2.6. Электрон пуллар
Банкларнинг ривожланиши, ўзаро тўловлар ва ҳисоб – китоблар ҳажмининг ортиши, шунингдек, техника ва технологиянинг такомиллашуви натижасида ХХ асрнинг иккинчи ярмидан электрон пуллар вужудга келди. Электрон пулларнинг тўлов инструменти бўлиб – пластик карталар ҳисобланади.
Пластик карта – бу пулларни нақдсиз кўринишда кўчириш ёки нақд пул кўринишда олиш имкониятини берадиган, банклар ва бошқа кредит муассасалари томонидан чиқарилган номли тўлов ҳужжат ҳисобланади.
Пластик карталар банк тизими ва ундан фойдаланувчилар учун қулайлик жиҳатлари жуда кўп. Хусусан:
– киши 1, 2, 3 млн сўмни ҳамёнида олиб юролмайди, лекин пластик картада бундай муаммо мавжуд эмас;
– ҳамёнингиздаги пулни йўқотсангиз ёки унутиб бирор жойда қолдирсангиз уларни бегона шахс фойдаланиши мумкин, лекин пластик карталардан бегона шахсларни фойдаланиш имконияти жуда чегараланган. Чунки уларнинг махсус пароли мавжуд, шу билан бирга, пластик картани йўқотган шахс зудлик билан банкка хабар берса унинг ҳисобрақамлари бўйича тўловларни тўхтатиб қўйиш мумкин;
– банклар нақд пулларни ташиш, сақлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва мижозларга бериш каби қўшимча меҳнат ва сарф харажатдан фориғ бўлади;
– банклар депозит сиёсатидан келиб чиқиб фойдаланувчи пластик картадаги вақтинчалик фойдаланмай турган қолдиқ суммаларига қўшимча фоиз тўлаши мумкин.
Ўзбекистонда пластик карточкаларни жорий қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қатор қарорлари қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Пластик карточкалар асосида ҳисоб – китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора – тадбирлари тўғрисида” 445 – сонли Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 3 августдаги “Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб – китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ – 433 – сонли ва 2010 йил 19 апрелдаги “Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб – китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ – 1325 – сонли Қарорлари шулар жумласидандир.
Ҳозирги кунда барча тижорат банклари ўз пластик карточкаларига эга бўлиб, уларнинг сони йилдан – йилга ортиб бормоқда.
Ўзбекистон тижорат банклари томонидан жорий этилган пластик карталар билан ҳисоб – китоблар самарадорлигини янада ошириш мақсадида:
– савдо нуқталарида пластик карталар билан ҳисоб – китобларни амалга ошириш учун терминалларни кўпайтириш;
– иш ҳақи ва унга тенглаштирилган маблағларни пластик карталарга ўтказиш жараёнини янада такомиллашириш;
– барча банк бўлимлари бошқа банкларнинг пластик карточкалари бўйича ҳам нақд пулларни ечишлишини таъминлаш каби ишларни йўлга қўйиш лозим.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича Марказий банк ва тижорат банклари, тегишли муассасалар, шунингдек, савдо нуқталари томонидан амлага оширилаётган ишлар пластик карталарни янада кенгроқ ва самарали ишлашига имконият яратади.
Do'stlaringiz bilan baham: |