www.ziyouz.com kutubxonasi
53
мактубга ва уни келтиргучи хотинга қарашмоқда эдилар. Қушбеги мактубни иккинчи мартаба
ўқуб чиқиб хотинга қаради:
— Ўлтурингиз, синглим, — деди.
Хотин ўлтирмакчи бўлған эди паранжи ичидан унинг атлас кўйлаклари ва нафис оқ қўллари
кўриниб кетди. Қушбеги ер остидан хотинни кузатдида, қўлидағи мактубнинг орқа, ўнгини
текшириб қаради. Мактуб анчагина уринған, қоғози шалоқланған эди. Сўнгра хотиндан сўради:
— Қутидор билан Отабекнинг кими бўласиз, синглим?
— Қутидорнинг қизи, Отабекнинг хотини.
Бу сўзни эшиткучи аъён бир-бирларига қарашиб қўйдилар.
— Буни нега илгарироқ олиб келмадингиз?
Қушбегининг бу саволидан Кумушбиби қўрқунч бир маънони онглади. Гўё «иш ўткан сўнг
келибсан» дегандек тушунган эди. Шунинг учун ул титроқ бир овоз билан сўради:
— Энди ярамайдими?
— Йўқ, йўқ, қизим, — деди қушбеги, — мен нега кеча ва ўткан кунларда олиб келмадингиз
демакчиман.
Кумушбиби бир энтикиб қўйди ва ўзини тўхтатиб:
— Ўзим ҳам бу мактубни шу букун кўрдим, — деди.
— Мактубни илгари кўрмаган эдингизми?
— Кўрмаган эдим.
— Мактуб қаерда экан?
— Унинг эски камзулининг чўнтагида экан.
Шу гапдан кейин қушбеги мактубни ўзига яқин ўлтурған Азим понсад бошиға узатди:
— Сиз ҳам ўқуб кўринг-чи, понсад, — деди ва Кумушдан сўради, — ўқуғанмисиз?
— Ўқуғанман.
— Эрингизнинг ҳукуматка қарши ҳаракатини илгари ҳам билар эдингизми?
— Қанақа ҳаракатини?
— Масалан, биз отангиз билан эрингизни нима учун осмоқчи бўлдиқ?
— Ҳақсиз, гуноҳсиз!
— Бу мактуб билан эрингизни ўлимдан қутила олишини сизга ким айтди?
— Ўзим билдим.
— Бўлмаса илгаридан эрингизнинг ўша ҳаракатини ҳам билар экансиз-да?
— Йўқ, тақсир, — деди Кумуш. Қушбегининг мақсадиға энди тушуниб олган эди, — мен онам
билан то шу кунгача уларнинг нима гуноҳ билан қамалған-ларини билалмай ҳасратда эдик.
Фақат бу кун кишиларнинг оғзидан эшитиб билдикки, сиз уни Тошканддан исён чиқарғали
келгучи, деб гуноҳкор қилур экансиз. Онам билан маним бахтимга кутмаган жойдан
мўъжизадек бу мактуб топилди-да, мен хизматингизга югирдим... — Кумуш сўзини тугата
олмади, чопишидан ҳаллослаган Пирмат даҳлиздан кўриниб, бекка қуллуқ қилди:
— Дор ёнидан қайтишдилар!
Кумушбиби сачраб Пирматнинг юзига қаради ва узоқ тин олиб қўйди. Шу чоқғача хат ўқуб
ўлтурган понсадбоши мактубдан яхши асарланган эди. Мактубни ёнидағиға берар экан,
қушбегига деди:
— Бу хат тошкандлик Юсуфбек тўғрисидаги фикри-мизни тамом ўзгартадир, тақсир! Унинг
Азизбек томонлиқ бир киши эканлиги Фарғонанинг ҳар бир хос ва оми оғзида нақл қилинса ҳам
аммо ҳеч бир кимса унинг ичига кириб чиқмагандир. Ҳар кимнинг кўнг-лидагини ёлғиз бир
худодан бошқа ким билсин!
«Ёв қочса ботир кўпаяр» қабилидан шу чоқғача лом демай ўлтурган шаҳар аъёнлари ҳам
масалани онглаб, сўзга аралаша кетдилар:
— Худо ҳақни ноҳақ қилмади, бечора ёш йигитнинг ҳақсизга қони тўкилмади.
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |