Бош вазир, ички ишлар вазири, 2-чақириқ Давлат Думасининг аъзоси, Муваққат ҳукумат Туркистон комитетининг аъзоси, темир йўл муҳандиси.
Ислом Султон Шоаҳмедов (Шагиахмедов) – Бош вазир ўринбосари, Бутунроссия Мусулмонлари Кенгаши Марказий қўмитасининг аъзоси, ҳуқуқшунос.
Мустафо Чўқай – ташқи ишлар вазири, Муваққат ҳукумат Туркистон комитетининг аъзоси, Туркистон ўлка Мусулмонлар Шўросининг раиси, ҳуқуқшунос.
Убайдулла Хўжаев (Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев) – ҳарбий вазир, Бутунроссия Мусулмонлар кенгаши Марказий қўмитасининг аъзоси, ҳуқуқшунос.
Ҳидоятбек Юрғули (Юрали) Агаев – ер ва сув бойликлари вазири, агроном.
Обиджон Маҳмудов – озиқ-овқат вазири, Қўқон шаҳри думасининг раис ўринбосари, жамоат арбоби
Абдураҳмон Ўрозаев – ички ишлар вазирининг ўринбосари, ҳуқуқшунос.
Соломон Абрамович Герцфельд – молия вазири, ҳуқуқшунос.
Муваққат ҳукумат таркибига кириши лозим бўлган қолган 4 ўрин европалик аҳоли вакиллари орасидан номзодлар кўрсатилиши учун уларга ажратилди.
Қурултой тугагач, 1 декабрда Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати аъзолари (барча 8 киши) имзолаган махсус Мурожаатнома эълон қилинди. Ушбу Мурожаатномада Туркистондаги барча аҳоли: ирқи, миллати, дини, жинси, ёши ва сиёсий қарашларидан қатъий назар, улар якдиллик ва ҳамжиҳатликка даъват этилган эди. Шунингдек, Туркистон Мухторияти ҳукуматининг Миллий давлатчиликнинг қарор топишини жўшқин муборакбод этиб, матбуотда таниқли маърифатпарварлар, диний, жамоат ва сиёсат арбоблари бирин-кетин чиқишлар қилиб, Мухториятни табрикладилар. Ўша пайтда чоп этиладиган “Улуғ Туркистон” газетаси саҳифалари Қўқон, Самарқанд, Тошкент, Каспийорти вилоятидан Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватловчи хабарлар билан тўлиб тошган эди.
Янги ҳукумат фаолияти фақат Қўқонда ёки Фарғона водийсида эмас, балки бутун Туркистон минтақасида яшаётган туб ер аҳолиси томонидан қизғин қўллаб-қувватланганлиги боис, Туркистон Мухторияти ҳукумати қисқа муддат ичида халқ орасида катта эътибор қозонди. Шунинг учун ҳам маърифатпарвар Фитрат Мухторият эълон қилинган тунни “Миллий лайлатулқадримиз” деб атади.
Халқ оммасининг қизғин қўллаб-қувватлашидан илҳомланган Мухтор ҳукумат вакиллари жадал фаолият бошладилар. Дастлабки кунлардан бошлаб Миллат мажлиси томонидан тасдиқланган қонунлар эълон қилиниб, янги ҳукумат давлат Конституциясини тайёрлаш учун таниқли ҳуқуқшуносларни жалб этди. Бир нечта ҳукумат газеталари ўзбек, қозоқ ва рус тилларида нашр этила бошланди. Шунингдек, ҳукумат миллий қўшинни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратди. Ҳарбий вазир Убайдулла Хўжаев иштирокида ўтказилган кўрик-парад вақтида аскарлар сони 2000 нафарга етган. Бундан ташқари Қўқонда Эргаш қўрбоши раҳбарлик қилган икки мингга яқин миршаблар ҳам бор эди.
Янги ҳукумат иқтисодий соҳада 30 миллион сўм миқдорида ички заём чиқаришни йўлга қуйди. Чунки газеталарни нашр қилиш, мухторият қўшинларининг таъминоти ҳамда ҳукуматнинг ички ҳаражатлари учун маблағ зарур эди. Шунингдек, янги ҳукумат аъзолари очлик гирдобида қолган Туркистон аҳолисига Оренбург орқали ғалла келтириш муаммосини ҳал қилиш учун ҳам амалий қадамлар ташлади.
Аммо, умумхалқ томонидан қўллаб-қувватланган Туркистон Мухторияти большевиклар томонидан маъқулланмади. 1917 йил 13 декабрда Тошкентнинг эски шаҳар аҳолиси “ Мухтор Туркистон учун” шиори остида тинч намойиш ўтказдилар. Тошкент шаҳар советидаги большевиклар эса, шаҳарда қуролли куч билан тартиб ўрнатишга буйруқ бердилар. Натижада тинч намойиш қатнашчилари ўққа тутилиб, 16 киши ҳалок бўлди.
Шунга қарамасдан, Мухторият ҳукуматини қўллаб-қувватлаш давом этаверди. Хусусан, 1917 йил 26-30 декабр кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган мусулмон ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари I фавқулодда қурултойининг ҳам асосий масаласи Туркистон мухториятига муносабат масаласи эди. Бутун Туркистон ўлкасидан 200 яқин вакиллар қатнашган ушбу қурултой 30 декабрда Туркистон мухторияти ҳукуматини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Туркистон ўлкаси Халқ комиссарлари Советига ишончсизлик билдириш ҳақида қабул қилган декларациясида қуйидаги фикрлар бор эди: “Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети барча аҳоли айниқса, мусулмонлар ҳоҳиш-истакларининг ифодачиси эмаслиги; Туркистон ўлкаси халқлари иродаси икки қурултойда мухторият эълон қилинганида ифодаланганлиги; Туркистонда ягона ҳукумат органи бутун мусулмонларнинг қурултойида ташкил топган ва мусулмон ишчи, аскар ва деҳқонларнинг қурултойида тўлдирилган Туркистон Мухторияти ҳукумати эканлигини эътиборга олиб, Мусулмон ишчи, деҳқон ва аскарлар қурултойи Туркистон Халқ Комиссарлари Советига ҳокимиятни дарҳол Туркистон Мухторияти ҳукумати ва Миллат Мажлисига топширилсин деб истак билдиради”.
Таъкидлаш лозимки, янги давлатчилик барча миллий гуруҳларнинг мутаносиблиги принциплари, умумдемократик ва миллий қадриятларнинг ўзаро уйғунлиги асосида барпо этилган эди. Юқорида қайд этилганидек, Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати аҳолини озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж маҳсулотлари билан таъминлаш, ўз молиявий жамғармасини яратиш, турли-туман сиёсий партиялар ва ҳаракатлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаларини ҳал қилиш юзасидан қизғин ҳаракатларни амалга ошира бошлаган эди. Совет ҳокимиятидан фарқли ўлароқ, Туркистон Мухторияти ҳукумати қонуний асосда ташкил этилган эди. Туркистон Мухторияти ҳукумати кенг мусулмонлар оммаси ва демократик кайфиятдаги европалик аҳолининг ваколатини олган эди. Шунинг учун ҳам айтиш мумкинки, Туркистон Мухторияти ўз тақдирини ўзи белгилаган халқ республикаси эди.
Аммо, ўлка большевиклари Туркистон Мухторияти ҳукуматига катта хавф деб қарадилар. 1918 йил 19-26 январ кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ўлкаси ишчи, солдат ва деҳқон депутатларининг фавқулодда IV съездида Мухториятга бутунлай салбий муносабат билдирилди. Ушбу съезд Туркистон Мухторияти ҳукумати ва унинг аъзоларини қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. Съезд большевиклар фракциясининг Туркистон Мухторияти тўғрисидаги резолюциясини қабул қилди. Ушбу резолюцияда Туркистон қонуний ҳукумати мунофиқларча “қорагуруҳчилар тўдаси” деб аталди. Бу ҳам етмагандек, бу съезд большевикларнинг тазйиқи остида қонуний кучга эга бўлган, туб ерли аҳоли манфаатларининг ҳимоячиси бўлиб майдонга чиққан ўлкадаги илк демократик ва халқчил ҳукумат- Туркистон Мухторияти устидан шафқатсиз ҳукм чиқарди.
1918 йил 30 январда Туркистон ХКС Мухторият ҳукуматини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Туркистон большевиклари бунинг учун қизил аскарлардан ташқари арманларнинг “Дашноқцутюн” партияси аъзоларидан тузилган бешафқат қуролли дружиналаридан ҳам кенг фойдаландилар.
31 январ куннинг иккинчи ярмида бошланган жанглар бир неча кун давом этди. Қон тўқилишини олдини олиш мақсадида музокаралар олиб бориш ҳаракатлари натижа бермади. 1918 йил 19 февралда Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган Туркистон Мухторияти ҳукумати большевикларинг қонли ҳужумлари натижасида ағдариб ташланди. Ҳукумат бошлиғи Мустафо Чўқай шаҳарни тарк этиб, яширинишга мажбур бўлди. Вазирларнинг айримлари ҳалок бўлди, айримлари қўлга олинди. Даҳшатли жанглар ва талон-тарожлар натижасида 10000 қўқонлик ўлдирилди.
Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ағдарилиши туркистонликлар томонидан Россиянинг Туркистонга нисбатан тажовузкорона режалари мавжудлигининг янги далили сифатида қабул қилинди ва улар қўлларига қурол олиб ўз Ватанларини босқинчилардан ҳимоя қилишга отландилар. Бу билан Туркистонда советларга қарши истиқлолчилик ҳаракатига асос солинди.
|
Do'stlaringiz bilan baham: |