8-мавзу. Овқатланиш корхоналари ходимлари шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар
Режа:
1. Ходимларни ишга қабул қилиш
2. Ходимлар шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар
Таянч иборалар:
Тиббиёт кўриги; катта тиббиёт кўриги; таомлар тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган ишлар; яхлит тери; тирсак; бриллиант малҳами ва стерил бинт; оғиз бўшлиғи; соч; соқол – мўйлов; кийимлар комплекти; махсус оёқ кийими; ёқа; манжет; оёқ кийимлари; сочиқ
8.1. Овқатланиш корхоналарида ишга қабул қилиш
Фақат тозаликни таъминлаш овқатланиш корхоналарида ишлаб чиқарилаётган ярим тайёр маҳсулотларнинг, тайёр таомларнинг микроорганизмлар билан ифлосланмаслигинии кафолатлай олмайди, чунки микроорганизмлар тайёр маҳсулотларга корхона ходимларидан ҳам ўтиши мумкин. Шу боисдан ҳам, биринчидан, овқатланиш корхоналарига қабул қилинадиган ходимлар соғлом бўлишлари, иккинчидан, иш фаолиятида шахсий гигиена талабларига қатьий риоя қилишлари лозим.
Санитария қоидаларига кўра ходимлар овқатланиш корхоналарига тиббиёт кўриги натижаларига қараб қабул қилиниши, ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатаётган ишчи – ходимлар эса вақти – вақти билан тиббиёт кўригидан қайта ўтиб туришлари шарт.
Овқатланиш корхоналарида ишлашни хоҳловчи кишилар жойлардаги белгиланган тиббиёт муассасаларида гижжалар ва ички юқумли касалликлар бўйича умумий терапевт кўригидан ўтади. Бундан ташқари, корхона раҳбари (ёки корхона соҳиби) ошпазлар, ошпаз – қандолатчилар, буфетчилар ва қозон товоқларни ювадиган, маҳсулотларга ишлов берадиган ва тайёр маҳсулотларни қадоқлайдиган ходимлар қўшимча дермавенеролог кўригидан ҳамда гонококк (сузак) ва сифилис касалликлари бўйича лаборатория текширувларидан ўтишлари лозим.
Овқатланиш корхоналарида ишлаш учун тиббиёт ташкилотининг маълумотномасига кўра, яъни кўрикдан ўтган кишилар, қабул қилинади ва санитария бўйича ўқитилади ва имтиҳон топширишади. Ўпкасида ва ўпкадан ташқари органларида актив шаклдаги сил касалликлари, терисида йиринглайдиган, кучли кечадиган ичак касалликлари, юқумли шаклдаги тери, сифилис ва кучли сўзак касалликлари билан касалбанд ҳамда мохов кишиларга умумий овқатланиш хоналарида ишлаш учун рухсат берилмайди.
Умумий овқатланиш корхоналарининг ишлаётган ходимлари иш фаолиятлари даврида жойлардаги санитария органлари томонидан белгиланган муддатларда мажбурий равишда тиббиёт кўригидан қайта ўтказилади. Тиббиёт кўригидан қайта ўтишда ич терлама, паратиф, ичбуруғ, дифтерия (буғма) касалликлари топилган ходимлар овқатланиш корхоналарида ишлашдан вақтинча четлаштирилади. Худди шунингдек, бирга яшайдиган оиласида бирон киши ич терлама, паратиф, ичбуруғ, дифтерия, скарлатина (қизилча) касалликларидан бирига учраганда ҳам касалнинг шифохонага ётқизилиб, соғайганлиги ва бундай юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича оилада тиббий тадбирларнинг ўтказилганлиги тўғрисида маълумотнома келтирмагунча ходим ишга қўйилмайди. Худди шунингдек, шамоллашдан (тумов, ангина ва ш. ў.) кейин ҳам озиқ – овқат саноати, айниқса овқатланиш корхоналарида фақат тиббиёт ходимларининг тавсияси бўйича ишни бошлаш мумкин.
Сурункали кечадиган касалликларга йўлиққан овқатланиш корхоналари ходимларини озиқ – овқат хом ашёларини ташиш, сақлаш, уларга ишлов бериш ва таомлар тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган ишларга ўтказиш зарур.
Овқатланиш корхоналарида ишлаш учун қабул қилинган ходимлар махсус санитария китобчаси билан таъминланади. Унда тиббиёт кўриги натижалари ва юқумли касалликларга қарши эмлашлар ёзилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |