Тармоқнинг қабул қилувчи тугуни IP пакетлардан PPP кадрларни чиқариб олади, сўнгра PPP кадрдан дастлабки пакет IP, IPX ёки NetBEUI пакетини чиқариб олиб уни локал тармоқ бўйича муайян манзилга жўнатади. Канал сатҳининг инкапсуляцияловчи протоколларининг кўп протоколлилиги (унга PPTP протокол ҳам тааллуқли), уларнинг янада юқорироқ сатҳнинг ҳимояланган канал протоколларидан афзаллигидир.
Масалан, агар корпоратив тармокда IPX ёки NetBEUI ишлатилса, IPSec ёки SSL протоколларини ишлатиб бўлмайди, чунки улар IP тармоқ сатхининг фақат битта протоколига мўлжалланган.
Инкапсуляциялашнинг мазкур усули OSI моделининг тармоқ сатхи протоколларига боғлиқ бўлмасликни таъминлайди ва очиқ IP-тармоқлар орқали ҳар қандай локал тармоклардан (IP, IPX ёки NetBEUI) ҳимояланган масофадан фойдаланишни амалга оширишга имкон беради. PPTP протоколига мувофик, ҳимояланган виртуал канал яратишда масофадаги фойдаланувчини аутентификациялаш ва узатилувчи маълумотларни шифрлаш амалга оширилади (2-расм).
PPTP ёрдамида шифрлаш Internet орқали жўнатишда маълумотлардан хеч ким фойдаланаолмаслигини кафолатлайди. Шифрлаш протоколи MPPE (Microsoft Point-to-Point Encryption – Microsoftдан нуқтагача шифрлаш) фақат MSCHAP (Microsoft Challenge - Handshaking Authentication Protocols ) (1 ва 2 версиялари) ва EAP-TLS (Extensible Authentication Protocol – кенгайтирилган аутентификация протоколи - Transport Layer Security – транспорт сатхи протоколи) билан бирга ишлай олади ва мижоз ва сервер орасида параметрлар мувофиқлаштирилишида шифрлаш калитининг узунлигини автоматик тарзда танлай олади. MPPE протоколи узунлиги 40, 56 ёки 128 бит бўлган калитлар билан ишлашни мададлайди.
PPTP протоколи ҳар бир олинган пакетдан сўнг шифрлаш калити кийматини ўзгартиради. MMPE протоколи “нукта-нукта” хилидаги алоқа каналлари учун ишлаб чикилган бўлиб, бу алоқа каналларида пакетлар кетма-кет узатилади ва маълумотлар йўқотилиши жуда кам. Бу вазиятда навбатдаги пакет учун калит қиймати олдинги пакетнинг расшифровкаси натижасига боғлиқ.
Умумфойдаланувчи тармоқ орқали виртуал тармоқ қуришда бу шартларга риоя қилиш мумкин эмас, чунки маълумотлар пакети кўпинча қабул қилувчига жўнатилган кетма-кетликда келмайди. Шунинг учун PPTP шифрлаш калитини ўзгартиришда пакетларнинг тартиб рақамидан фойдаланади. Бу расшифровка қилишни олдинги қабул қилинган пакетларга боғлиқ бўлмаган холда амалга оширишга имкон беради.