259
7-БОБ. АҲОЛИ ПУНКТЛАРИНИНГ (ШАҲАРЛАР,
ПОСЁЛКАЛАР ВА ҚИШЛОҚ АҲОЛИ
ПУНКТЛАРИНИНГ) ЕРЛАРИ
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига асосан аҳоли
пункти ерлари бутун ер фондининг алоҳида мустақил тоифасини ташкил этади
ҳамда ўзига хос ҳуқуқий ҳолатга эга бўлади. Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳоли
пунктларининг ерлари 237,1 минг гектарни ѐки умумий ер фондининг тахминан
0,5 фоизини ташкил этади.
Ҳозирга қадар ер ҳуқуқи назариясида аҳоли пункти ерлари тушунчасига
қатор ҳуқуқшунос олимлар томонидан турлича таърифлар берилган бўлиб,
уларнинг барчаси шаҳар (посѐлка)лар ва қишлоқлар ҳудуди ерларининг
ҳуқуқий ҳолатини тавсифлашга қаратилгандир. Аҳоли пункти ерларининг
ҳуқуқий ҳолати ҳақида гап борганда, энг аввало «аҳоли», «шаҳар», «посѐлка»,
«қишлоқ», «овул», «пункт», «ер», «аҳоли пункти ерлари» каби тушунчалар
маъносини келтириш лозим.
Аҳоли
-
ер юзида ѐки унинг муайян ҳудуди, қитъа, мамлакат, туман,
шаҳарда истиқомат қилувчи одам (инсон)лар мажмуи, ишлаб чиқариш ва барча
ижтимоий муносабатларнинг асоси ва субъектидир. Шаҳарлар маданий ва
илмий марказ бўлиб, улар аҳолисиинг сони, иқтисоди ва саноатининг
ривожланганлиги, маданий, илмий ва ўқув масканларининг мавжудлигига
қараб фарқланади. Посѐлка эса маъмурий-ҳудудий бирлик, шаҳар чизиғидан
ташқарида жойлашган аҳоли пункти (шаҳар типидаги посѐлка) ҳисобланади.
Шаҳарча туркумига саноат корхоналари, қурилишлар, темир йўл станциялари
ва бошқа муҳим объектлар яқинида жойлашган аҳоли пунктлари киритилиши
мумкин. Қишлоқлар – шаҳар ҳудудига кирмайдиган, маълум аҳоли сонига эга
бўлган, қишлоқ марказлари ва маълум саноат объектлари атрофида истиқомат
қилувчи аҳолининг яшаш жойларидир. Овуллар эса уларга нисбатан кичикроқ
ҳажмдаги яшаш ва турар жойлардан иборат аҳоли пунктларидир. Пункт
деганда бирор жиҳатдан ажралиб турадиган, муайян мақсадларга мўлжалланган
жой (мас., кузатиш п-ти) тушунилади. Ер табиий ресурс сифатида халқимизниг
миллий бойлигидир. Шунингдек у эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф
қилиш предмети ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мустақил объектидир.
Юқоридаги атамаларни умумлаштирган ҳолда аҳоли пункти ерлари
тушунчасига қуйидагича таъриф бериш мумкин: аҳоли пункти ерлари деганда,
давлат ер фондининг бошқа тоифаларидан ўзига хос хусусиятлари, ҳуқуқий
ҳолати, фойдаланишнинг асосий мақсадига кўра ажралиб турадиган, Ер
кодекси, шаҳарсозлик ва ер тузиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида шу
мақсадлар учун белгилаб қўйилган ерлар тушунилади.
Аҳоли пункти ерлари энг аввало аҳоли муқим яшаш жойи бўлиб
ҳисобланади. Ушбу тоифадаги ерлар билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар
фуқароларнинг ердан фойдаланишдаги табиий ҳуқуқини таъминлаш (ердан
яшаш, жойлашиш ва шу мақсадда уй-жой қуриш) ҳамда мулкчиликнинг турли
шаклларида бўлган юридик шахсларни ҳудудий асос бўлган ерда
жойлаштириш билан боғлиқ муносабатлардан келиб чиқади. Шу ўринда, аҳоли