Муфассал қидирув ишлари.
Қурилаётган иншоотлар кўлами катта бўлса ва керак бўладиган фойдали қазилмалар ҳажми 50000 м3 дан ошса, у вақтда муфассал қидирув ишлари бажарилади.
Муфассал қидирув ишлари натижасида фойдали қазилма захираси хисобларда аниқлаштирилди, қўшимча геологик ва гидрогеологик маълумотлар тўпланади ҳамда материаллар сифати чуқурроқ ўрганилади. Бунинг учун шурф ва қудуқлар сони кўпайтирилади, улар орасидаги масофа камайтирилади (20-30 м), чуқурлиги оширилади.
Қудуқ ва шурфлар сонининг ошиши фойдали қазилма майдон чегарасини аниқроқ ўтказиш, фойдасиз ва фойдали қатламлар қалинлигини тўғрироқ аниқлаш ва хом ашё захирасини жуда ҳам аниқ ҳисоблаш имкониятини яратади.
Муфассал қидирув ишлари натижасида фойдали қазилмалар конларининг захираси аниқ ҳисобланади. Қурилиш хом ашёли конлари захираси қидирув ишларининг даражасига, сифатининг ўрганилганлиги ва қазиб чиқариш шароитларига караб А, В, С1 ва С2 категорияларга бўлинади.
А категорияли захираларга тўлиқ қидирув қилинган ва ўрганилган, тузилиши, шакли, сифати, ётиш ва қазиб олиш шароити аниқланган қурилиш хом ашё конлари киради. Бу конларнинг чегараси тўлиқ аниқланиб, захирасини ҳисоблашдаги хатолик 10-15% дан ошмаслиги керак.
В категорияли захираларга мукаммал қидирув қилинган ва ўрганилган, тузилиши, шакли, сифати ва ётиш шароитларининг асосий хусусиятлари аниқланган қурилиш хом ашё конлари киради Уларнинг жойланиши тахминан аниқланган бўлиб, захирасини ҳисоблашдаги хатолик 20-40% гача бўлиши мумкин.
1. категорияли захирага қидирув қилинган ва ўрганилган ётиш шароити, шакли, тузилиши, сифати қазиб олиш шароити тахминан аниқланган фойдали қазилма конлари киради. Захирасини ҳисоблашдаги хатолик 40-50% ни ташкил қилади. Коннинг жойлашиш чегараси оз сонли бурғу қудуқлари ва геологик, геофизик маълумотларни экстраполястия қилиш ёрдамида аниқланади.
2. категорияли захирага ётиш шароити, шакли ва фойдали қазилманинг тарқалиш майдони адабиёт ва қисман геологик, геофизик маълумотлар асосида тахминан аниқланган фойдали қазилма конлари киради. Хом ашё сифати айрим жойларда қазилган бурғу қудуқларидан олинган намуналаридан аниқланган.
Коннинг жойланиш чегараси геологик хариталар ва кесмалар ёрдамида белгиланади.
Муфассал қидирув ишларини бажаришда қурилиш хом ашё сифати янада чуқурроқ ўрганилади, қўшимча олинган намуналарни лабораторияда синчиклаб текшириш йўли билан хом ашё сифати тўлиқ аниқланади.
Ҳамма дала ишлари тугаллангандан сўнг худди дастлабки қидирув ишлари натижасида тузилганидек қилиб ҳужжатлар тайёрланади. Ҳужжатларда келтирилган маълумотлар аввалги қидирув ишлари натижаларига нисбатан аниқлиги ва мукаммалиги билан ажралиб туради. Шунингдек, хар бир фойдали қазилма конлари бўйича тушунтириш тексти ёзилади. Бу маълумотлар табиий қурилиш хом ашё конларидан фойдаланиш лойихасини тузишда мухим ҳужжат хисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |