19.2 Хоналарнинг қулайлигини ошириш
Хоналарнинг тузилиши бино ва унинг элементлари қулайлигининг
асосий омилидир. Хоналар таркиби, уларнинг майдони, пропорциялари,
жойлашуви ва ўзаро боғланиши иншоотнинг маънавий қийматига таъсир
кўрсатади, тузилиш функцияси (вазифа)га бўйсундирилади. Дарҳақиқат, у
ёки бу бино ўзи бажарадиган вазифа учун яратилади. Шунинг учун бинонинг
ва бино элементларининг композицияси ушбу бинода кечадиган
жараёнларнинг ўзаро боғлиқлигини белгилаб берадиган функционал схемага
мувофиқ ҳал этилади. Бу ўринда квартираларнинг режавий ечимлари иншоот
тузилишини, унинг функциясига (вазифага) бўйсундиришнинг ёрқин мисоли
бўлиб хизмат қилади.
Уй ускуналари ва элементлари инсоннинг физиологик хусусиятларига
мослаштирилади. Масалан, кўпчилик кишилар ўнг қўли билан яхшироқ иш
қилиши ҳисобга олинган ҳолда, эшик ва деразалар кўпроқ ўнг томонга
очилади, икки табақали эшик ва деразаларда эса дасталар ўнг томонга
ўрнатилади. Эшиклар габаритлари, зинапояларни ўраб турган панжаралар ва
санитария-техника жиҳозларини ўрнатиш баландлиги ҳам қулайлик нуқтаи
назаридан кам аҳамиятга эга эмас. Бу ўлчамлар инсоннинг антропометрик
тавсифларига мослаштирилган. Зинапоялар ҳаракатланиш учун қулай тарзда
жойлаштирилади. Уларнинг нишаблари кўтарилиш пайтида инсон ҳис
қиладиган жисмоний юкламалардан келиб чиқади, зина пояларнинг катта-
кичиклиги эса чиқиш ва тушиш пайтидаги қадамлар ўлчамларига
мослаштирилади.
Муҳандислик ускуналари бино қулайлигини белгилаб берадиган
асосий омиллардан саналади. Замонавий шаҳар уйини марказий иситиш
тармоғи, водопровод, канализация, электр ёритиш, радиоэшиттириш,
телевидение ва телефонсиз тасаввур этиб бўлмайди. Иссиқ сув таъминоти,
газ, марказлашган ахлат йиғиш тизимлари ҳам маиший турмушга кенг жорий
этилган. Кўп қаватли уйлар лифтлар билан жиҳозланган. Жамиятнинг техник
имкониятлари ортиб бориши билан муҳандислик ускуналарининг техник
савияси ҳам ортиб бориши қонуний ҳолдир. Масалан, анъанавий лифтлар
ўрнига дастурий бошқарув ва хотира қурилмалари билан таъминланган
лифтлар монтаж қилинмоқда.
Ҳавфсизлик қулайликнинг муҳим омилларидан биридир, чунки инсон
қадим даврлардан буён, агар унинг яшаб турган уйи потенциал ҳавф
туғдирадиган маскан бўлса, бундай уйни яшаш учун қулай деб билмайди.
Ҳаракатланиш
йўлларининг
ноқулай
режалаштирилгани,
конструкцияларнинг етарли даражада мустаҳкам эмаслиги ёки муҳандислик
ускуналарининг ёмон созлангани бахтсиз ҳодисаларнинг сабабчиси бўлиши
мумкин. Масалан, механик ускунадаги носозликлар жароҳатларни келтириб
чиқариши, иссиқлик ташувчисидаги носозликлар куйишларга олиб келиши,
газ ва электр хўжалигидаги носозликлар эса портлаш ёки ёнғинга сабаб
бўлиши мумкинлигини кишилар ўз кундалик ҳаётларида кўп кузатганлар.
Ёнғин ҳавфсизлиги нафақат эҳтимолий ёнғин чиқиш манбаларининг
носозлигига, балки бинонинг турли қисмлари қай даражада осон ўт олиши
мумкинлигига, яъни конструкцияларнинг оловбардошлигига ҳам боғлиқ.
Оловбардошилилик иккита омилдан иборат: ўт олиш даражаси ва
оловбардошлилик чегараси.
Ўт олиш даражасига кўра конструкциялар ёнмайдиган, қийин ёнадиган
ва ёнадиган турларга бўлинади. Анорганик материаллардан тайёрланган
конструкциялар ёнмайдиган конструкцияларга мансубдир, оловбардошликни
ошириш учун махсус ишлов бериладиган ёнадиган органик материаллардан
тайёрланган конструкциялар ёнадиганларига киритилади. Қийин ёнадиган
конструкциялар ёнмайдиган ва ёнадиган конструкцияларнинг бирикувидан
иборат бўлади.
Оловбардошлилик чегараси деб ўт ёки юқори температураларнинг
конструкцияларга улар ўз юк кўтариш қобилиятини йўқотгунга қадар
кўрсатган таъсирининг соатда ўлчанган давомийлиги, исимайдиган юзаларда
чуқур дарзлар (тешиклар)нинг пайдо бўла бошлаши ёки бу юзаларнинг
температураси 140˚С дан ошишига айтилади.
Оловбардошлилик даражаси бўйича биноларнинг конструктив
қисмлари беш гуруҳга бўлинади. Бунда юқори оловбардошлилик чегарасига
эга бўлган ёнмайдиган конструктив қисмлар 1-даражага мансуб бўлади, агар
бундай сифатлар қисман ёки бутунлай йўқ бўлса, конструктив қисмларга 2-
дан то 5-гача пастроқ даража белгиланади.
Бинонинг
архитектура-режавий
ечими
ундан
фойдаланиш
ҳавфсизлигига таъсир кўрсатади. Бу ўринда нафақат режа асосига қўйилган
умумий тамоиллар, балки ҳар бир алоҳида деталь катта аҳамиятга эга.
Масалан, айтайлик, зинопоянинг чиқишга жуда яқин жойлашган биттагина
пиллапояси кўринишидаги “майда” деталь кишиларнинг унга қоқилиб
йиқилишига сабаб бўлади. Коридорга очиладиган эшик эса унинг ёнидан
ўтиб кетаётган кишига жароҳат етказиши мумкин.
Тўғри лойиҳалаштирилган эвакуация йўллари ҳавфсизлик нуқтаи
назаридан алоҳида аҳамият касб этади. Бу тушунчага бинонинг йўлаклар,
ўтиш хоналари, эшик ўринлари, зинапоялар каби элементлари киради. Бу
элементларнинг ўлчовлари кишилар оқимининг физиологик тавсифларини
ҳисобга олган ҳолда танланади. Масалан, йўлаклар ва эшикларнинг эни
кишилар бир-бирининг кетидан бир қатор бўлиб ҳаракатланаётган битталик
оқим энига нисбатан олинади. Бундай оқимнинг эни камида 500 мм га тенг
бўлиши лозим. Қатордаги кишилар ўртасидаги масофа кишилар оқимининг
чизиқли зичлиги тушунчасини келтириб чиқаради. Бу тушунча битта кишига
тўғри келадиган бўш йўл участкасининг узунлигини ифодалайди. Эвакуация
жараёни максимал зичликдаги кишилар оқимини эвакуация қилиш вақти
билан тавсифланади. Эвакуация йўлларининг узунлиги ҳам айнан мана шу
омилга боғлиқ.
Конструктив ечим бино ҳавфсизлигини таъминлашда биринчи
даражали аҳамиятга эга. Иншоотнинг мустаҳкамлиги ва пишиқлиги умумий
конструктив схемани ҳамда ҳар бир элементнинг параметрини танлаб олишга
боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |