Тарбия жараёнининг моҳияти. Тарбия жараёни ўзига хос хусусиятларга эга. Унинг муҳим хусусияти аниқ мақсадга йўналтирилганлигидир.
Замонавий талқинда тарбия жараёни ўқитувчи ва ўқувчи (тарбиячи ва тарбияланувчи)лар ўртасида ташкил этилувчи ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган самарали ҳамкорлик жараёни демакдир. Зеро, тарбия жараёнида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг фаолиялари ташкил этилади, бошқарилади ва назорат қилинади.
Тарбия жараёни кўп қиррали жараён бўлиб, улар тарбия моҳиятини ёритишга хизмат қилувчи ички ва ташқи (субъектив ва объектив) омиллар асосида ташкил этилади. Субъектив омиллар шахснинг ички эҳтиёжлари, қизиқишлари, ҳаётий муносабатларини англатиш, объектив омиллар эса шахснинг ҳаёт кечириши, шаклланиши, ҳаётий муаммоларини ижобий ҳал этиши учун шароит яратади. Тарбия мақсади педагогик фаолият мазмуни, йўналиши, шакли ҳамда объектив шароитлар билан қанчалик мутаносиб келса, шахсни шакллантириш борасида шунчалик муваффақиятга эришилади. Тарбия жараёнининг ташкил этилиши ва бошқарилишида нафақат ўқитувчи фаолияти, балки ўқувчининг ёш ва психологик хусусиятлари, ўй-фикрлари, ҳаётий қарашлари ҳам муҳим ўрин тутади.
Тарбия жараёнининг яна бир хусусияти унинг узоқ муддат давом этишидир. Тарбия натижалари тез суръатда яққол кўзга ташланмайди. Ўзида инсоният сифатларини намоён эта олган шахсни тарбиялаб вояга етказишда узоқ муддатли давр талаб этилади. Мактаб тарбияси шахс онги, дунёқарашини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Чунки ёшлик йилларида инсонда одоб тизими юқори даражада таъсирчан ҳамда беқарор бўлади. Шу боис тарбия муваффақияти айни ўқувчилик йилларида шахсга тўғри тарбия бериш лозимлигини тақозо этади. Тарбия жараёнининг яна бир муҳим хусусияти унинг узлуксизлиги саналади. Тарбия жараёни ўқувчилар ва ўқитувчининг биргаликдаги узлуксиз, тизимли ҳаракатлари жараёнидир. Ўқувчиларда ижобий сифатларни қарор топтиришда ягона мақсад сари йўналтирилган, бир-бирини тўлдирувчи, бойитиб борувчи, такомиллаштирувчи тарбияни ташкил этиш алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, оила, таълим муассасалари ва жамоатчилик ҳамкорлигида ташкил этилаётган тарбиявий тадбирларни узлуксиз ўтказилишига эришиш мақсадга мувофиқдир.
Мактаб ёшидаги болани тарбиялашда мактаб етакчи ўрин эгалласа ҳам, болаларга узлуксиз таъсир ўтказа олмайди. Чунки болалар маълум муддатгина мактаб, ўқитувчининг тарбиявий таъсири остида бўлиб, қолган вақтнинг асосий ҳисмини оилада, кўчада, жамоат орасида ўтказадилар. Кузги, қишки, баҳорги ва айниқса, ёзги таътил даврларида ўқувчилар мактаб, ўқитувчи таъсиридан четда қоладилар. Демак, мактабда болаларни тарбиялаш вақт жиҳатидан чегараланган бўлиб, синфдан ва мактабдан ташқари амалга ошириладиган тарбиявий ишлардан ҳоли вақтда улар ўқитувчи ёки тарбиячининг тарбиявий таъсири ва назоратидан узоқлашадилар.
Ўқувчиларга нисбатан мактаб (таълим муассасаси)нинг таъсирини сусайтирмаслик мақсадида, синфдан ва мактабдан ташқари ҳамда таътил даврларида тарбиявий ишларга алоҳида эътибор берилади.
Айни вақтда, республикада ўқувчиларнинг таълим-тарбия муассасаларидан узоқлаштирмаслик мақсадида қўшимча таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Қўшимча таълим муассасаларида ўқувчилар хусусий фанлар ва хорижий тилларни мукаммал ўрганишлари, техника ва бадиий йўналишлар бўйича билим олишлари, амалий фаолият кўникмаларига эга бўлишлари мумкин. Қўшимча таълим муассасаларида ташкил этилаётган турли йўналиш ва мавзулардаги учрашув, кўргазма, кўрик ва суҳбатлар ўқувчиларнинг тафаккур дунёсини бойитишда, уларда мустаҳкам характер ва иродани таркиб топтиришда муҳим ўрин тутади.
Тарбия жараёнининг яна бир хусусияти унинг яхлит тарзда тизимли ташкил этилишидир. Яхлитлик шундан иборатки, тарбия жараёнининг мақсади, мазмуни, вазифалари ва методларининг бирлиги шахсни шакллантириш ғояси амалга ошириш учун хизмат қилади. Бизга маълумки, шахс сифатлари навбатма-навбат эмас, балки яхлит тарзда ўзлаштирилади. Шу боис педагогик таъсир ҳам яхлитдир, тизимлилик характерига эга бўлиши мумкин.
Тарбия жараёнининг яхлитлик, тизимлилик хусусияти бир қатор муҳим педагогик талабларга амал қилиши ўқитувчи билан ўқувчилар ўртасидаги ҳамкорликни эҳтиёткорлик билан қарор топтириши талаб қилади.
Икки томонлама алоқа икки йўналишда, яъни, ўқитувчининг ўқувчига нисбатан кўрсатадиган таъсири (тўғри алоқа) ҳамда ўқувчининг ўқитувчига нисбатан муносабати (тескари алоқа) тарзда тишкил этилади.
Тарбиянинг педагогик технологияси назарияси ғоясига мувофиқ эндиликда ўқувчи тарбия жараёнининг объектигина бўлиб қолмасдан, субъектив сифатида ҳам фаолият кўрсатади. Шунинг учун ўқитувчи ўқувчининг ички имкониятлари, унга нисбатан бўлаётган ташқи таъсирлар, ахборот манбаларини инобатга олиши зарур. Агарда, мазкур талаб унутилса, шахсни тарбиялаш қийинлашади ёки барча уринишлар самарасиз якунланади.
Мана шундан тарбия жараёнининг яна бир муҳим хусусияти – тарбияда қарама-қаршиликларнинг мавжудлиги келиб чиқади. Ушбу қарама-қаршиликлар ўқувчиларда ўз тушунчаларига мувофиқ пайдо бўлган дастлабки сифатлар ўртасида ёки ўқувчиларга қўйиладиган талаблар билан уларни бажариш имкониятлари ўртасида зиддиятларнинг келиб чиқиши учун замин яратади.
Бундан ташқари, бу қарама-қаршиликлар кўпинча боланинг онги билан хулқи бир-бирига мувофиқ бўлмаслигидан, ўқитувчи ва тарбиячиларнинг ўқувчилар ёш ва шахсий психологик хусусиятлари (феъл-атвори, характери, қизиқишлари, жисмоний, руҳий ва физиологик соғломлиги)ни яхши билмаслиги оқибатида келиб чиқади.
Демак, тарбия жараёни ўзида қуйидаги хусусиятларни намоён этиди:
аниқ мақсадга йўналтирилган жараён;
кўп қиррали жараён;
узоқ муддатли жараён;
яхлит тизимлилик жараён;
икки томонлама алоқа жараёни;
қарама-қаршиликлардан иборат жараён.
Назорат учун саволлар:
Тарбиянинг мақсади нимадан иборат?
Шахсан Сиз тарбиянинг вазифаларини қандай тушунасиз?
Тарбиянинг турларини тасвирлаб беринг.
Тарбия жараёнининг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат?
Адабиётлар:
Каримов И.А. Ўзбекистонниннг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли. – Тошкент, Ўзбекистон, 1992.
Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. – Тошкент, Шарқ нашриёт-матбаа концерни, 1997.
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. – Тошкент, Шарқ нашриёт-матбаа концерни, 1997.
Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. – Тошкент, Халқ мероси нашриёти, 1993.
Педагогика. Мунавваров А.Қ. нинг умумий таҳрири остида. - Тошкент, Ўқитувчи, 1993.
Подлаcўй И.П. Педагогика. В 2 кн. Кн. 2. – Москва, Владос, 1999.
Do'stlaringiz bilan baham: |