www.ziyouz.com кутубхонаси
55
— Мен хўп, дедим, мисол учун. Мен бир ўйлаб кўрайин қани, дедим. Эртага бир хабарлашинг,
дедим. Бизнинг жойимиз ҳазилакам жойлардан эмас, дедим. Чин-да, шунча боғ-роғга қараб
ўтиришнинг ўзи бўладими, мисол учун! Жойимга кимни қўйсам экан деб, кечаси билан
ўйладим-ўйладим! Қишлоқда оти одам борки, барини битталаб ғалвирдан ўтказдим, барини
чертиб-чертиб кўрдим, мисол учун. Эртаси бригадирга, мен Қоплон акани ўрнимга лойиқ
топаман, дедим!
— Ҳа-а.
— Биламиз-да, ким қандайлигини, мисол учун!
— Қуллуқ, қуллуқ.
— Ана боғ, буюрсин, мисол учун. Қани, оллоҳ-акбар, мисол учун!..
Йўлдош қоровул кўч-кўронини йиғиштириб кетди.
10
Отамиз қоровулдан қолмиш чайлада чўнқайди. Тиззаларини қучоқлади. Теваракка назар
солди.
Сарғайди-сарғайди, ёлворди-ёлворди, боши етмиш жой шу чайла бўлди.
Нима учун шу чайла дея сарғайди-сўлди? Ёлғиз ўзи билди, ёлғиз худо билди.
Ўтирди-ўтирди... Худодан-да кўнгли қолди!
— Э-е-е, бор-е!.. — дея қўл силтади.
Отамиз... худога қўл силтади!
«Eй, худо, сен ўзи қаердасан, қайлардасан? — дея хаёлланди. — Сен ўзи, бормисан? Бор
бўлсанг, жавоб бер, юзага чиқ! Мендайин бир шўрпешона банданг билан юзма-юз бўл!
Мендайин бир хокисор банданг ҳолини кўр!
Айт, ўзи, мен бандангни нима учун яратдинг? Шу бечора-да дунёда юрсин, шу ғариб-да ўз
кунини ўзи кўриб юрсин, дея яратдингми?
Унда, мен бандангни-да хор қилма-да, эй, худо, мен бандангни-да ёлғиз қилма-да, эй худо!
Бандангни ярат-ярат, пушти камари билан ярат-да, эй, худо!
Eй, худо, эсимни таниганимдан буён худога сиғиниб келдим, худога топиниб келдим, худога
ишониб келдим.
Шундай экан, ҳар не қилсанг қил, пушти камарли қил-да, эй худо!
Дунёдан неча-неча подшолар ўтди, неча-неча ҳокимлар ўтди, неча-неча катталар ўтди...
Пуштсиз умрим мобайнида кўп-кўп подшолардан қайтдим, кўп-кўп катталардан қайтдим...
Аммо... аммо ёлғиз сендан қайтмадим, эй, худо!
Дилимда-да худо бўлди, тилимда-да худо бўлди!
Шундай экан, ҳар не қилсанг қил, пушти камарли қил-да, эй, худо!
Бандаларинг қай бир подшоларга сиғинмади, бандаларинг қайбир катталарга сиғинмади.
Бандаларинг нималарга сиғинмади, бандаларинг нималарга топинмади...
Бандаларинг динидан қайтди, бандаларинг худосидан қайтди, бандаларинг имонидан қайтди!
Сен айнан ана шу бандаларингни зурриётли қилиб яратдинг, эй, худо!
Ожиз қолмишларимда, чор-ночор қолмишларимда, хокисор қолмишларимда:
— Эй, худо, ўзинг сақла! Эй, худо, ўзинг мадад бер! — дедим.
Асло, асло:
— Эй, партия, ўзинг сақла! Эй, комсомол, ўзинг мадад бер! — демадим.
Аммо шундай дегувчилар бўлди! Бандаларинг шу даражага-да борди!
Сен келиб-келиб, айнан ана шу бандаларингни зурриётли қилиб яратдинг, эй, худо!
Мен бандангни шайтон йўлдан оздирган вақтлар бўлди, шайтон ёмон йўлга бошлаган вақтлар
бўлди.
Шунда, ўзимга-ўзим:
— Эй, банда, худодан қўрқ! — дедим-да, йўлдан қайтдим.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |