Кредит пуллар. Хўжалик юритиш амалиётида товар муносабатлари умумий тус олган шароитда тижорат ва банк кредити қўлланилишининг кенгайиши шунга олиб келдики, ўз функциялари, муомала соҳаси (чегаралари), кафолатлари ва шу кабиларга кўра оддий пуллардан фарқ қиладиган ва мутлақо бошқача қоидалар билан бошқариладиган кредит пуллар умумий товар бўлиб қолади. Кредит пуллар ижтимоий-иқтисодий жараённинг бирмунча ривожланган, олий соҳасига хосдир. Улар капитал ишлаб чиқаришни тўлиқ эгаллаган ва унга олдингисидан бошқача, ўзгартирилган ва ўзига хос шаклни берганида вужудга келади.
Товар-пул муомаласининг ривожланишига қараб тўловнинг пул шакли тобора ўткинчи бўлиб бораверади. Айни бир вақтда товарларнинг ҳаммаси тобора кўпроқ нафақат пуллар орқали, балки бевосита ишлаб
чиқариш жараёнида ижтимоий эътирофга сазовор бўлади. Шу муносабат билан кредит пуллар капиталистик формациягача бўлган даврдаги каби товар-пул шаклида муомаладан эмас, балки ишлаб чиқаришдан, капиталнинг айланишидан ўсиб чиқади. Пул капитал, бинобарин, кредит пуллар шаклида иш юритади.
Кредит пуллари эволюцияси: вексель, банкнота, электрон пуллар, кредит карточкалари.
Вексель - қарздорнинг ёзма мажбурияти (оддий вексель) ёки кредиторнинг қарздорга векселда ёзилган суммани муайян муддатдан кейин тўлаш тўғрисидаги буйруғи (ўтказма вексель – тратта). Оддий ва ўтказма векселлар – булар тижорат вексели, яъни савдо битими асосида вужудга келадиган қарз мажбуриятининг турларидир. Шунингдек, молиявий векселлар, яъни муайян суммадаги пулларни қарзга беришда келиб чиқадиган қарз мажбуриятлари ҳам амал қилади. Ғазна векселлари уларнинг бир туридир. Бундай вексель ҳукуматнинг қисқа муддатли қоғози бўлиб, унинг амал қилиш муддати бир йилдан ошмайди (одатда 3-6 ой бўлади). Бу ерда давлат қарздор ролини бажаради. Дўстона векселлар – пулсиз, реал тижорат битими билан боғлиқ бўлмаган, контрагентлар томонидан бундай векселларни банкларда ҳисобга олиш йўли билан пулларни олиш мақсадида бир-бирига ёзиб берадиган векселлардир.
Векселнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагилардир:
а) абстрактлик (векселда битимнинг аниқ тури кўрсатилмаган);
б) мунозарасизлик (нотариуснинг норозилик ҳақидаги далолатномани тузганидан кейин то мажбурловчи чораларни қўллашгача қарзнинг мажбурий равишда тўланиши);
в) айланишлик (векселнинг тўлов воситаси сифатида унинг орқа томонида бериш ҳақидаги ёзувни ёзиб (жиро ёки индоссамент) бошқа шахсларга берилиши. Бу вексел мажбуриятларининг ўзаро ҳисобга олиниш имкониятини яратади).