1.1-жадвал. Педагогик маҳоратнинг таркибий қисмлари
Буларнинг барчаси хусусий моҳият-мазмун касб этсада, улар яхлит ҳолда ўқитувчи-тарбиячи(педагог)нинг касбий малакаларининг мазмунини ифодалайди.
Зеро, педагогик техника – ўқитиш, таъсир кўрсатиш, таълим тарбия олувчиларга ўз ҳис-туйғулари, билимлари, ахлоқий фазилатларини узатиш технологиясини ифодаласа, педагогик муомала – ўқитувчи касбий фаоллигининг бир кўриниши бўлиб, таълим - тарбияда шу жараён иштирокчиларининг ўзаро таъсир ва ҳамкорлигини акс эттиради.
Педагогик ижод – ўқитувчининг маҳорат пилапояларидан кўтарилишида яратувчанликни, ташаббускорликни, педагогик уддабуронликни ва тадбиркорликка элтувчи йўлни, бу йўлдаги қийинчиликлардан қўрқмасликни англатади. Ўз навбатида бу соҳада ўқитувчининг педагогик қобилияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки у педагогик жараёнда ўқитувчининг ақлий, эмоционал – иродавий жиҳатларини, ташкилотчилигини, билимдонлигини ва уларнинг бир-бирига боғлиқлигини ҳамда яхлит бир бутунлик касб этишини ифодалайди.
Педагогик маданият ўқитувчи-тарбиячилик бурчи, масъулияти, қадр-қиммати, виждони, ахлоқий эътиқодини назарда тутиб, ўқитувчининг талабчанлиги, адолати, комиллиги, ростгўйлиги, тўғрилигини англатади. Педагогик маҳорат тизимида педагогик назокат (такт) – ўқитувчининг педагогик мақсадга мувофиқ, фойдали, қимматли ҳаракатларининг ўлчови, меъёри ва таъсир воситасининг чегараси сифатида характерланади. Педагогик маҳоратнинг қайд қилинган таркибий қисмлари ўқитувчининг касбий хусусиятларини бойитади ва уни моҳирлик сари етаклайди ва ўқитувчи - тарбиячида педагогик маҳорат малакаларининг таркиб топишига ёрдам беради. Аммо, ўз касбининг моҳир устоси бўлиш учун фақатгина уларга таяниб, иш тутиш кутилган натижани бермаслиги мумкин. Бунинг учун мунтазам равишда педагогик фикрлаш, педагогик ўйлаш, педагогик иш тутиш лозим бўлади. Бу деганимиз, ўз фаолиятини педагогик ҳодисаларни, вазиятларни таҳлил қилиш, уларнинг ҳар бир боғланиш жойларини англашга интилиш, кунлик натижаларни мустақил равишда таҳлил қилиши ва янги таълим-тарбияга доир ғояларни аввалгилари билан таққослай олишга одатланиши ҳам лозим бўлади. Асосий педагогик-психологик муаммоларни топа олиш уларни ҳал этишнинг энг қулай йўлларини топиш устида ўйлаш ҳам керак.
Педагогик маҳорат тизимида унинг асосий компонентларидан ташқари касбий хусусиятлар ҳам мавжуд. Педагогнинг касбий хусусиятларига: ўз касбини, талабаларни севиши, зийраклиги, ҳозиржавоблиги, вазминлиги, педагогик салоҳияти, тасаввури, иқтидори, ташкилотчилиги, чуқур ва кенг илмий савияси, касбий лаёқатлилиги, маънавий эҳтиёжи ва қизиқиши, интеллекти, янгиликни англай ва қўллай олиши, касбий маълумотни мунтазам оширишга интилиши ва бошқа фазилатлари киради.
Юқорида қайд этилган фикрларга асосланиб, касбий педагогик маҳоратни муайян тайёргарлик жараёнларидан иборат деб айтиш мумкин. Бу тайёргарликни шартли равишда қуйидаги йўналишларга бўлиш мумкин:
1) педагогнинг шахсий фазилатлар бўйича тайёргарлиги;
2) педагогнинг руҳий – педагогик тайёргарлиги;
3) педагогнинг ижтимоий - педагогик ва илмий – назарий тайёргарлиги;
4) педагогнинг махсус ва ихтисосга оид услубий тайёргарлиги.
Таърифда қайд этилганидек педагогик маҳорат – ўқитувчи – тарбиячининг шахсий ва касбий сифатлари йиғиндиси хисобланиб, у педагогик – психологик, методик билимлар мажмуасидан иборат бўлади. Бунинг учун, аввало:
а) ихтисослик бўйича замон, илм – фан, техника тараққиёти даражасида мукаммал маълумотга эга бўлиши, ўз ўқув фанининг кесишадиган ўқув фанлари билан боғлиқлигини таъминлаш малакасига эга бўлиши;
б) ўқув – тарбия жараёнини аниқ ташкил қила олиш ва бунинг учун муайян педагогик – психологик, методик маълумотга эга бўлиши;
в) талабани, жамоани «кўра билиш», уларнинг қизиқиши, интилишларини тушуна олиш ва ўқувчилар фаолиятида учрайдиган қийинчиликларни тушуниш ва уларни ўз вақтида англай олиш, зукколик билан ҳар бир боланинг характер хусусияти, қобилияти, иродасини англай билиш ҳамда уларга тарбиявий таъсир кўрсатишнинг шакл, усул, воситаларидан хабардор бўлиш;
г) ўз шахсий сифатлари (маданияти, ташкилотчилик қобилияти, бадиий эҳтиёжи, диди ва ҳ.к.) ни такомиллаштириш малакасига эга бўлиш керак.
Мустақил Республикамизнинг ўқитувчиси «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»да қайд этилганидек юксак маънавий – ахлоқий фазилат, хулқ маданияти ва миллий истиқлол мафкурасини мукаммал эгаллаши керак бўлади. Зеро, ўқитувчи – тарбиячи юксак маънавият, ахлоқ - одоб, хулқ маданиятига эга бўлсадагина, талабаларга инсоний нуқтаи - назардан меҳрибон, саховатли бўла олади, уни ҳамма ҳурмат қилади. Бунинг учун ақл – заковатли, сахий, қатъий, иродали, кўнгли очиқ бўлиши, ўзига ва талабаларга нисбатан талабчан, меҳрибон ва хайрихоҳ, ўз шахсига танқидий нуқтаи назардан ёндаша оладиган бўлиши талаб этилади.
Шу ўринда эътироф этиб ўтиш жоизки, педагогик маҳорат ўқитувчи - тарбиячи касбий ва шахсий фазилати тўғрисидаги фан сифатида маълум методологик асосга эга. Дарҳақиқат, ўқитувчи касбий маҳоратини шакллантиришнинг илмий – назарий, методологик ва амалий йўналишлари Ю.П. Азаров, Т.И. Гоноболин, А.К. Кузмина, О.А. Абдулина, А.В. Мудрик, Н.В. Кухарев, В.А. Селастёнин, В.А. Кан – Калик, Н.Д. Никандров, А.В. Петровский, Умар аз Замахшарий, Бурхониддин Зарнуджий, Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, М.Очилов, К.Зарипов, В.А. Крутецкий, Ж.Г. Йўлдошев, Э. Ғозиев, У. Маҳкамов, Б. Хўжаев ва бошқаларнинг илмий асарларида ёритилган. Уларнинг таъкидлашларича, ўқитувчи ўз фанининг билимдони бўлиши билан бирга, инсонпарвар, адолатли бўлиши, миллий тарбия тарғиботчиси ҳамда комил инсон сифатида ўзида шахсий – касбий сифатларни таркиб топдирган касб эгаси бўлиши лозим.
Ижтимоий қиймат ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ижтимоий психологик ҳодисалар, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳозирги давр билан уйғунлаштириш ҳамда аждодлар билан авлодлар ворислигини ўрнатиш фақатгина шу касб эгалари ёрдамида амалга оширилади.
Машҳур Нақшбанд тариқатида шундай ҳикмат бор “... Адаб бу хулқни чиройли қилиш, сўзни ва феълни соз қилишдир. Хизмат одоби улуғ бахтдан яхшироқ, унинг белгиси амалнинг қабули, туғён эса амалнинг бузуқлигидир. Адабни сақлаш – муҳаббат самараси, яна муҳаббат дарахти, яна муҳаббат уруғи ҳамдир”.
Юртдошимиз Абу Наср Форобий ўзининг “Фозил шаҳар кишиларининг ахлоқий қарашлари”, “Руҳ маданияти ҳақида рисола” каби тарбиявий қудратга эга бўлган педагогик асарларни қолдирган аллома ҳисобланади. У: “... . Табиий боғланғичлар таъсири остида комил инсонга айланишгина кифоя қилмайди, чунки, инсон бўлиб, инсоний камолотга эришуви учун сўзлаш ва касб ҳунарга муҳтождир”, - деганида ҳақ эди. Шунингдек, жаҳон фани ва маданиятига ўзининг бой илмий мероси, кўп қиррали илмий фаолияти билан маълум ва машҳур бўлган Абу Райҳон Берунийнинг ижодида ҳам инсоннинг таълим-тарбияси, камолоти бош масала бўлган. У “Ўқувчини ҳамма нарсага ўргатиш” номли рисоласида, устоз шогирдни санъатга, табиат кўрсатмаларига асосланишга, унинг шахсий хусусиятларини ҳисобга олиши лозим деб, таъкидлаган.
Ибн Сино “Тиб қонунлари” асарининг биринчи китобида ёшлар таълим-тарбиясида алоҳида гуруҳлар билан суҳбат усулини тавсия қилади. Ибн Сино шу ва шунга ўхшаш усуллар ҳақида фикр юритар экан ўқитувчилик – тарбиячилик касбининг имкониятларини очиб беради.
Ўқитувчилик касбининг педагогик, психологик қирраларини тадқиқ қилган Ф.Н. Гоноболин ўзининг “Ўқитувчи ҳақида қисса” рисоласида ўқитувчи Вера Александровна Рауш номидан фикр юритиб маҳоратли ўқитувчини қуйидагича таърифлайди. “Менимча яхши ўқитувчи бўлиб етишиш учун энг аввал ҳақиқий ҳаёт кечириш, муайян мақсадга йўналтирилган, тўла қонли ҳаётга интилиш керак. Табиатни ўрганиб, унинг қонуниятларини кузатиб бориш, китоб мутоала қилиш, мусиқа тинглаш, театрларга бориш, сайёҳатга чиқиш сингари ишлар билан шуғулланиш керак. Кейинчалик бошқаларга улашиш учун педагогнинг қалби жуда кўп нарсани ўзида сингдириши зарур. Шунинг учун мен узлуксиз равишда китобга мурожаат қиламан, табиатдан ўрганаман, доимо ўқийман, астойдил ўқийман.”4
Демак, ўз касбининг моҳир эгаси бўлиш учун ўқитувчи мунтазам ўз устида ишлаши, табиатдан, санъатдан, ҳаётдан, фандан баҳра олиб, ривожланиб, мукаммаллашиб боргандагина мақсадга эришади. Инсон психологиясининг моҳир устаси Ф.Н. Гоноболин таъкидлаганидек, ўқитувчи ўзининг бутун куч – қувватини, иродасини, билимини, ўзида бор ҳамма яхши нарсаларини ўз шогирдларига, халққа беради. Аммо, у ўзида бор нарсаларнинг ҳаммасини бугун, эртага, индинга берса-ю, ўз билимини, кучини, қувватини яна ва яна тўлдириб бормаса, у ҳолда ўзида ҳеч нарса қолмайди. Ўқитувчи бир томондан ўзида борини бериши, иккинчи томондан булут сингари, ҳаётдан, фандан, нимаики яхши нарсалар бўлса олишга одатланмоғи, халқнинг энг илғор кишилари билан ҳамкорликда ишламоғи лозим. Ана шундай бўлганда, у ўз талабаларига қанча кўп нарса бермасин, агар халқдан, ҳаётдан, фандан озиқланиб, энг яхши хислатларни ўқий олса, у ҳолда, унда ўз талабалари учун бундай ризқли ширалар ҳамиша ортиғи билан мавжуд бўлади. 5.
Бинобарин, буюк немис педагоги Адольф Дистерверг ўқитувчининг мунтазам равишда фан билан шуғулланиши ҳақида гапириб, шундай ёзган эди:- “Ўқитувчи мунтазам равишда фан билан шуғулланмоғи лозим. Акс ҳолда у қуриган дарахт ва тошга ўхшаб қолади. Қуриган дарахт ва тош мева бера олмаганидек, келажакда бу ўқитувчидан ҳеч натижа кутиб бўлмайди”.
Ҳозирги фан ва техника жадал равишда ривожланаётган, ахборотлар кескин ошиб бораётган бир даврда ўқитувчи педагогик маҳоратини тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади. Агар, илгари фаннинг бирор соҳасида рўй бераётган йирик кашфиёт қарийиб ўн, ўн беш йиллик самарали ва киши зўрға ишонадиган воқеа ҳисобланган бўлса, ҳозирги вақтда ҳар йили, ҳатто ҳар ой ичида фан, техника соҳасида шундай янги - янги кашфиётлар рўй бермоқдаки, билимларнинг илгари номаълум бўлган янги йўналишлари майдонга келмоқдаки, бунинг учун ҳар бир касб эгаси, жумладан ўқитувчи ўз маҳорати устида мунтазам ишлаш керак бўлади. Кишиларда, энг аввал ёшларда, билимга бўлган интилиш беқиёс даражада ўсиб бораётир. Шунинг учун ҳозир ўқитувчи фақат ўз фани бўйича эмас, балки ўз фанига яқин бўлган соҳалардаги янгиликларни билиши ҳам лозим бўлади. Чунки, адабиёт дарсларида талабаларни – нисбийлик назарияси, молекуляр биология, кибернетикага доир масалалар қизиқтириб қолади. Қизиқувчан ўқувчи – ёшларни фаннинг бу соҳалари бўйича саволларига жавоб бера оладиган ўқитувчигина уларнинг севимли ўқитувчиси бўла олади. Бунинг учун маҳорат зарур. Шундай вақтларда ўқитувчи ва ёш ўқитувчиларга: “Изланинг, ўқинг, иложи борича яна кўпроқ ўқинг!”, дегинг келади. Фикримизча, бадиий адабиётни етарли ўқимаган ўқитувчи тарихдан, физикадан, математикадан яхши дарс бера олмайди.
Ўқитувчи фаолиятининг педагогик қобилиятлар тизимида тадқиқ қилган Н.В. Кузмина шундай ёзади: - “Таълим – тарбияда рўй берадиган кўпгина камчиликлар ўқитувчи - тарбиячининг педагогик қобилиятининг амалий йўналишини яхши билмаслик, истеъдоднинг ўқитувчида йўқлигидир”.
Ўқитувчилик иши учун истеъдод зарурми? Унинг ўзи нима ва у қандай пайдо бўлади? Истеъдод - инсоннинг муайян бир фаолият тури билан шуғулланиб, муваффақиятга эришиш имкониятидир. Фаолиятга интилиш ҳар бир кишида жуда барвақт пайдо бўлади ва ҳаёт давомида такомиллашиб боради, инсонга қониқиш, мамнуният бағишлаб, касбнинг ҳақиқий эгаси ва мафтункори бўлишга замин яратади. Истеъдоднинг фаолиятга бўлган йўналиши учун мотив ва мақсад зарур. Зеро, истеъдод мотив ва мақсад асосида шаклланади. Мотив – инсонни ҳаракатга, интилишга ундовчи ҳолат. Мақсад эса ана шу ҳаракат, интилиш орқали эришилган натижадир.
Мотив инсон эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлади. Эҳтиёж мотивнинг пайдо бўлиши учун турткидир. Маълумки, мотивлар эҳтиёжни рўёбга чиқаришга кўмак бўлади. Эҳтиёжлар моддий, маънавий, маданий (санъатга бўлган эҳтиёж) ва меҳнатга бўлган эҳтиёжлар каби турларга ажратилади. Меҳнат эҳтиёжи маълум фаолият юзасидан истеъдодни намойиш қилишда асосий омил бўлиб ҳисобланади.
Муайян меҳнатга бўлган эҳтиёж асосида таркиб топган мотив инсонни ўз олдига аниқ мақсад қўйиш ва унга интилишини таъминлайди. Масалан, ўқитувчилик касбига бўлган эҳтиёж, уни талабалар билан ишлаш учун, муайян маълумотларни эгаллаш мақсади сари етаклайди. Ўқитувчи фаолиятининг мақсади шу касб учун зарур бўлган илмий-назарий, амалий – методик, маълумотларни эгаллаш мотивига асосланади. Мотив, мақсад ўқитувчини маҳорат сари етаклайди.
Педагогик маҳоратни тарбиялашнинг илмий – назарий асослари яна бир рус педагоги В.А Сластёнин томонидан тадқиқ қилинган. Касбий – педагогик тайёргарлик жараёнида ўқитувчининг шахси ва касбий шаклланиши йўналишидаги илмий мақолаларида В.А. Сластёнин педагогик маҳорат тўғрисида сўз юритиб, шундай ёзади: - “Ўқитувчи мунтазам равишда педагогик назарияларга таянсагина, ўқитувчилик маҳоратини эгаллайди. Чунки, педагогик амалиёт доимий равишда педагогик назарияга мурожаат қилишни тақозо этади. Биринчидан, илмий назариялар – тараққиётнинг умумий қонуниятларини, тамойилларини, қоидаларини акс эттирувчи илмий билимлардир. Амалиёт бўлса, доимо аниқ вазиятга асосланади. Иккинчидан, педагогик фаолият – фалсафа, педагогика, психологияга оид билимлар синтезига асосланувчи яхлит жараёндир. Бу билимлар синтезисиз педагогик амалиётни мақсадли қуриш жуда мушкул”6. Демак, педагогик маҳорат эгаси бўлиб, педагогик амалиётни тўғри ва мақсадли ташкил қилиш учун илмий – назарий маълумотларга эга бўлиш талаб қилинар экан, ўқитувчи доимо уни қўлга киритишга ҳаракат қилмоғи даркор.
Педагогик маҳоратнинг илмий – назарий асосларини ўқитувчилар малакасини ошириш тизимида тадқиқ қилган педагог К. Зарипов, касбий педагогик маҳоратнинг мазмунини “Илғор педагог”, “Ижодкор ўқитувчи”, “Новатор педагог” кесимида кўриб чиқади ва уларнинг мазмун-моҳиятини шундай таърифлайди. “Илғор педагог” аввало бошқа ўқитувчиларга қараганда ўз ишига маъсулият билан қарайди. Шу соҳадаги ижобий тажрибаларни ўрганиб, ўз дарсларида, таълим муассасасидан ва гуруҳдан ташқари тарбиявий тадбирларда қўллайди. Шу орқали у ўқитувчиларнинг таълим ва тарбиясида муайян ютуқларни қўлга киритади.
“Новатор педагог”, бизнингча, ўзининг яхлит педагогик восита ва усуллари мавжудлиги билан фарқланиб туради. Шу билан бирга новатор ўқитувчиларда илмий таҳлил, ўзига танқидий кўз билан қарай билиш хусусиятлари ҳам бўлади. Уларнинг кўпчилигида ғоят мураккаб, бошқалар ўзига ишонмайдиган шароитларда ҳам ўз ишларининг тўғри эканлигига ишонч бўлади.
“Ижодкор ўқитувчи”да ҳам “Илғор педагог”даги хусусиятлар бўлиши мумкин. Уларнинг жиддий фарқи шундаки, илғор педагог мавжуд манбаларни ўрганиб, шулар асосида таълим - тарбия бўйича муайян ишларни амалга оширса, ижодкор ўқитувчи бор манбаларга танқидий кўз билан қарайди. Кўп ҳолларда мавжуд методик йўл – йўриқларга ўз муносабатини билдириб, шароит ва вазият тақозосига, ўзининг имкониятларига қараб мавжуд тартиблардан фарқли методик усуллардан фойдаланади”.
Демак, педагогик маҳорат эгаси бўлиш учун ўқитувчи ўзида ҳам илғорликни, ҳам новаторликни (бунёдкорликни), ҳам ижодкорликни (тадқиқотчиликни) тарбиялаши лозим.
Ўқитувчи педагогик маҳоратини “Ўқитувчининг ахлоқий шаклланиши” йўналишида тадқиқ қилган профессор М. Очилов педагогик маҳоратни эгаллашнинг муҳим асоси ахлоқ деб таъкидлаб, касб ахлоқини шундай таърифлайди “Фаолиятнинг маълум бир соҳаси билан шуғулланувчи кишиларга тааллуқли ахлоқий нормалар, талаблар ҳам бор. Бундай ахлоқ касб (профессионал) ахлоқи дейилади. Ҳар бир жамиятда ҳукмрон бўлган ахлоқ билан касб ахлоқи ўртасида маълум бир муносабат мавжуд. Бу умумийлик билан хусусийлик ўртасидаги муносабатдир. Касб ахлоқи умуминсоний ахлоқ назариясининг қоидалари ва камчиликларини ўзида мужассамлаштиради, ойдинлаштиради ва ривожлантиради”.
Маълумки, педагогик маҳорат тизимида ўқитувчининг педагогик назокати (одоби) муҳим ўрин тутади. Ўқитувчи назокатсиз, касб одобисиз юксак чўққилар сари одимлай олмайди. Масалага шу нуқтаи – назардан ёндошилганда, профессор М. Очиловнинг сўзлари, ўқитувчи педагогик маҳоратига қўйилган талабларга мос ва ҳамоҳангдир.
Педагогик маҳоратнинг ўзига хос хусусиятларидан бири, унинг ўқитувчи шахси ва касбий фазилатларининг ўзаро боғлиқлигидадир. Ўқитувчи инсон сифатида шахсий фазилатларга эга бўлиши билан бирга, касбий, яъни ихтисослик фазилатларига эга бўлиши лозимлигини тажриба кўрсатмоқда. Буни юқорида касб ахлоқи тўғрисида билдирилган фикрлар мисолида ҳам кўрдик. Шунингдек, педагог ихтисослигининг кўпгина хусусиятлари М. Куронов, Б. Муранов ва М.Очиловлар томонидан ишлаб чиқилган ўқитувчи профессиограммасида ўз ифодасини топган. Айниқса, М.Қуронов, Б. Мурановларнинг ўқитувчи профессиограммаси асосан, ўқитувчини шахсий ва касбий сифатлари, унинг инсоний фазилатлари, билими, ташкилотчилиги, конструктив, гностик, коммуникатив малакалари, амалий кўникмалари тарзида изоҳланаган.
Ҳусусан, шахсий сифатлар тизимида: миллий мафкуравий онглилик, миллий одоблилик, фаросат, нозик дидлик, ўз касбига садоқат ва виждонийлик, ташаббускорлик, болажонлик, талабчанлик, адолатпарварлик, педагогик одоб, тадбиркорлик, қатъийлик, ҳар қандай вазиятда ўзини идора қила олиш, миллатлараро мулоқот маданияти, кузатувчанлик, самимийлик, топқирлик, келажакка ишонч, хушмуомалалилик ва ҳ.к.лар каби фазилатлар мисолида ифодаланган бўлса, касбий сифатлар тизимида: педагогик зийраклик, Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўлининг моҳиятини, ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг беш тамойилини, маънавий – ахлоқий янгиланишнинг негизларини билиши, миллий тарбиянинг моҳияти ва мазмунини чуқур англаши, мукаммал илмий-назарий салоҳият, педагогик ижод, ўз фанининг тарбиявий имкониятларидан хабардорлик, педагогик билимларни такомиллаштиришга интилиш, Ўзбекистон ҳукуматининг ички ва ташқи сиёсатидан хабардорлик, ўзбек халқининг анъаналари, қадриятлари, урф – одатларини яхши англаш, сиёсат, тарих, маданият, маънавият, адабиёт ва санъат, ахлоқшунослик, диншунослик, ҳуқуқшунослик, ўлкашунослик, техникага оид маълумотлардан хабардорлик, этнопедагогика, этнопсихологияга оид билимларга эга бўлиш ва ҳ.к. тарзида ўз ечимини топган 7.
Бўлажак педагогларда қайд қилинган миллий педагогиканинг фаолиятга тайёрловчи юқоридаги шахсий ва касбий сифатларга эга қилиш, унинг педагогик маҳоратини таркиб топтиришдир. Бу кадрлар тайёрлашнинг миллий дастури талабларини бажаришга амалий кўрсатмадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |