Эшитиш қобилияти бузилган ўқувчиларни коррекцион ўқитиш. Эшитиш қобилиятининг бузилиши сабаблари, уларни турларга ажратиш. Аномал болалар орасида эшитиш қобилияти турли даражада нуқсонли бўлган болалар кўпчиликни ташкил этадилар. Эшитиш – борлиқни товушли ҳодисалар шаклида акс эттирилиши, инсон (тирик жонзод)нинг товушларни англаш ва фарқлаш қобилияти. Эшитиш эшитиш органи ёки товуш анализатори (товуш таъсирини қабул қилувчи ва ажратувчи мураккаб нерв тизими) ёрдамида амалга оширилади.
Эшитиш қобилиятининг бузилиши кўп ҳолларда муддатли бўлади. Масалан, ўрта қулоғнинг ташкил топиши, шамоллаш, олтингугурт тўсиқларининг юзага келиши, ташқи ва ўрта қулоғининг аномал тузилиши (қулоқ супрасининг бўлмаслиги ёки етарлича ривожланмаганлиги, эшитиш йўлларининг битиб қолиши, қулоқ пардасидаги нуқсонлар ва бошқалар) каби ҳолатларда. Замонавий медицина уларни даволашнинг самарали методларига эга. Улар қаторига консерватив ва оператив методларни киритиш лозим. Одатда самарали даволаш, баъзан узоқ вақт даволаш тадбири олиб борилганда эшитиш қобилияти тикланади.
Эшитиш қобилиятининг бузилишига юқумли касалликлар билан оғриш, заҳарланиш, акустик ёки контузияли жароҳатлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Қулоғи оғирлик ёки карлик келиб чиқиш сабабларига кўра: наслий, туғма ва келиб чиққан тарзда турларга ажратилади. Ёшликда эшитиш қобилиятининг бузилишига олиб келувчи сабаблар орасида қуйидагилари алоҳида кўрсатилади: ҳомиладорликнинг биринчи уч ойида онанинг вирусли касалликлар билан оғриши (қизамиқ, корь, грипп, гепатит вируслари ва бошқалар), ривожланишдаги туғма нуқсонлари (масалан, лаби ва танглайидаги ёриқ), чала туғилиш, кичик вазнли туғилиши (1500 дан кам) ҳамда ёмон туғилиши кабилар. Эшитиш қобилиятининг бузилишига ҳомиладорлик даврида онанинг спиртли ичимлик, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиши, антибиотикларни қабул қилиши ҳам сабаб бўлиши мумкин. Карликнинг наслий ўтиши ҳолати жуда кам кузатилади.
Эшитиш қобилиятидаги камчиликларни қуйидаги турларга ажратиш мумкин:
эшитиш қобилиятининг зарарланганлик даражаси;
эшитиш қобилияти зарарланганда нутқий ривожланиш даражаси;
эшитиш қобилиятида бузилишнинг юзага келиш вақти.
Юқорида кўрсатилган мезонларга кўра эшитиш қобилиятининг бузилиши қулоғи оғирлик ва карлик каби гуруҳларга ажратилади.
Карлик бу эшитиш қобилиятининг қаттиқ йўқотилиши бўлиб, бола мустақил равишда нутқни эгаллай олмайди ва қулоғига жуда яқин масофадан гапирилганда ҳам аниқ эшитмайди. Аммо баланд товушлар, яқин масофадан нутқнинг баъзи товушларини қабул қилишга имкон берувчи эшитиш қобилияти сақланиб қолади.
Қулоғи оғирлик – бу эшитиш қобилиятининг қаттиқ пасайиши (80 децибалдан кам) бўлиб, эшитиш қобилияти қолдиғи ёрдамида қулоғи олдида баланд овоз билан гапирилганда бола нутқни эшита олади. Бола минимал нутқ бойлигини мустақил равишда эгаллай олади.
Карлар ва қулоғи оғирлик (ёмон эшитувчилар) нутқни қабул қилиш усули бўйича фарқ қиладилар. Карлар сўз нутқини кўриб (суҳбатдошининг лаблари ва юзига қараб) ва эшитиб кўриш (товушни кучайтириш аппарати ёрдамида) қабул қиладилар.
Ёмон эшитадиганлар атрофдагилар билан табиий муносабатлар жараёнида баланд оҳангда сўзлашиш асосида нутқни эшитиб қабул қиладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |