Дидактик назария (концепция)лар ва уларнинг фалсафий асослари. Таълим жараёни психологик-педагогик концепциялар (улар аксарият ҳолларда дидактик тизимлар ҳам деб аталади) асосида ташкил этилади.
Дидактик тизим (юнонча «systema» – яхлит қисмлардан ташкил топган, бирлаштириш) – маълум мезонлари асосида таълим жараёнинг яхлит ҳолатини белгилаш, ажратиб кўрсатиш демакдир. У таълимнинг мақсади, тамойиллари, мазмуни, шакли, метод ва воситаларининг бирлиги асосида ташкил этилган тузилмаларнинг ички яхлитлигини ифодалайди. Тадқиқотчилар мавжуд дидактик концепция (тизим)ларни умумлаштириб қуйидаги гуруҳларга ажратадилар:
анъанавий;
прогрессив;
замонавий.
Таълим назариясида Я.А.Коменский, И.Песталлоци ва И.Гербартларнинг дидактик концепциялари муҳим аҳамиятга эга.
Анъанавий дидактик тизимнинг яратилиши немис файласуфи, психолог ва педагог И.Ф.Гербарт (1776-1841 йиллар) номи билан боғлиқ. У Я.А.Коменскийнинг синф-дарс анъанавий тизимини танқидий нуқати назардан қайта асослаб, этика ва психологиянинг назарий ютуқларига таянган ҳолда таълим тизимини яратди.
И.Ф.Гербарт таълим тизимининг асосий белгиси қуйидагилардан иборат. ўқувчиларнинг интеллектуал ривожланишини таъминлаш мактабнинг асосий вазифаси; болани тарбиялаш эса оиланинг вазифасидир.
Прогрессив (педоцентрик) тизим боланинг билим олишида фаолиятининг асосий роль ўйнашини эътироф этади. Мазкур тизим асосини Д.Дьюи тизими, Г.Керштейннинг меҳнат мактаби, В.Лай назариялари ташкил этади.
Замонавий дидактик тизим. ХХ асрнинг 50-йилларида психолог ва педагог Б.Скиннер қисмларга бўлинган ахборотларни етказиш, бу жараённи мунтазам назорат қилиш асосида материални ўзлаштиришда самарадорликка эришиш ғоясини илгари суради. Мазкур ғоя кейинчалик дастурий таълим деб аталади. Кейинчалик Н.Краудер назорат натижаларига қараб ўқувчига мустақил ишлаш учун турли материалларни таклиф этадиган тармоқлаштирилган дастурларни яратди.
Д.Дьюининг назарий ғоялари муаммоли таълимнинг асоси бўлиб қолди. Бугунги кунда муаммоли таълим деб номланувчи, ушбу ғоя ўқитувчи раҳбарлиги остида муаммоли вазиятни яратиш ва уларни ҳал этишда ўқувчиларнинг фаоллик ва мустақилликларини таъминлашга эришишни назарда тутади. Муаммоли таълимнинг вазифаси фаол ўрганиш жараёнини рағбатлаштириш, ўқувчиларда фикрлаш, тадқиқотчилик кўникмаларини шакллантиришдан иборатдир.
Л.В.Занковнинг (1901-1977 йиллар) ривожлантирувчи таълим концепцияси ХХ асрнинг 50-йилларида кенг тарқалди. Унинг ғояларини амалга ошириш таълим жараёнига инсонпарварлик ғоясини сингдириш, шахсни баркамол ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга имкон беради.
Психолог Л.С.Вўготский (1896-1934 йиллар) томонидан 30-йилларда илгари сурилган “Яқин ривожланиш зонаси” ғояси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга кўра бола катталар ёрдамида билим олиб, ўзи мустақил бажара олмаган ишларни бажара бошлайди.
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунида таълим ва тарбияни инсонпарварлик, демократик ғояларга мувофиқ ташкил этилиши эътироф этилган.
Таълимни инсонпарварлаштириш таълим жараёнида ўқувчи шахсини ҳурмат қилиш, унинг шаъни, обрўси, қадр-қимматини поймол этмаслик, мавжуд истеъдодини ривожлантиришни назарда тутади. Демократлаштириш эса педагогик жараёнда расмиятчиликка йўл қўймаслик, таълим дастурларини танлашда ўқувчиларнинг фикрларини инобатга олишни ифодалайди.
Республика узлуксиз таълим тизими ижтимоий буюртмани бажаришга хизмат қилади, баркамол шахс ва етук мутахассисни тарбиялаш вазифасини бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |