грамматик ҳатоликлар учрайди ёки айрим ҳарфлари белгиланган тартибда босилмаганлигидир.
“Жиҳозлаш” кўрсаткичи бўйича қуйидаги белгилар билан фарқланади: иккиламчи жойлаш қутисининг нотекис елимланганлиги, “ишлатиш бўйича йўриқнома”нинг қутиларга аксарият ҳолда нотекис жойлаштирилганлиги.
“Ташқи кўриниши”кўрсаткичи бўйича дори шаклининг ранги оригиналдан фарқ қилади, кўп ҳолларда тўқроқ, таблеткаларнинг юзасида ёт доғларнинг бўлиши, ампулалар ностандарт, турли ўлчамларда бўлиши, бир хил тўлдирилмаганлиги ва нуқсонли қавшарланиши, ёрлиқларнинг нотекис елимланиши мумкин.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикасида аниқланган қалбаки дори воситаларининг салмоғини қуйидагича тақсимлаш мумкин:
Ташқи кўриниши, қадоқлаш иши ва ёрлиқланиши - 56%
Чинлиги - 36%
Миқдорий тахлили - 6%
Бошқа кўрсаткичлар - 2%.
Юқори технологиялар ёрдамида ишлаб чиқарилган қалбаки дори воситаларини фақат мутахассисларгина асл нусхадан фарқлай оладилар, чунки улар махсус аниқланадиган айрим кўрсаткичлар билан фарқланадилар. Бундай қалбаки дорилар дорихона тармоғида тез-тез учраб туради.
Барча дори воситаларини қалбакилаштириш ҳолатлари “Дори-дармон” ДАА тизимидаги назорат - аналитик лабораторияда, ҳамда Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармасининг сертификатлаштириш идораси томонидан аниқланади. Қалбаки дори воситаларининг асосий қисми республикамизга хориждан кириб келади (Хиндистон, Хитой, Польша ва МДХ мамлакатларидан). “Плива”, “Авентис”, “Эбеве”, “Новартис”, “Элай-Лилли” ва бошқа хорижий ишлаб чиқарувчи фирмаларининг қалбаки дори воситалари ҳам Ўзбекистонда аниқланган. Шу билан бирга, Россиянинг “Биосинтез” ОАЖ, “Красфарма” ОАЖ, “Биохимик” ОАЖ, “Ай Си Эн Томск химфармзавод” ОАЖ каби ишлаб чиқарувчи фирма- ларининг қалбаки дорилари ҳам фармацевтик бозоримизда учрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |