Раҳбар ва Лидер
Ушбу воқеа бундан олти аср муқаддам, яъни XV асрда бўлиб ўтган.
Иккита катта кема Европадан Осиёга қараб йўлга чиқади. Икки кеманинг
ҳам ўз капитанлари, яъни раҳбарлари бор эди. Аввал биринчи кема
воқеаси билан ҳикоямизни бошласак.
Биринчи кема капитани Джон жуда қаттиққўл эди. У ҳар доим барча
кема аъзоларини назорат қилар, бир сония ҳам ҳеч кимни ишсиз
қолдирмасликка ҳаракат қиларди. Унинг бошқарув фалсафаси - ходимлар
ҳар доим ҳаракатда бўлиши, ҳеч кимнинг бир сония ҳам бўш вақти
бўлмаслиги, кема аъзоларида доимий қўрқув бўлиши, бу - натижа беради,
деган фикрда эди. Ҳақиқатдан ҳам, бу ўз натижасини берарди – кемада
қатъий тартиб-интизом ҳукмрон, ҳаммаёқ ҳар доим топ-тоза, ҳар ким ўз
ишини билиб қилар, жамоа кун-у тун банд, 24 соат ҳаракатда эди.
Бироқ, ҳар доим жамоа аъзоларининг кўнгилларида яширин қўрқув
ҳукмрон эди. Ушбу кемада анъаналар устунлик қилар эди, ҳеч ким ҳеч
қачон ўз ташаббуси билан янгилик қилишга ҳаракат ҳам қилмас эди.
Сабаби ташаббус жазоланарди.
Кема сафарнинг 11 куни қаттиқ тўфонга дуч келади. Кечаси билан
кема бортидаги барча матрослар тўфон билан курашди. Табиат инсон
кучидан устунлик қилди ва кема сув тубига ғарқ бўлди. Кема аъзоларининг
барчаси тирик қолди, сабаби тўфон шундоққина кичик бир оролча ёнида
содир бўлганди. Шу оролча кема аъзоларининг жонига оро кирди ва
уларнинг тирик қолишига хизмат қилди. Тонгда кема капитани оролни
айланиб чиқди ва барча жамоани йиғиб мажлис ўтказди. Унда кечаги
тўфондан сўнг бор-йўғи 5 кунлик озиқ-овқат заҳираси қолгани ва бу ердан
тез кетиш тараддудини кўриш лозимлигини айтди. Энг яқин инсонлар
яшайдиган катта оролга етиб боришлари учун вақтинчалик кема қуриш
кераклиги ва бу ишни 3 кунда амалга ошириш лозимлигини таъкидлади.
Барчага иш бўлиб берди, ўзи уларни қаттиқ назоратга олишни бошлади.
Икки кунлик тинимсиз меҳнатдан сўнг ҳамма чарчади ва капитандан бироз
дам олишга рухсат сўрашди. Бироқ тушунтириш ва уринишлар зое кетди.
Капитан фақат олға, деб бақирар, бир сония ҳам ҳеч кимга тиним
бермасди. Учинчи куни кечаси ҳамма чарчаган, ҳолдан тойган ҳолда зўр-
базўр ишлар эди. Бир чол кемани энг нозик жойи бўлган пастки қисмини
рандалаётганда кўзи кетиб қолди ва ёғочни қалинлигини керагидан ортиқ
юпқа қилиб қўйди. Учинчи кун капитан таъкидлаганидек, кема ҳам тайёр
бўлди. Уни текширишга ҳам вақти бўлмади ва барчага тез кемага чиқишга
топшириқ берди. Капитан ўзининг қаттиққўллигидан хурсанд эди, чунки у
ўз натижасини берган эди, яъни 5 кунда тайёр бўлиши керак бўлган
кемани 3 кунда тайёрлатган эди...
Ҳикоямизни навбатдаги қаҳрамони бўлган иккинчи кема
саргузаштлари билан давом эттирсак.
Демак, иккинчи кема ҳам денгизга савдо-сотиқ учун йўлга чиққан
эди. Кема капитани шотландиялик Аллан эди. У хақиқий лидер эди, яъни
ҳар доим жамоаси учун қайғурадиган, унинг учун шахсий ютуқдан кўра
жамоавий ютуқлар муҳим эди. Жамоасини қийин вазиятлардан ақл-
заковати билан олиб чиқар ва сафдошлари у билан ҳар қандай
қийинчиликлардан асло қўрқмасди, чунки уларнинг капитани ҳақиқий
етакчи эди. Жамоа аъзолари бир-бирлари билан маданиятли, зиёли
кишилардек муносабатда бўлишар, кемада ҳар доим юқори кайфият,
дўстона муҳит, хурсандчилик авжида, ҳамма ўз ишини билиб қилган,
тозалик ва тартиб ҳукмрон эди.
Сафарнинг 9 куни қаттиқ шамол ва тўфон бошланди. Жамоа
нечоғли ҳаракат қилишмасин, фойдаси бўлмади - кема кичик бир
оролчага бориб урилди ва денгиз сатҳига ғарқ бўлди. Тонгда барча кема
аъзолари оролчада ётишарди. Ҳамманинг кўнглидан фақат бир ҳадик
ўтарди: нима энди шу оролчада ўлиб кетамизми?!
Капитан Аллан оролни кўздан кечириб чиқиб, бу ерда яшаш учун
ҳеч қандай имконият йўқлигини тушунган эди. У ҳаммани ўз олдига йиғди
ва баланд овозда жамоасига мурожаат билан чиқди.
“Ҳурматли кемамиз аъзолари. Биз-биримизни кўп йиллардан бери
таниймиз. Биз бир жамоа, бир тан-у бир жон бўлиб кетганмиз. Ҳаётимиз
давомида жуда кўп қийинчиликларни кўрганмиз ва уларни биргаликда
енгиб ўтганмиз. Бугун Худо бизни яна бир синовга дучор қилди. Бизнинг
олдимизда иккита йўл мавжуд.
Биринчиси, заҳирамизда 5 кунлик озиқ-овқат бор, тақдирга тан
берамиз ва 5 кун бор заҳирамиз билан озиқланамиз. Олтинчи куни оч
қоламиз. 8-куни очлик бизни ҳайвонга айлантиради. 9-куни кучлилар
кучсизларни ейишни бошлайди. 11-куни кучлилар бир-бирини ейишни
бошлайди. 14-куни энг кучлимиз ёлғизликда, азобда, қийналиб ўлади.
Келажакда фарзандларимиз бизларни қидириб келишади ва бизни
тақдиримизни кўриб ҳайратланади ва бизнинг фарзандимиз бўлганидан
минг марта афсусланади ҳамда биз тарихда “ваҳшийлар” деган ном
оламиз”.
Иккинчи йўлимиз. Биз бор ақлимиз, салоҳиятимиз ва кучимизни
бирлаштирамиз ва янги кема ясаймиз. Бу ерда катта дарахтлар мавжуд.
Шундай
кема
ясаймизки,
биздан
сўнг
у
фарзандларимизга,
авлодларимизга мерос бўлиб қолсин. Ушбу кема келажак авлод учун
бизнинг жамоамизнинг нақадар мустаҳкам бўлганини эслатиб турсин.
Тасаввур қилинг, биз яна океанга қайтамиз, сув шовқини, юзингизга уриб
турган шабадани ҳис қилинг. Марҳамат, келинглар келишиб икки йўлдан
бирини танлайлик. Ҳамма ўз фикрини айтишга ҳақли”.
Барча бир овоздан иккинчи йўлни, яъни янги кема ясашни
танлашди ва ўзлари билиб-билиб, ишни бошлашди. Кема Лидери Аллан
ҳам енг шимариб барча қатори меҳнат қилар, керакли жойда жамоа билан
маслаҳатлашар эди. Тўртинчи кун кема тайёр бўлди, уни сувга тушириб
текширишди. Ушбу кема аввалги кемадан анча ишончли эди. Кема ўз
манзили сари йўлга отланди.
Демак, биринчи капитан, яъни қаттиққўл раҳбар Джон ҳикоясига
қайтамиз. Денгизга чиққанининг иккинчи куни кемани пастки қисмидан сув
ўтишни бошлабди. Барча тушуниб етди - дам олишсиз, шошма-шошарлик
билан ясалган кема сифатсиз эди. Учинчи куни кема денгиз сатҳига барча
аъзолари билан ғарқ бўлибди...
Иккинчиси – Аллан бошчилигидаги кема эса манзилга шамол
тезлигида етиб борибди. Ушбу мустаҳкам кема йиллар давомида хизмат
қилибди. Энг қизиғи, бу кема ҳозир ҳам Шотландияда сақланяпти. Ҳар
йили Аллан каби ажойиб Лидер ва унинг мустаҳкам жамоасининг
шарофати билан яратилган кемани кўришга миллионлаб туристлар
ташриф буюришади. Капитан Аллан айтганидек, бу кема неча асрлардан
буён авлодларга хизмат қилмоқда.
Сўнгги сўз ўрнида...
Ҳар бир раҳбар ўйлайдики, қаттиқўллик, доимо назоратда ушлаш -
бу ўз натижасини беради. Тўғри, натижа беради, бироқ у ташкилотда
янгилик, креативлик ва инновация бўлмайди.
Лидер бор ташкилотда ҳар бир жамоа мақсадни билади. Унга
етишиш учун бор кучи билан хизмат қилади. Унинг устидан 10 нафар
назоратчи керак эмас, у кутиб ўтирмайди - қачон раҳбар хонасининг
чироғи ўчишини ва ортидан кетишни. Унинг учун назоратчи, бу - унинг ўз
виждонидир.
Агар сиз ташкилотингизда янгилик ва инновация бўлишини
хоҳласангиз, унда қўл остидагиларингиз билан шундай муносабатда
бўлингки, улар ўзларини ташкилотнинг бир қисми эканлигини ҳис қилсин,
ўз келажагини ташкилот келажаги билан боғлай олсин. Ана шунда меҳнат
жамоангизнинг муваффаққиятли натижалари сизни қувонтириёши
шубҳасиз.
Хулоса: Сиздан....
Савол Сиз кимсиз? Раҳбар ёки Лидер
Муаллиф:
Отабек Хасанов, сиёсий фанлар доктори (PhD)
Do'stlaringiz bilan baham: |