Педагог кадрлар малакасини ошириш. Фан-техника тараққий этиб, ижтимоий муносабатлар мазмуни ахборотларга тобора бойиб бораётган, фан оламидаги янгиликлар, психология-педагогика фани ривож топаётган бир даврда ўқитувчиларнинг ўз устида мустақил равишда ишлашлари, малакаларини ошириб боришлари, мустақил изланиш кўникмасига эга бўлиш ва ижодкор
бўлишларини талаб қилади.
Ўзбекистон Республикасининг «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури»да белгилаб қўйилганидек, ҳар жиҳатдан баркамол, мустақил фикрловчи ёшларни тарбиялаш учун бугунги кун ўқитувчиси сиёсий, илмий-методик ва умумпедагогик савия, ўз ишига ижодий ёндашиш, ўз бурчига нисбатан фидоий бўлишга боғлиқдир. Бу долзарб масалани самарали ҳал қилиш кўп жиҳатдан таълим муассасаси раҳбари, уларнинг таълим-тарбияни бошқариш лаёқатлари ҳамда педагог кадрлар малакасини оширишни ташкил этиш ва назорат қилишга боғлиқдир.
Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдан мақсад ўқитувчиларнинг ижодий имкониятларини ривожлантириш, уларнинг касбий билимларини такомиллаштириш, натижада эса ўқувчиларга таълим-тарбия бериш сифатини кескин оширишдан иборатдир. Таълим-тарбия ишларининг мураккаблашиб бориши ўқитувчи олдида турган вазифаларни кенгайтирмоқда. Шунга кўра, педагогларнинг малакасини ошириш тизимида уларни ижодий изланишга одатлантириш, ижодкорликдаги фаоллигини рағбатлантириш мақсадига мувофиқ иш олиб бориш муҳим аҳамиятга эгадир. Шу мақсадда педагогик кадрлар малакасини оширишнинг бир қанча шакллари ишлаб чиқилган. Бу шакллардан нафақат мактаб педагогларининг малакасини оширишдагина эмас ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг раҳбарлари ҳам хабардор бўлишлари ва улардан муваффақиятли фойдалана олишлари лозим. Педагогларнинг малакасини ошириш шакллари қуйидаги икки гуруҳга бўлинади:
1.Таълим муассасаси доирасида малака ошириш йўллари:
-таълим муассасасида фанлар бўйича тузилган метод бирлашмалар;
-таълим муассасаси педагогик кенгаши;
- таълим муассасасида таҳкил этиладиган доимий ҳаракатдаги семинар ўқишлар;
- мақсадли очиқ дарслар;
- конференция ва педагогик ўқишлар;
2. Таълим муассасасидан ташқари малака ошириш йўллари:
1. Педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари:
- ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда марказ, вилоят ва туманда ўтказиладиган курслар;
- мураббийлик асосидаги курслар;
- экстернат куринишидаги курслар;
- қисқа муддатли курслар;
- эркин тингловчилар курслари;
- сиртдан ва қатнаб таълим олинадиган курслар;
- муаммоли ( мақсадли ) курслар;
- шахсий режа асосида ташкил этиладиган курслар;
- муаллифлик курслари;
- доимий ҳаракатдаги курслар.
2. Мактабгача болалар муассасалари ходимларнинг малакасини ошириш республика курслари.
3. Туман Методика кабинети томонидан педагогларнинг малакасини ошириш ишлари:
- илмий – методик, педагогик ёки амалий конференциялар, семинар, семинар – кенгашлар;
- бир муаммо ёки мавзу асосида ташкил этилган доимий ҳаракатдаги семинарлар;
- туман фан ўқитувчилари методика уюшмалари;
- таянч ва илғор тажриба муассасаси ишлари;
- таълим муассасаси раҳбарлари Методика уюшмалари;
- педагогик ўқишлар.
4. Радио ва телевидение орқали бериладиган эшиттиришлар, матбуот саҳифалари.
Do'stlaringiz bilan baham: |