www.ziyouz.com kutubxonasi
185
Маълумки, киши ойнага боққанда нечоғлиқ айбсиз бўлса ҳам ўзини бир камчилиги орқалиқ
кўрадир. Шунга ўхшаш бир қарашда Кумуш ҳам ўз-ўзидан рози қолмади. Шаҳло кўзлар, ўсиқ
жинггила кипраклар, қундуз қош ва қора холлар ва бошқа латофатлар ўзига писанд
бўлмадилар... Ўзини Зайнабка қарағанда сиқиқ, ёш, боласифат кўрди... Ойнани токчаға қўйиб
Зайнабка чинлаб ҳасадланган ҳолда келиб бояғи ўрнига ўлтурди. Анчагина ўйлаб ўлтурғандан
кейин кўнглига «у мени суйса бўлди-да», деган гап келди... Ўзининг бу ҳукмига рози бўлмади,
гўё ўзининг суйилиши бир неча ойлиққағина ўхшар, Зайнабнинг тўлған ойдек юзи бу
суйилишка шу беш-ўн куннинг ичидаёқ хотима бературғандек кўринар эди. Шу кўриниш
орасида Зайнабни яна ўз кўзидан яхшилаб ўткармакка ва унинг ҳусн кучини синамоққа қарор
бериб ўрнидан турди...
Кумуш кирганда Зайнаб дарича ёнида тўппи тикиб ўлтурар эди.
— Ойим айткандек, — деди кулиб Кумуш, — сиз билан юлишқали келдим.
Зайнаб тўпписини қўйиб ўрнидан турди:
— Мен ҳам олдингизға чиқайми, деб турған эдим...
Кумуш истеҳзо билан кулди:
— Тўппи тикиб ўлтурибсиз-ку, маним олдимға чиқармидингиз, баракалла сизга, — деди.
Зайнаб бир сабаб кўрсаталмай ўнгғайсиз ҳолда қолди. Дарҳақиқат, унинг бу иши очиқдан-очиқ
болаларча кетган эди. Кумуш уни ўнгғайсиз ҳолдан чиқариш учун тикилган тўппини ердан
олиб кўрган бўлди.
— Чокни яхши тикар экансиз, кимга?
— Биравга атағаним йўқ, ахир биттаси кияр... Ўлту-ринг.
Икки кундаш қаршима-қарши ўлтиришдилар. Кумуш унга тикилиб-тикилиб қарар эди...
Зайнаб бояғи ўнг-ғайсизлиқдан ҳали чиқиб етмаган, қизаринқираб ерга боққан эди. Бир-икки
дақиқани сўзсиз кечирдилар.
— Чиқмағанимни ҳам кўнглингизга олибсиз-да, — деди ниҳоят Зайнаб.
— Нега кўнглимга олай, мен ёш боламанми, — деди,— келганимга ўн беш кун бўлмасдан
ўзингизни четка тортиб бошладингиз... Мен сиз билан эгачи-сингил бўлармиз, деб ўйлаған
эдим...
— Ҳали нима бўлибмиз... Арзимаган гапни ҳам кўнглингизга олаберсангиз...
— Бу арзимаган гапми? — деди Кумуш, — уйда ҳеч ким йўқлиғини билатуриб ўзингизни
четка тортасиз... Бу эса юзингни кўришга тоқатим йўқ деганингиз бўладир.
— Қўйинг-чи... Ўзингиз ҳар бир нарсани ҳам кўнг-лингизга олаберар экансиз... мен унақа
эмасман...
Бошланишда анчайин ҳазилга ўхшаб кўринган бу кинахонлиқ кутилмаган жойда бир тус
олиб кетди. Кумуш ўн беш кунлардан бери йиғилиб келган аччиғини бир варакай тўкиб солди:
— Мен кўнглимга олсам арзийдирганини билиб оламан, — деди.
— Олдингизға чиқмағаним юзингизни кўрмаслик учун бўлғанини сиз қаёқдан билдингиз,
маним ичимга кириб чиқмағандирсиз-ку, ахир?
Зайнаб ҳам анча қизишиб олди. Кумуш ундан ҳам ошиб тушди:
— Билиш учун ичингизга кириб чиқишим шарт эмас... Баъзи ишларингиз ичингиздагини
менга очиқ сўзлайдир.
— Қайси ишларим?
— Сўраманг...
— Билмаган бўлсам билдириб қўйинг, ахир.
— Айтсам яна аччиғингиз қистайдир...
— Тўғри гап бўлса аччиғим сира қистамайдир...
Яқинроқда юмиш қилиб юрган Ойбодоқ эшитмасин учун секинроқ товушда:
— Қистамаса айтай, — деди Кумуш, — эрингиз маним олдимға кирса, нега ишингиз бўлса-
бўлмаса кириб ўлтириб оласиз-да, ёлғиз қолғанимда кирмайсиз?
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |