ҲАВАСКОРНИНГ МУСТАҚИЛ МАШҒУЛОТИ
Раққосанинг мустақил машғулотларида рақс санъатига бўлган онгли муносабати етакчи ўринни эгаллайди. Рақс ижросини ўрганиш жараёнида мунтазам равишда амалга ошириладиган уй машғулотларининг аҳамияти жуда каттадир. Бундай машғулотлар давомида раққосада меҳнатга бўлган онгли муносабат шакллана боради. Раққосага мустақил ишлаш учун қанча эрта имконият яратилса, унинг натижаси шунча эрта кўзга ташланади.Яна асосий принциплардан бири машғулотнинг мунтазамлилигидир. Раққосалар ўз фаолиятларининг дастлабки даврлариданоқ мустақил машқ қилишнинг мунтазамлилигига кўникма ҳосил қилиши керак, Мунтазам машғулот олиб бориш одатда қийин бўлса ҳам аста-секин одат тусига кириб боради ва раққосанинг ўзи машғулотни ўз хоҳиши билан бажаришга ўрганиб колади. Мустақил иш пайтида раққосанинг эътиборини, диққатини конкрет вазифага қаратиш керак. Айрим ижрочилар берилган вазифани тайёрлаб келмаслик ҳоллари ҳам учраб туради. Бу раққосанинг машғулотга ёмон муносабати ёки дангасалигидан эмас, балки берилган вазифани охиригача тушунмаганлиги, ҳаракатларни ўрганишга қандай ёндошиш кераклигини билмаганлигидадир.
Ижрони ўрганиш учун айтилган камчиликларни бартараф этишда вазифа раққосага батафсил тушунтирилмоғи, унинг имкониятлари ҳисобга олинмоғи лозим. Баъзан, ижрочилар мустақил машғулот билан шуғулланаётган пайтда саҳналаштирилган рақсни бошидан охиригача кўп маротаба такрорлайверадилар. Бунда машғулот қуруқ ва сохта бўлади. Рақснинг маъноси, ўзига хос хусусиятлари тўла ва аниқ таҳлил қилинмайди. Рақс балетмейстер оддида номига ижро этиб бера олиш учунгина юзаки такрорланади. Охир-оқибат ижрочи сохта рақсдан зерикади, хафсаласи кетиб кўнгли совийди. Ўз-ўзидан маълумки, бундай машғулотлардан бирор натижа чиқиши қийин. Раққосалар мустақил машғулот пайтида ўз-ўзини назорат қила олишлари керак.
Масалан, рақс ҳаракатларининг бирортаси нотўғри ўрганилган бўлиши мумкин, буни раққоса сезмайди ёки бирор ижро услуби нотўғри бажарилади, бу ҳам раққоса назаридан четда қолади. Бундай камчиликларни балетмейстер раққосага тушунтиради. Мустақил иш пайтида ўзини назорат қилиб, шу камчиликларни бартараф этиш учун ҳаракат қилишга эришилмоғи керак,
Мустақил машғулот қандай тузилмоғи керак? У нималардан иборат бўлади?
Юкорида айтиб ўтганимиздек, мустақил машғулот учун берилган вазифа қанчалик аниқ бўлса, раққосанинг мустақил машғулоти осон кечади. Мустақил машғулот маълум режа асосида олиб борилса, яхши натижага эришиш мумкин.
Қуйида мустақил машғулот учун тахминий вақтни келтирамиз:
1. Ҳолатлар, ҳаракатлар, айланишларни бажариш— 10-15 дақиқа.
2. Рақс ижроси устида ишлаш. Қийналиб бажараётган ёки
камчиликлари айтилган ҳаракатларни тозалаш— 15-20
дақиқа.
Рақсни бошидан охирагача бутун маҳоратини ишга
солиб қайта-қайта такрорлаш — 15-20 дақиқа.
Бу машғулотлар давомида дам олиш учун ҳам 5 дақиқа
вақт ажратиш керак.
Келтирилган вақтлар тахминий бўлиб, уни раққосанинг имкониятларига қараб камайтириш ёки кўпайтириш мумкин. Ушбу тахминий вақт 45-60 дақиқани ташкил этяпти. Машғулотлар мунтазам равишда олиб борилса, кўзланган мақсадга эришмоқ, мумкин. Рақс ижроси билан мустақил ишлаш жараёнида раққоса ҳам ақлан, ҳам жисмонан чарчаши мумкин, унинг дам олишига бир оз вақт ажратилиш лозим. Акс ҳолда ижронинг сифати ёмонлашиб, хато ва камчиликларга кўпроқ йўл қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |