Фуқаролик процессининг иштирокчилари.
Фуқаролик иши бўйича юзага келган процесс иштирокчилари қуйидаги тоифаларга бўлинади:
– одил судловни амалга ошириш, фуқаролик ишини кўриш ваколатига эга бўлган суд;
– фуқаролик ишининг оқибатидан бевосита манфаатдор шахслар, яъни тарафлар; – прокурор;
– одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар.
Конституция ва қонунларга мувофиқ одил судловни амалга ошириш фақат суднинг ваколатига тааллуқли бўлиб, судьялар ушбу жараёнда қонун бўйича зиммасига юкланган вазифаларни бажарадилар ва уларга берилган ваколатлардан фойдаланадилар.
Судьялар фуқаролик, хўжалик важиноят ишларини,маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига сўзсиз риоя қилишлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашлари, беғараз ва адолатли бўлишлари шарт.
Фуқаролик ишининг оқибатидан бевосита манфаатдор шахслар, яъни тарафлар сифатида аризачи (даъвогар) ва жавобгар эътироф этилади.
Жавобгар — суд томонидан даъвогарнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари юзасидан жавоб бериш учун жалб қилинган шахс.
Аризачи (даъвогар)нинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юқоридаги мавзуда батафсил ёритилган бўлиб, қонунчиликда тарафларнинг процессуал ҳуқуқлардан тенг фойдаланишлари ҳамда тенг мажбуриятларга эга эканликлари эътироф этилган.
Яъни жавобгар ҳам даъвогар билан тенг равишда Фуқаролик процессуал кодексининг 34-моддасида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадир.
Жавобгар даъвогарнинг талабини тўлиқ ёки қисман тан олишга ҳақлидир. Учинчи шахслар процессуал қонунчиликда мустақил талаблар билан арз қилувчи ва мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида ажратилади.
Мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар – фуқаролик иши қўзғатилганидан кейин ишга киришган ҳамда низоли ҳуқуқий муносабатлар иш қўзғатиш ҳақида мурожаат қилган шахснинг эмас, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор эканлигини эътироф этувчи шахслардир. Яъни арз қилинган талаблардаги ҳуқуқиймуносабатлар аризачининг эмас, ўзи (учинчи шахс)нингманфаатларига тегишли эканлигини арз қилувчи шахслардир.
Мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишга суд ҳал қилув қарорини чиқаргунига қадар жалб қилинадилар ҳамда ишда даъвогар ва жавобгарнинг ҳуқуқ ва манфаатлари билан мос бўлмаган ўз ҳуқуқларини ҳимоя қиладилар. Улар даъвогарнинг ҳамма ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва унинг ҳамма мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар.
Мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар - иш бўйича чиқариладиган ҳал қилув қарори уларнинг тарафлардан бирига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этадиган шахслар бўлиб, суд ҳал қилув қарори чиқаргунига қадар даъвогар ёки жавобгар томонида ишга киришишлари мумкин.
Мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар шартли равишда тарафлардан бири (даъвогар ёки жавобгар) томонида иштирок этадилар ҳамда қайси тарафда иштирок этишига қараб, унга тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятлардан фойдаланадилар.
Иш бўйича чиқариладиган ҳал қилув қарори учинчи шахсларнинг тарафлардан бирига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этади, лекин улар ўртасидаги ҳуқуқий муносабат суд муҳокамасининг предмети бўлмайди.
Қонун мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахсларнинг бундай талаблар билан арз қиладиган учинчи шахслардан фарқли равишда, арз қилинган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, улардан воз кечиш ҳуқуқларини истисно этади.
Амалиётда баъзи ҳолатларда низонинг судда кўрилиши жараёнида тарафлардан бирининг вафоти ҳолатлари кузатилади. Лекин тараф бўлган шахснинг вафоти низоли ҳуқуқий муносабатнинг муқаррар равишда барҳам топишига олиб келмасдан (мурожаат мазмунига қараб айрим ишлардан ташқари, масалан, ишга тиклаш ёки жавобгар вафот этганда алимент ундириш ҳақидаги), қонун ишни кўришда процессуал ҳуқуқий ворисликка йўл қўяди.
Ҳуқуқий ворислик процесснинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин. Ҳуқуқий ворис процессга киришгунига қадар амалга оширилган барча ҳаракатлар ҳуқуқий ворисга ўрнини бўшатиб берган шахсга қай даражада мажбурий бўлган бўлса, ҳуқуқий ворисга ҳам шу даражада мажбурийдир.
Прокуратура органлари қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширадилар.
Ушбу вазифаларни амалга оширишда прокурор бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш, шунингдек бошқа шахслар ташаббуси билан қўзғатилган ишни кўришда бошидан иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Прокурор Фуқаролик процессуал кодексининг 34-моддасида назарда тутилган процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади ҳамда бундан ташқари, берган аризасидан бутунлай ёки қисман воз кечиш, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўзи арз қилган талаблар бўйича судга тушунтиришлар бериш, иш мазмуни юзасидан, шунингдек ишни кўриш вақтида келиб чиққан айрим масалалар бўйича ўз фикрини баён этиш, суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори юзасидан протест келтириш ҳуқуқига эга.
Агар даъвогар рози бўлмаса, прокурор ўзи арз қилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш ёхуд камайтиришга ҳақли эмас.
Одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар. Гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, ёзма ва ашёвий далилларни сақловчилар, холислар ва ижро ишларини юритишда мол мулкни сақловчилар одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ҳисобланади. Одилсудловниамалгаоширишгакўмаклашувчишахсларўз тушунтиришларини оғзаки ёки ёзма равишда баён қилишга, шунингдек ушбу Кодексда ўзларига берилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидирлар.
Одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ўз зиммаларига юклатилган процессуал мажбуриятларни бажаришлари лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |