www.ziyouz.com kutubxonasi
91
ҳалқани қутидан олиб қулоғиға тақди. Шу соддагина ясанишдан сўнг, иккинчи тоқчада
тироғлиқ турған кўзги ёниға борди. Кўзги ичидан тўзғиб, чувалиб кўринган соч толала-рини
тўғрилаб ўзини кузатди. Кўзги ичидан кўринган малак ўз эгасини ҳам кайфландириб секингина
илжайиб қўйган эди, нариги ёқдағи фитнаи даврон ҳам садафдек оқ тишларини ёқут каби
иринлари орасидан кўрсаткандек бўлди. Бу ҳуснга оталиқ вазифасини ўтағандек кўринган
латиф бурни ёнидағи қора холини табиийлиғиға ишонмағандек қашиб кўрди ва кўзги ёнидан
жўнади. Жўнар экан, «...чиройлик бўлса ҳам меникидек холи йўқдир», деб кўнглидан кечирди.
Кечки олов вақтида ташқари ҳовлисида у-буга овора бўлиб юрар эди. Бу кунги кўрган туши
уни ортиқ ишонтирган, шунинг учун Тўйбеканинг ташқари ҳавли-да қиладирған юмишини
ҳам ўзи бажармоқда, Тўйбекадан сув сепдириб ўзи ер супурар экан, қулоқ-лари йўлак
томондан эшитиладирган оёқ товушларида эди.
Ҳавлидаги икир-чикир ишларни тамомлағач, айвоннинг олдиға ўлтуриб тузатинди,
тузатинар экан йўлакдан юриб келмакда бўлған бир оёқ товшини эшитиб юраги нима учундир
ошиқиниб-шопириниб кетди. Оёқ товши ичкарига яқинлаған сайин ул ўзида титроқ аралаш бир
ҳол сезар эди. Ниҳоят, йўлакдаги оёқ товши тугалиб, Кумуш кутмаган жойда паранжилик бир
хотин келиб чиқди. Кумуш узоқ бир энтикиб қўйди.
Хотин Кумушка қараб келар эди. Ул ердан бичиб олғандек пак-пакана, бурни юзи билан
баробар деярлик теп-текис, кўзи қоққан қозиқ ўрнидек чуп-чуқур, оғзи қулоғи билан қошиқ
солишар даражада жуда катта, юзи қирқ йиллик оғриқларникидек сап-сариқ, қирқ беш ёшлар
чамасида бир хотин эди. Кумушбиби ўзига томон келгучи бу даҳшатлик хотинни умрида
биринчи мартаба кўрар эди. «Нима қилиб юрибти бу оч арвоҳ!» деб ўйлади. Хотин ўн адимлаб
узоқдан юзига совуқ ва тушда қўрқарлиқ бир кулги туси берди. Димоғи билан «қих» этиб
қўйди.
— Хи-хи-хи, айланай сиздан, пошша қиз! Мирзакаримбойнинг ҳавлилари шуми? — деб
сўради. Кумуш «шу» жавобини бергандан сўнг ўзи билан кўришмакчи бўлған бу хотин олдиға
икки адим юриб тилар-тиламас елкасини тутди. Унинг тўғри мавзун қоматига ердан бичиб
олинған мудҳиш хотиннинг қўллари зўрға етди-да, «есонмисиз, пошша қиз» деб сўрашди.
Хотин паранжаси билан айвоннинг олдиға ўлтуриб олғач, «уфф» деб чайқалди ва «анча йўл
экан, тинкаларим қуриб кетди-я?» деб шикоятланди.
— Мирзакаримбойнинг ҳавлилари аниқ шуми?
— Шу.
— Сиз кимлари бўласиз бойнинг?
— Мен, қизлари.
— Қих... сизга берсам ҳам бўлар экан, — деди хотин ва ёнчиғидан бир хат чиқарди. — Ўғлим
Тошканд билан Марғилон орасида қатнаб олиқ-сотиқ қиладир. Бу гал Тошканддан қайтишида
бирав унга шу хатни бериб, Мирзакаримбойнинг ҳавлиларига тез еткузиб берасиз, деб илтимос
қилибдир. Қих, хи-хи, айланай сиздан пошша қиз, қих... Махтанғулиқ бўлмасин, ўғлим ҳам
ўзимга ўхшаш биравнинг хизмати йўлида ўлиб қутиладир: бу кун туш вақтида Тошканддан
келди-да, онаси билан сўрашишни ҳам билмай шу хатни қўлимға тутқизди. «Жон она, ўзим
йўлда жуда уриниб келдим, санга адабсизлик бўлса ҳам даррав Мирзакаримбойникини
сўроғлаб шуни элтиб бер, бергувчи тез берасиз деб ўтинган эди», деди. Мен ҳам
кўнгилчангман, айланай пошша қиз, касалдан яқинда турганим учун бир қадам босишға
тоқатим бўлмаса ҳам савобдан қуруқ қолмайин, деб сургала-сургала ҳавлингизни сўроғлай-
сўроғлай топқунимча ўлиб бўлдим... қих... — деди. Кумуш хатни хотиннинг қўлидан олиб
раҳмат айтди ва хатнинг унвонига кўз ташлади: «Марғилон шаҳрида сокин Мирзакарим
қутидор ҳавлисиға».
— Янглишмабсиз, ойи.
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |