Мич Элбом. Моррининг сешанба дарслари
www.ziyouz.com
kutubxonasi
37
фақат битта банк хизматларидан фойдаланаман ва фақат битта сартарошга
қатнайман. Ёшим ўттиз еттида; компьютер, модем ва мобил телефонлар
асирига айланганман, меҳнат самарадорлигим университет давридагидан
кўра анча юқори. Мен каби кишиларни назарига ҳам илмайдиган бадавлат
спортчилар ҳақида мақолалар ёзаман. Энди ёшим атрофимдагилардан
кичик ҳам эмас, ортиқ кулранг жемферлар кийиб олиб, ёқилмаган сигаретни
лабимга қистириш орқали каттароқ кўринишга уринмайман ҳам.
Тухум салатли сендвич танаввул қилиш баҳонасида ҳаёт мазмуни ҳақида
охири йўқ муҳокамаларга киришмайман.
Иш кўплигидан нафас олишга ҳам вақтим бўлмаса-да, негадир ҳаётдан
қониқмаслик ҳисси мени таъқиб қилаверади.
Менга нима бўлди?
– Мураббий, — деб юбордим беихтиёр унинг эски лақаби ёдимга тушиб.
Моррининг юзига нур югурди.
– Шундай. Мен ҳали ҳам мураббийингман.
У жилмайиб қўйди ва қирқ дақиқа олдин бошлаган таомини ейишда давом
этди. Мен унинг овқатланишини томоша қилдим: қўллари шу қадар
эҳтиёткорона ҳаракатланардики, кўрган киши Морри эндигина қўлларидан
фойдаланишни ўрганяпти деб ўйларди. У пичоқни маҳкам тута олмасди:
бармоқлари қалтирарди. Ҳар бир тишлам унинг учун бутун бир кураш эди:
ютишдан олдин луқмасини майдалаб чайнарди. Баъзан чайнагани оғиз
четларидан оқиб тушар, у эса сочиқча билан лабини артиш учун қўлидагини
Мич Элбом. Моррининг сешанба дарслари
www.ziyouz.com
kutubxonasi
38
қўйишга мажбур бўларди. Териси билагидан муштигача қарилик доғлари
билан қопланган ва шўрвадаги товуқнинг терисидек осилиб қолганди.
Биз – хаста қария ва ёш ҳамда соғлом эркак бир оз муддат хона сукунатига
ғарқ бўлиб, шу тахлит овқатландик. Хонадаги жимлик ўнғайсиз эди, лекин бу
ўнғайсизликни фақат мен ҳис қилаётгандек эдим.
– Ўлим, — деди тўсатдан Морри, — қайғу чекишга арзигулик ягона
нарса, Мич. Бахтсиз ҳаёт кечириш умуман бошқа масала. Мендан хабар
олгани келганларнинг кўпчилиги бахтсиз.
– Нега?
– Хўш, биринчидан, мавжуд қарашларимиз одамларга ўзларидан қониқиш
ҳосил қилиш имконини бермайди. Биз ёшларга янглиш қадриятларни
сингдирамиз. Жамиятда мавжуд қарашлар ҳаётингни заҳарласа, уларга
амал қилма, дейиш учун жасорат керак. Бундай ҳолларда ўз қарашларингни
ярат. Бу нарса аксарият кишиларнинг қўлидан келмайди. Улар мендан ҳам
бахтсизроқ, ҳаттоки ҳозирги аҳволимда ҳам. Мен ўлаётган бўлишим
мумкиндир, лекин мени яхши кўрадиган, меҳрибон яқинларим ёнимда.
Бундай дея оладиганларнинг сони нечта деб ўйлайсан?
Мен унинг заррача ҳам ўзига ачинмаётганидан лол қолдим. Рақс тушиш,
сузиш, ювиниш ва ҳаттоки юриш бахтидан мосуво Морри; эшиги тақилласа,
бориб жавоб бера олмайдиган, ювиниб чиққач, артинишни эплай
олмайдиган, ётоқда мустақил бошқа томонга ўгирилиб ётишга ҳам
ярамайдиган Морри. Қандай қилиб шунча нарсани бу қадар хотиржам қабул
Мич Элбом. Моррининг сешанба дарслари
www.ziyouz.com
kutubxonasi
39
қилиш мумкин? Унинг санчқини зўрға ишлатаётганини кузатдим: помидор
бўлагини олишга уринди, дастлабки икки уринишда уддасидан чиқа олмади
– қандай ачинарли ҳолат; шунга қарамасдан, Моррининг ёнимда эканлиги,
худди талабалик йилларимдагидек, менга қандайдир осойишталик бахш
этганини инкор этолмайман.
Қўл соатимга кўз ташладим, тарки одат – амри маҳол, жўнаш вақтим
яқинлашиб қолганди, уйга қайтиш парвозим вақтини ўзгартиришимга тўғри
келади, менимча.
– Биласанми, мен қандай ўламан? — сўради у.
Унга ҳайратланиб қарадим.
– Бўғилиб ўламан. Кўксов туфайли ўпкам хасталикка дош беролмайди. ALS
тобора юқорилаб боряпти. Аллақачон оёқларимни ишдан чиқарган. У тез
орада билакларим ва қўлларимга етиб келади. Ва навбат ўпкамга келганида,
— елка қисиб қўйди у, — умрим ниҳоясига етади.
Унга нима дейишни билмасдим.
– Биласизми...Олдиндан бирор нарса деб бўлмайди, — дедим каловланиб.
Морри кўзларини юмди.
– Мен биламан, Мич. Лекин сен қўрқма. Яхши умр кечирдим, ўлим ҳақлигини
эса ҳаммамиз биламиз. Яна тўрт-беш ойча вақтим қолган бўлса керак.
– Қўйсангиз-чи, — дедим асабийлашиб, — Ҳеч ким аниғини билмайди…
Мич Элбом. Моррининг сешанба дарслари
www.ziyouz.com
kutubxonasi
40
– Мен биламан, – майин овозда жавоб қайтарди Морри. — Буни аниқлаш
мумкин бўлган кичик тест ҳам бор. Менга шифокор кўрсатганди.
– Тест?
– Бир неча марта нафас ол.
Унинг айтганини бажардим.
– Яна бир марта нафас ол, фақат бу сафар нафас чиқараётганингда яна
нафас олишдан олдин улгурганингча сана.
Нафас чиқарар эканман, тез санай бошладим.
– Бир, икки, уч, тўрт, беш, олти, етти, саккиз…
Нафасим тугашидан аввал етмишгача санашга улгурдим.
– Яхши, — деди Морри. — Ўпканг соғлом. Энди мени кузат.
У нафас олди ва паст, қалтироқ овозда санай бошлади.
– Бир, икки, уч, тўрт, беш, олти, етти, саккиз, тўққиз, ўн, ўн бир, ўн икки, ўн уч,
ўн тўрт, ўн беш, ўн олти, ўн етти, ўн саккиз…
Шундан сўнг тўхтаб, ютоқиб нафас олди.
– Шифокор биринчи марта бу машқни қилишимни сўраганида, йигирма
учгача санаган эдим. Ҳозир эса ўн саккизгача.
Мич Элбом. Моррининг сешанба дарслари
www.ziyouz.com
kutubxonasi
41
У кўзини юмди ва бош чайқади:
– Ёнилғи баким деярли бўшаб қолган.
Асабларим таранглашганидан сонимга муштладим. Кўрганларим бир кун
учун етарли эди.
Морри билан қучоқлашиб хайрлашдим.
– Кекса профессорингни яна кўргани кел.
Охирги хайрлашувимизда берган шу каби ваъдамни эсламасликка ҳаракат
қилиб, ундан яна хабар олгани келишга сўз бердим.
Морри бизга ўқишни буюрган китобларни университетдаги китоб
дўконидан харид қиламан. Авваллари мен мавжудлигини ҳам билмаган
китобларни сотиб оламан: “Ёшлик: шахсият ва инқироз”, “Мен ва сен”,
“Шахснинг иккиланиши”.
Университетга киришдан олдин инсон муносабатларини ўрганиш алоҳида
фан
ҳисобланиши
мумкинлигини
тасаввуримга
ҳам
сиғдира
олмасдим. Моррини учратгунимча, бундай нарсаларга ишонмасдим.
Унинг китобларга бўлган иштиёқи шу қадар чексизки, юқтириб
олмасликни иложи йўқ. Баъзан дарсдан кейин, синфхона бўшагач, жиддий
суҳбатга киришамиз. У менга ҳаётим тўғрисида саволлар беради, кейин
эса Эрих Фромм, Мартин Бубер, Эрик Эриксондан иқтибослар келтиради.
Маслаҳат берар экан, ўзи ҳам айнан шундай фикрдалиги аниқ бўлса-да, кўп
Мич Элбом. Моррининг сешанба дарслари
www.ziyouz.com
kutubxonasi
42
ҳолларда уларнинг фикрларини келтириб ўтади. Айнан шу лаҳзаларда мен
унинг шунчаки “амаки” эмас, ҳақиқий профессор эканлигини тушуниб
етганман. Кунларнинг бирида менинг ёшимда жамият мендан нималарни
кутиши ва ўзим нимани хоҳлашимни аниқ фарқлаб олиш қийинлигидан
шикоят қилдим.
– Сенга қарама-қаршиликлар тортишуви ҳақида айтганманми? — сўради
у.
– Қарама-қаршиликлар тортишуви?
– Ҳаёт тортишувлар кетма-кетлигидан иборат: гоҳ олдинга, гоҳ орқага.
Сен ниманидир қилишни хоҳлайсан, лекин бутунлай бошқа нарсани
қилишга тўғри келади. Ўзинг учун мутлақо безарар деб ўйлаган нарсанг
сени жароҳатлайди. Ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмаслигини билсанг ҳам
маълум нарсаларга улар бор бўлиши шартдек қарайсан. Қарама-
қаршиликлар тортишуви резина боғични таранг тортганингдаги
ҳолатга ўхшайди. Кўпчилигимиз эса шу боғичнинг ўртасида яшаймиз.
– Кураш мусобақасини эслатаркан, — дейман мен.
– Кураш мусобақаси, — кулади у. — Ҳа, ҳаётни шундай тасвирласа ҳам
бўлади.
– Хўш, бу курашда ким ғолиб чиқади? — сўрайман мен.
– Ким ғолиб чиқади? — жилмаяди у эгри тишларини кўрсатиб. Кўзлари
атрофидаги ажинлар йиғилади. — Муҳаббат ғолиб чиқади. Ҳар доим
муҳаббат ғалаба қозонади.
Мич Элбом. Моррининг сешанба дарслари
www.ziyouz.com
kutubxonasi
43
Do'stlaringiz bilan baham: |