Педагоглик касби, унинг пайдо бўлиши ва равнақ топиши. Педагоглик касбининг шаклланиши кишилик тараққиёти тарихи билан узвий боғлиқ. Териб-термачлаб кун кечирган ибтидоий давр кишилари болаларни ўзлари билан эргаштириб юриб, уларга ов қилиш, турли дарахт меваларини териш, ўсимликларнинг илдизи ковлаб олиш, сув манбаларини излаб топиш каби ҳаракатларни амалга оширишни ўргатганлар. Бундай ҳаракатлар қабила (уруғ)нинг тажрибали кишилари ёки кексалар томонидан амалга оширилган. Оддий кундалик эҳтиёжларни қондириш йўлида олиб борилаётган хатти-ҳаракатлар асосида ёшларга мавжуд тажрибалар асосида маълумотларни бериб, уларда амалий кўникмаларни шакллантирганлар. Турли товушларни чиқариш ёрдамида атрофдагиларни яқинлашаётган хавфдан огоҳ қилишни болалар катталарнинг намуналари асосида ўзлаштирганлар. Нутқ ва ёзув пайдо бўлгунга қадар бу каби ҳаракатлар имо-ишоралар асосида амалга оширилган. Кишилик тарихида туб инқилобни содир этган нутқ ва ёзувнинг пайдо бўлиши, шунингдек, уруғ жамоаси томонидан бажариладиган меҳнат фаолиятининг турли соҳаларга ажралиши ёшларга нисбатан муносабатнинг илғор (прогрессив) характер касб этишига имкон берди.
Турли табиий офатлар таъсиридан ҳимояланиш, кишилар ҳаётига хавф солаётган касалликларни даволаш, ҳаёт кечириш учун етарли озиқ-овқатларни жамлаб олишга бўлган табиий эҳтиёж ёшларга ҳаётий тажрибаларни маълум меҳнат фаолияти йўналишида етарлича билимга эга бўлган кишилар томонидан берилиши мақсадга мувофиқ эканлигини кўрсатди. Натижада болаларга ҳаёт тажрибаларини ўргатувчи кишилар гуруҳи шаклланди ҳамда болаларга маълум йўналишлар бўйича билимларни бериш махсус ажратилган жойларда ташкил этила бошланди.
Дастлабки мактаблар қадимги Шарқда (Вавилон, Миср, Ҳиндистонда) пайдо бўлиб, уларда болаларга маъмурий-хўжалик бошқаруви асослари ўргатилган.
Антик даврда мактаблар Спарта, Афина ва Рим тарбия тизимининг муҳим таркибий қисми сифатида фаолият олиб борганлар.
Қадимги Юнонистонда бундай жойлар академия деб номланган. «Академия» сўзи афсонавий қаҳрамон Академа номидан келиб чиққан. Эрамиздан аввалги IV асрда Афина яқинидаги Академа номи билан номланувчи жойда Платон ўз шогирдларига маърузалар ўқиган бўлиб, кейинчалик таълим ташкил этилувчи маскан ҳам шундай ном билан атала бошлаган. Қадимги Рим ва Юнонистонда болаларга билим бериш файласуфлар зиммасига юклатилган.
Жамиятнинг табақаланиши натижасида, қудорлик тузумида болаларни таълим масканларига олиб бориш ва олиб келиш вазифасини қуллар бажаришган ва улар «педагог» деб номланганлар. Ушбу тушунчанинг маъноси «бола етакловчи» демакдир.
Тарихий тараққиётнинг кейинги босқичларида болаларга тизимли билимларни бериш билан доимий шуғулланувчи кишилар айнан шу ном билан атала бошлаганлар.
Феодализм даврида аксарият мактаблар масжид (мусулмон мамлакатларида) ёки ибодатхоналар (Ҳиндистон) қошида ташкил этилган. Бундай мактабларда ёшларга диний билимлар билан бирга дунёвий билимлар ҳам ўргатилган.
Ўрта асрлар даврида, Шарқда академия кўринишидаги таълим муассасалари ҳам фаолият юритган бўлиб, улар «Донишмандлар уйи» (IX аср, Бағдод), «Маъмун академияси» (XI ар бошлари, Хоразм), обсерваториялар қошидаги жамиятлар (XV аср, Самарқанд) тарзида номланган. Академияларга турли фан йўналишлари бўйича кучли билимга эга бўлган қомусий олимлар жалб этилган бўлиб, улар томонидан математика, геодезия, минералогия, медицина, астрономия каби йўналишларда кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилган.
Ўрта асрлар ҳамда капитал ишлаб чиқаришига асосланган жамиятларда академия (Шарқда мадраса)лар кўринишидаги мактабларда маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, турли соҳалар бўйича мукаммал билимга эга педагогларнинг фаолият юритишларига алоҳида аҳамият қаратилган. Чунончи, Муҳаммад Тарағай Улуғбек томонидан барпо этилган мадрасаларда ўз даврининг таниқли олимлари – Али Қушчи, Тафтазоний, Қозизода Румий, Мавлоно Муҳаммад, /иёсиддин Жамшид Коший, Муиниддин Коший ҳамда Мансур Кошийлар талабаларга таълим берганлар.
XIX аср охири ҳамда XX аср бошларида юзага келган жадидизм ҳаракатининг асосчилари, таниқли маърифатпарварлар – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Авлоний, Абдуқодир Шакурий, Исматулла Рахматуллаев, Абдурауф Фитрат, Исоҳхон Ибрат ва бошқалар аҳоли орасида нафақат мураббий, балки маънавий етук инсон сифатида ҳам ном қозондилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |