Рамазон айтиб келдик эшигингизга…
[ SAVIYA.UZ ]
. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда ёки бошқа
сайтларга жойлаштирилганда
сайт номи ҳаволаси билан кўрсатилиши шарт!
| 1
Одам болалигини кўп эслайди, қайтиб-қайтиб, энтикиб-энтикиб эслайди. Болаликда
ёдда қоладиган нарсаларга кўп учрайди одам. Чунки бу даврда кундалик турмуш ва
борлиқдаги нарсалар тасаввур учун янгилик бўлади, шу
боис эътибор тортади ва
хотирага муҳрланиб қолади.
Ҳар йили бутун оламга хайру раҳмат улашиб Рамазон келганида болалигимдаги нурли
саҳифалар кўз олдимдан лип-лип ўтади, чуқур бир орзиқиш билан соғинч ҳиссини
туяман. Рўза кунлари бошланиши билан маҳалла болалари тўп-тўп бўлиб Рамазон
айтарди. Бундай гуруҳларга бир-икки марта қўшилганман, холос. Бироқ суюнчига
туршакми, майизми, ёнғоқми, анорми, хуллас, бирор тансиқроқ
нарсани олгандаги
кайфият шууримда ўрнашиб қолган. Болаларнинг севинчи бошқача бўлади-да!
Арзимаган нарсадан, шунчаки бир илиқ сўз, эътибордан боши осмонга етади. Ҳозир
Рамазон айтиб келган болаларга ул-бул улашсам, ўша ёруғ
хотиралар бирданига
жонланади, рамазончи болалардай мен ҳам ўзимда йўқ севиниб кетаман, кўнглим
ёришиб, кўзим тиниқ тортгандай бўлади.
Рамазон айтиш эҳсон йиғиш ёки тарқатишгина эмас. Бунда ўзаро меҳр-оқибат, эзгулик,
қўшничилик ҳаққини адо этиш каби жиҳатлар ҳам жам бўлган:
Рамазон айтиб келдик эшигингизга,
Қўчқордай ўғил берсин бешигингизга,
деб куйлайди болалар. Баланд-паст бўлиб тизилиб, жўр овозда қўшиқ айтаётган
кўзлари чақноқ болакайларни кўриб ҳар қандай инсоннинг кўнгли эриб кетади.
Уларнинг эзгу, беғараз сўзларига қўшилиб беихтиёр “омин!” деб юборади. Чунки бу
ойда қилинган дуолар мустажоб, айниқса, болаларнинг дуолари.
Афсуски, уйига Рамазон айтиб келган болаларни сўкиб
берадиган, ҳайдаб юборадиган
одамларни ҳам кўрганман. Эшигига ўз оёғи билан келган ажру савобдан, беқиёс
Рамазон айтиб келдик эшигингизга…
[ SAVIYA.UZ ]
. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда ёки бошқа сайтларга жойлаштирилганда
сайт номи ҳаволаси билан кўрсатилиши шарт!
| 2
раҳмат ва баракадан кўз юмгувчи бундай кимсалардан кўнглим қолган.
Саҳарлик ва ифторлик дастурхонлари тўкин бўлади. Шу сабаб биз – болалар ҳам рўза
тутмасак-да, саҳарликка турар, ифтор пайти катталардек дуо ўқиб “оғиз очардик”.
Айни шу ифтор пайти Рамазон айтиб келишарди. Қишга деб асраб қўйилган анорми,
беҳими, туршакми ёки қанд-қурсданми олиб рамазончиларга улашардик. Гоҳида битта
гуруҳни кузатиб, энди дастурхонга қайтиб ўтирганимда, бошқа гуруҳ келиб қоларди.
Яна туришдан бироз оғринардим, эринардим. Шунда раҳматли
бобом уришиб берар,
ўзи ёнида асраб юрган қанд-қурс, уч-тўрт сўм пулни тутқазиб жўнатарди. У киши
болаларни ноумид кетказишни истамас, бизни ҳам шунга ўргатарди.
Бугун Рамазон қўшиқлари бир мунча ўзгариб кетди… Мен эса ҳамон ўша – дуога
ўхшайдиган, самимий қўшиқларни соғинаман:
Рамазон айтиб келдик эшигингизга,
Худойим ўғил берсин бешигингизга…
Дарвозангиз олдига умид билан келган қоракўз болакайларга оғринмай, чин дилдан
меҳр, яхшилик улашинг. Кун келиб сизнинг фарзандларингиз ҳам бошқаларнинг
эшигига Рамазон айтиб, энг эзгу тилакларни элтиб борсин. Улар ҳам самимий, илиқ
меҳр улашсин. Ўртадаги ана шу ёруғ ришта узилмасин.
Рамазон муборак бўлсин!
Ориф Толиб