Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
www.ziyouz.com кутубхонаси
61
Тоғни қора булут босди. Булутлар бағрида сонсиз тасмалар тортилди: тоғга ёмғир ёғди.
Қоп-қора булутлар тобора пастлади. Қирлар булут ичида қолди.
Отамиз адири-у қирлар қоқ оралиғида бўлди. Отамиз мисоли жар оралиғида, улкан тош
устида ўтирди.
Жар тубсиз бўлди...
Отамиз ҳадемай ана шу жарга тушиб кета- ди. Тушиб кетишини биров-да билмайди. Биров-да
сўраб-суриштирмайди. Ном-нишонсиз йўқо-лади...
Кими-да сўрайди? Кими-да суриштиради? Кимида эслайди?..
Отамиз овози борича бақиради. Қўлларини узатиб бақиради.
Кими-да овоз беради? Қирларми? Қирлар акс садо беради. Майна қилмишдай, отамиз овозини
қайтаради.
Отамиз қўллари шалвираб қолади. Энди, ёлғиз таянчи бўлмиш, ёлғиз илинжи бўлмиш аёлини
чақиради.
Аёл қўлидан нима келади? Йиғи келади!
21
Қоп-қора булутлар Арчакўтал чўққиларини чалиб кетди. Телевизор стансия, Тўхтамиш това
қирлари-да кўринмай қолди. Булут катта лалми чўққиларини-да босди.
Шунда... шунда, булутлар орасида бир чол пайдо бўлди. Чол уст-бошлари оппоқ бўлди.
Соқоллари-да оппоқ бўлди.
Остидаги эшаги-да оппоқ бўлди. Тақимида узун ҳасса бўлди.
Отамиз чолни қаердадир кўргандай бўлди. Ўйлаб-ўйлаб, эслади: баргга борганда кўриб эди.
Отамиз кўнглига таҳлика тушди: «Ким бўлди, бу мўйсафид?» дея ўйлади.
Булутлар аро момақалдироқ қарсиллади. Айқаш-уйқаш тасмалар ёниб-ўчди: яшин чақнади.
Отамиз сесканиб тушди.
Чол парвойига-да келмади. Чол яқин келди. Юзлари яққол бўлди.
Отамиз чолдан кўз узмади. Кўнглидаги таҳликалар тарқала борди.
«Ким бўлди экан, бу мўйсафид? Самад бобомикин? Унинг эшаги қора эди-ку? Қарши
махсуммикин? Йўқ, махсум эшакни бефаросат ҳайвон деб минмайди».
Отамиз ўйлаб ўйига етди... Сесканди... Ёқа ушлади...
«Ё, қудратингдан! Чинингми шу?»
Ичида калима қайтарди. Чолга янада синчиклаб тикилди.
«Кўриниши айтиб турибди. Шундай бўлса-да, шошмаган маъқул. Ким билади, кўзимга шундай
кўриняптими. У кишида барчага аён белги бўлади. Шундан билса бўлади».
Отамиз сапчиб турди. Чолга пешвоз юрди. Қўли кўксида бўлди.
— Ассалому алайкум! — деди.
— Ваалайкум, болам, ваалайкум! — алик олди чол. — Ўтир, туриш даркор эмас, ўтир. Мен бир
йўловчи одамман. Хўш, болам, адирлардан кетмай қолдинг, нима, бирор сеҳри борми?
Отамиз чолга синчиклаб-синчиклаб тикилди. Аниқ бир фикрга келолмади.
— Сиз Самад бова эмасмисиз? — деди.
Чол рад маъносида бош чайқади.
— Ҳа-а, билдим, билдим! — деди отамиз. — Сиз Ҳасан миробсиз. Тоғдан сув ёқалаб келаяпсиз.
Тошлоқда сел келишидан қўрқиб, қир ошиб келаяпсизми?
Чол қаҳ-қаҳ урди.
Булутлар, адирлар кулгидан зириллаб кетди.
Ёмғир қиёлаб-қиёлаб ёғди.
Яшин тўлқинланиб-тўлқинланиб чақнади.
— Бўлмаса, кимсиз? Айтинг-да, одамни қўрқитмай!
Отамиз чол қошига келди.