12.4. Тижорат банкларининг ноаънанавий операциялари
Бозор иқтисодиёти шароитида тижорат банклари мижозларнинг молиявий хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондириш ва фойда манбасини ошириш мақсадида қатор ноаънанавий операцияларни бажаради. Бундай операциялар сирасига факторинг, кредит – ижара (лизинг), контокоррент (овердрафт), форфейтинг, траст каби операцияларни киритиш мумкин.
12.4.1.Факторинг операциялари
Факторинг операцияларида банклар товар сотиб олувчининг қарз ҳужжатларини сотиб олади, унда асосан учта томон иштирок этади.
Биринчиси, фактор – воситачи, банкнинг факторинг операцияларини бажарувчи бўлими. Одатда, ривожланган мамлакатлар тажрибасида факторинг операцияларини амалга оширишга ихтисослашган факторинг компаниялари ташкил этиш амалиёти ҳам мавжуд.
Иккинчиси, мижоз (товар сотувчи ёки хизмат кўрсатувчи), фактор – воситачи билан контракт тузувчи саноат ёки савдо фирмаси.
Учинчиси, товар сотиб олувчи.
Мижоз сотилган товар ёки кўрсатилган хизматлар учун олиниши лозим бўлган пул маблағини талаб қилувчи ҳужжатлар асосида “фактор – воситачи” билан факторинг операцияси бўйича шартнома тузади. Фактор – воситачи имзоланган факторинг шартномаси асосида, маълум комиссион тўлов ҳисобига мижозга сотилган товар ёки кўрсатилган хизматларга тўловни амалга оширади. Соддароқ қилиб айтганда, фактор – воситачи мижоздан товар сотиб олувчига маблағларни тўлаш билан боғлиқ тўлов ҳужжатларни комиссион тўлов асосида “сотиб олади”.
Фактор – воситачи мижоз билан факторинг операциясини имзолаётганда товар сотиб олувчининг молиявий ҳолатини оқилона баҳолаши жуда муҳим ҳисобланади. Агар сотиб олувчининг молиявий ҳолати ёмонлашиб, факторинг операцияси бўйича фактор – воситачи томонидан мижозга тўлаган суммани тўлай олмаса, ушбу зарар фактор – воситачининг гарданига тушади.
Иқтисодиётда факторинг операцияларни вужудга келишининг асосий омиллари сифатида қуйидагиларни таъкидлаш мумкин:
– сотиб олувчи корхона ва ташкилотлар олинган товар ёки кўрсатилган хизматларга тўлаши лозим бўлган маблағларни ўз вақтида тўлаш имкониятларининг мавжуд эмаслиги. Бу қатор ижтимоий – иқтисодий оқибатлар туфайли вужудга келади;
– товар сотувчи ёки хизмат кўрсатувчи мижознинг ишлаб чиқариш жараёнини доимий равишда давом эттириб туриши учун молиявий маблағларга бўлган эҳтиёжини таъминлашнинг зарурлиги;
– банкларнинг молиявий маблағлардан самарали фойдаланиш ҳисобига қўшимча фойдани шакллантиришга бўлган эҳтиёжининг мавжудлиги.
Do'stlaringiz bilan baham: |