2. Психологик хизматнинг мeтодологик ва назарий асослари
Маълумки, психология фанида айнан психологик хизмат муаммосига
бағишланган ва унинг барча йўналишларини батафсил баён этишга қодир илмий
адабиётлар етарли бўлмаса-да, бугунги кунда фан оламида ва жамият тараққиётида
психологик хизмат муаммосининг зарурлигини кўрсата олувчи ва унинг
"методологик илдизларини" асослаб бера олувчи илмий тадқиқодларни алоҳида қайд
этиш мумкин.
Мазкур адабиётларни таҳлил қилар эканмиз, улардаги психологик хизмат
методологиясига тааллуқли айрим умумий жиҳатларни ижтимоий психология фани
нуқтаи назаридан тадқиқ қилишимизга тўғри келади.
Чунончи, барча тадқиқотчилар ҳам ижтимоий психологиянинг методологик
тамойилларига амал қилган ҳолда психологик хизмат учун муҳим бўлган у ёки бу
жиҳатни назарий-илмий тарзда асослаб берадилар. Булар ичида психологик
хизматнинг муваффақиятли ташкил этилиши учун муҳим назарий-илмий аҳамият
касб этувчи ижтимоий психологик вазифаларни аниқлашга қаратилган тадқиқотларни
(Андреева Г.М., Паригин Б.Д., Снигирева Т.В., Филиппов А.В., Шихирев П.Н., Ядов
В.А.) таъкидлаш жоиз. Ўзбекистонлик психологлардан Давлетшин М.Г., Каримова
В.М., Қодиров Б.Р., Шоумаров Ғ.Б., Ғозиев Э.Ғ., Мажидов Н., Соғинов Н.А.ларни
алоҳида қайд этиш мумкин. Бу эса психологик хизматнинг бугунги кундаги айрим
долзарб жиҳатлари, муаммолари ва унинг ечимлари ҳақида ўйлашга, фикр мулоҳаза
юритишга ва вазифаларни белгилаб олишга назарий-илмий ва методологик манба
сифатида ёрдам беради, деб ўйлаймиз. Ижтимоий психология методологияси,
принциплари ва вазифаларини белгилашга қаратилган тадқиқотлар мазмунида
психологик хизмат муаммосининг ҳам маълум маънода яшириниб ётганлигини
кўрамиз.
Гап шундаки, ҳар бир фаннинг ривожланиши янги далиллар асосида илмий
йўналишни очиб берувчи методик қурилмаларнинг тузилиши билан бевосита
боғлиқдир. Чунки, аниқ методология бўлмаган соҳада аниқ амалий натижалар ҳам
бўлмайди. Зеро, ижтимоий психология фанининг яна бир муҳим янги вазифаси
психологик хизмат методологияси билан боғлиқ назарий, амалий ва эмпирик
йўналишдаги тадқиқотлар кўламини белгилашнинг бугунги кунгача нечоғлик ҳал
қилинаётганлигини таҳлил қилишга тўғри келади. Бу борада психология оламида
ҳанузгача мукаммал тарзда ишлаб чиқилган, расмий тарзда тан олинган ягона
илмий йўналиш ёки концепциянинг қабул қилинмаганлиги аён бўлса-да, илғор ғарб
психологлари, Марказий ҳамдўстлик Давлатлари психологлари, Ўзбекистон
психологлари томонидан олиб борилган ва олиб борилаётган (экспериментал
изланишларга йўл очиб берилаётган) фан олами учун ўзига хос салоҳиятга ва
нуфузга эга бўлган тадқиқотлар мавжудки, улар қайсидир жиҳати билан
психологик хизмат модели, унинг психологик ҳимоя воситаси сифатидаги
моҳияти, аҳамияти ҳамда ижтимоий истиқболлари ҳақидаги илмий-амалий
тасаввурларимизни шакллантиришга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Илмий
адабиётлардан
бизга
маълум
бўлишича,
ижтимоий
психологик
хизмат
методологиясининг умумий йўналишлари Ғарб ижтимоий психология намоёндалари
тадқиқотларини қуйидагича изоҳлаш мумкин: В.Вундтнинг 1900 йилда чоп этилган
"Халқлар психологияси" номли йирик (ўн томлик) эпик асари ижтимоий психология
йўналишларини ёрқинлаштиришга хизмат қилиб, инсон маънавияти, маданияти ва
мафкурасини ўрганишнинг мураккаб томонларини очиб берди. Таниқли инглиз
психологи Вилъям Макдугаллнинг 1908 йилда ёзилган "Ижтимоий психологияга
кириш" асаридаги "ижтимоий хулқ-атвор инстинктлари" назарияси фрейдизмга
қарши ўлароқ инсон инстинктлари ва фаолият уйғунлигини таъминлаш муаммосини
ёритишга илк бор асос бўлиб хизмат қилди. Бинобарин, Э.Фромм, Ж.Салливан каби
олимлар томонидан гуруҳлар психологияси назариясини яратишга асос солинди.
Бунда турли хил ижтимоий психологик тренинглар орқали гуруҳдаги шахслараро
муносабатлар билан боғлиқ психологик иқлимни камол топтириш йўлларининг илк
бор кўрсатилиши меҳнат жамоаларидаги ижтимоий психологик хизмат вазифаларини
белгилаш учун маълум даражадаги эмпирик маълумот сифатида хизмат қилиши
мумкин.
Ғарбда яратилган когнитивизм доирасидаги назариялар психологик хизмат
методологияси учун муҳим аҳамиятга эга. Чунончи, Л.Фестингернинг когнитив
диссонанслар назарияси (инсоннинг фаолият объектига нисбатан хулқ-атвори ёки
муносабатини онгли равишда ўзгартиришга асосланган), Т.Нюхомнинг ҳамкорлик
коммуникатив назарияси (ўзгаларга ва умумий фаолият объектига ижобий
муносабатларни таркиб топтиришга асосланган), C.Х.Осгуд ва П.Таненбауманинг
"конгруентлик" (инсон когнитив тузилиши асосидаги объектни баҳолашга
қаратилган) назарияси , Г.Олпорт, А. Маслоу, К.Роджерс каби ижтимоий
психологларнинг гуманистик доирадаги қатор тадқиқий изланишлари шулар
жумласидандир. Яна шуни қайд этиш керакки, америкалик таниқли психолог
Абрахам Харольд Маслоунинг "Инсонга бир бутун ёндашув концепцияси" психологик
хизмат жараёнида инсонни тушуниш ва ижтимоий мотивацион ривожлантириш
муаммоси устида тадқиқотлар олиб борилиши учун муҳим аҳамият касб этади.
Маслоунинг фикрича, инсоннинг барча туғма потенциал имкониятлари фақатгина
ижтимоий шарт-шароитнинг яратилиши билан руёбга чиқиши ва камол топиши
мумкин. Албатта, мазкур фикрларнинг не чоғлик ҳақиқат эканлигини бугунги кунда
ҳар бир инсоннинг ўзига хос ва унинг ижтимоий тараққиётини таъминлашга хизмат
қилувчи имкониятлари кўламини ўрганиш ҳамда тарбиялашни асосий вазифа қилиб
олган психологик хизматнинг ташкил этилишини мунтазам кузатишларимиз
натижалари тасдиқлаб турибди.
А.Маслоу фан оламида ўзига хос "мотивацион тизимнинг иерархик модели" ни
яратдики, унга мувофиқ индивид хулқ-атворидаги ижтимоий жиҳатдан муҳим бўлган
юқори эҳтиёжларнинг йўналиши қуйи эхтиёжларнинг қай тариқа қондирилиши
асосидагина таркиб топиши мумкин. Бу жараён қуйидаги тартибга эга:
1)физиологик эҳтиёжлар;
2) хавфсизлик эҳтиёжлари;
3) меҳр ва садоқат эҳтиёжлари;
4) тан олиш ва баҳолаш эҳтиёжлари;
5) ўз-ўзини ҳар томонлама ривожлантириш эҳтиёжлари.
Дарҳақиқат, мазкур иерархик тизим мотивациясининг илмий жиҳатдан асослаб
берилиши биринчидан, ижтимоий психологиядаги эҳтиёжлар ва мотивлар билан
боғлиқ қатор тадқиқотларга ҳамоҳанг бўлса, иккинчидан, мазкур йўналишдаги
психологик хизмат методологиясини яратиш учун алоҳида истиқболга эга.Чунки,
психологик хизматда инсоннинг ижтимоий эҳтиёжлари муаммоси илмий жиҳатдан
тўғри талқин қилиниши ва тўғри йўналтирилиши лозим. Бу борада қатор таниқли
социолог, психолог ва файласуфлар томонидан эътироф этилган илмий мулоҳазаларга
таяниш мумкин. Масалан, Д.Н.Узнадзенинг
"... эҳтиёж тушунчаси ... тирик организм учун зарур бўлган ва айни пайтда қўлга
киритилмаган барча нарсаларга тааллуқли" ва М.С.Каган, А.В.Маргулис, E.М.
Эткиндларнинг "эҳтиёж - керакли нарсаларнинг етишмаслик оқибати",
В.А.Ядовнинг "эҳтиёж - инсон шахси ва организм фаолияти учун керак бўлган зарурат
ҳамда етишмовчилик маҳсули", Л.И.Божовичнинг "эҳтиёж – индивид организми ва у
шахс тараққиёти учун муҳим бўлган зарурат", А.В.Петровскийнинг "эҳтиёж - жонли
мавжудот ҳаёт кечиришининг конкрет шарт-шароитларига унинг қарамлигини ифода
этувчи ва бу шарт - шароитларга нисбатан унинг фаоллигини вужудга келтирувчи
ҳолатдир" каби фикрлари шахс тараққиётини таъминлаш йўлида эҳтиёжларнинг
биологик ва ижтимоий уйғунлигини ҳисобга олган ҳолда психологик хизматнинг
навбатдаги вазифаларини белгилаш имконини беради.
Психологик хизмат методологиясини яратишда инсоннинг ҳиссий ҳолатини
тушуниш ва унинг ўз меҳнати маҳсулларидан ижтимоий қониқиш жараёнини таҳлил
қилиш, ривожлантиришга бағишланган айрим тадқиқотларнинг ўрни ҳамда
истиқболига ҳам алоҳида эътиборни қаратиш лозим.. Масалан, Ф.Херцберг ва унинг
издошлари томонидан меҳнат фаолиятини ташкил этишдаги эмоциоген фарқланиш
механизмлари тадқиқ қилинди. (Х - 1959). Мазкур изланиш маҳсулига кўра меҳнат
фаолиятини ташкил этишда ижодийлик, мустақиллик, ўз-ўзини билиш,
ривожлантиришга қаратилган тадбирларга эътибор берилса, шахс фаолияти
унумдорлигига ижобий таъсир этувчи ҳиссий кечинмаларни ва аксинча, фақат техник
жараёндангина иборат бўлган меҳнат шароити яратилса, шахс фаоллигига салбий
таъсир этувчи ҳиссий кечинмаларнинг намоён этилиши кузатилади. Дарҳақиқат,
фаолиятнинг
бажарилишига
нисбатан
ижобий-ҳиссий
кечинмалар
шакллантирилмас экан, фаолият маҳсули ҳам инсоннинг ўз фаолиятидан
ижтимоий маънодаги қониқиши ҳам ниҳоятда паст савияда бўлади. Психологик
хизмат эса, бизнингча, худди ана шу ерда ўз таъсирини, яъни фаолиятдан ижтимоий
қониқиш жараёнини маълум даражада юқори савияга кўтара олиш санъатини
кўрсатиши лозим.
Ишчи ходимларнинг меҳнатдан қониқиш муаммоси устида олиб борилган айрим
тадқиқотлар
натижаси
психологик
хизматнинг
методологик
моделини
лойиҳалаштиришга хизмат қилса ажаб эмас. Масалан, собиқ совет психологияси
олимлари (Н.Ф.Наумова, А.Г.Здравомислав, В.А.Ядов, В.П.Рожин, Т.П.Богданова,
Э.А.Климов, Т.А.Китвель) меҳнатдан қониқиш жараёнини шахснинг муносабатлари
мотивлари, ўз-ўзини баҳолаш установкаси: каби ижтимоий психологик мезонлар
билан белгиланишини тавсия этадилар ва буни ўзларининг қатор эмпирик
тадқиқотларида асослаб берадилар. Ғарб ижтимоий психология оламида, айниқса
Америка психологлари наздида эса меҳнатдан қониқиш "қатор ижтимоий
установкаларнинг ўзаро бир-бирига чамбарчас боғлиқлиги", "меҳнат жараёнини
субъектив баҳолаш билан боғлиқ эмоционал ҳолатларнинг намоён бўлиши" сифатида
талқин қилинади ва меҳнат фаолиятининг ижтимоий қимматини оширишга
қаратилган психологик хизмат учун муҳим илмий-амалий тавсиялар берилади.
"Меҳнатдан қониқиш"ни ижтимоий психологик жараён сифатида тадқиқ қилган
айрим психологик тадқиқотларни психологик хизматнинг методологик вазифаларидан
келиб чиққан ҳолда қайд этишимиз мумкин. Бинобарин, венгриялик психологлар
И.Балинт ва М.Муранинг тадқиқотларида психологик хизмат вазифасини аниқлашга
қаратилган шахсларнинг ўз ишидан қониқишини таъминлаш ва ўз ишидан (яъни ўз
фаолиятидан) қониқмаслик ҳолатини бартараф этиш йўллари кўрсатилади.
Шунингдек, бу олимларнинг илмий талқинича, ҳар бир ишчи-ходимнинг ўз ишидан
қониқиши унинг кайфиятини, фаоллигини таъминласа, ишдан қониқмаслик эса
корхонада юз берувчи айрим фавқулотда бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқишига
сабаб бўлади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда деярли барча корхоналарда бахтсиз ҳодисалар
жуда кўп учрамоқда. Уни камайтириш ва олдини олиш эса, ҳамиша ҳам
муваффақиятли ҳал қилинаётгани йўқ. Бунинг учун эса муаммонинг ижтимоий
психологик илдизлари ҳақида чуқурроқ ўйланса юзлаб, балки минглаб одамлар ҳаёти,
саломатлиги ва ижтимоий-руҳий мавқеи сақлаб қолиниши мумкин. Бу ўринда айтиш
мумкинки, психологик хизматнинг ташкил этилиши энг биринчи навбатда
корхоналарда юз берувчи бахтсиз ҳодисалардан сақланиш - ҳимояланиш воситаси
сифатида ўта муҳим ижтимоий аҳамият касб этади. Афсуски, бундай хизматни
ташкил этиш жуда кўпгина меҳнат муассасаларида ҳозиргача ижтимоий муаммо
бўлиб келмоқда.
Психологик хизмат методологияси учун индивидуал психологик фарқланиш
назариясининг яратилишини ва бу борада ўнлаб йирик тадқиқотларнинг
мавжудлигини муҳим манбалардан бири cифатида ҳеч муболағасиз эътироф этиш
мумкин. Дифференциал психологиянинг маҳсули бўлган бу йўналиш, даставвал,
немис психологи В.Штерн номи билан бевосита боғлиқдир. У ўзининг 1901-йилда
ёзган "индивидуал фарқланиш психологияси ҳақида" номли асарида ҳар бир
индивиднинг ўзига хос психологик олами мавжудлигини экспериментал тарзда
тадқиқ қилади.
Ф.Галътон, А.Бине, Ф.Лазурский, Р.Кеттелл каби олимлар бу соҳада янги бир
йўналишни кашф қилдилар. Шундан сўнг дифференциал психология ҳар бир индивид
ёки гурухдаги қизиқишлар, установкалар, ҳиссий қўзғалишларни ўлчаш ва фарқлаш
объекти сифатида майдонга чиқди. Психологик хизмат методологияси учун
аҳамиятли томони шундаки, ҳар бир индивид ёки шахснинг ўзигагина хос
психологик параметрларини аниқлаш ва тегишли илмий мулоҳаза юрита олишга
хизмат қилувчи комплекс тестлар, усуллар, методикалар мажмуаси яратилди.
Бинобарин, чет эл илғор психологиясида психологик хизмат методологияси
учун муҳим ўрин тутувчи қуйидаги йўналишларга асос солинди:
1) Ч.Спирмен томонидан "икки омил" назарияси яратилди. Бу назарияга
мувофиқ инсоннинг ҳар бир фаолиятида барча фаолиятлар учун умумий бўлган (1-
омил) ва айнан мазкур фаолиятга мос бўлган (2-омил) барча хусусиятлар ўзаро
боғлиқликда тадқиқ қилинади. Тадқиқотчи ушбу омилларнинг инсон ва фаолият
уйғунлигини таъминлаш учун зарур бўлган психологик моҳияти ва мазмунини очиб
беради.
2). Л.Терстоун, Дж.Гилфорд томонидан яратилган "Мулътифактор"
назариясига биноан бирламчи ақлий қобилиятлар (идрок тезлиги, хотира
ассоциациялари ва ҳоказо ) нинг ҳар бир индивиддаги таркиб топганлик кўламини
тадқиқ қилинди ва шу асосда ҳар бир шахс фаолиятига алоҳида ёндашувни тақозо
этувчи психологик хизматнинг методологик принциплари ишлаб чиқилди. Умуман,
психологияда индивидуал фарқланишнинг 56 хил йўналишидаги типи маълум ва
машҳур. Масалан, объектив ва субъектив тип (даставвал, А.Бине тажрибаларида қайд
этилган) фикрловчи фаол тип (А.М.Джорданту бўйича), рационалистлар ва
эмпириклар (У.Джемс тадқиқотлари бўйича) "чуқур-тор" ва "майда-кенг" тип,
(Г.Гросс маълумотлари бўйича), назарий, иқтисодий, эстетик, ижтимоий, сиёсий,
диний типлар (E.Шпрангер тадқиқотлари бўйича); шизотимик ва циклотимик
типлар (E.Кречмер тадқиқотлари бўйича); висцеротоник, соматомик, церебротоник
типлар (У.Шелдон бўйича); экстроверт ва интроверт типлар (К.Т.Юнг ва
Г.Ю.Айзенк маълумотлари бўйича) ҳақидаги эмпирик маълумотларнинг қайд
этилиши, шулар жумласидандир.
Б.М.Теплов, В.С.Мерлин, В.Д.Небилицин, Э.А.Голубева, Б.Р.Қодиров ва
уларнинг шогирдлари томонидан олиб борилган эмпирик тадқиқотлар мазмуни
ижтимоий психология психологик хизмат учун муҳим бўлган ҳар бир шахснинг
(индивиднинг) табиий ва туғма сифатларини, олий нерв фаолиятининг ўзига хос
қобилият элементларини ва унга таъсир этувчи таълим-тарбия, ташқи муҳит ва
фаолиятнинг не чоғлик ташкил этилиш жараёнини мукаммал ўрганиш ва уни
ижтимоий мақсадлар асосида ривожлантириш йўлларини белгилаш учун катта
имконият яратди. Мазкур имкониятлар авваламбор инсондаги у ёки бу фаолиятни
бажаришга бўлган иқтидор куртакларини ўрганишни ва шу асосда шахс фаоллигини
камол топтириш учун асос сифатида хизмат қилиши мумкин. Шунга мувофиқ махсус
тадқиқотлар шуни тасдиқлаяптики, фаолиятни муваффақиятли ташкил этиш учун
индивидуал хусусиятлар, айниқса, ҳар бир шахс темпераменти ҳамда индивидуал
услубига ҳам боғлиқ. Айниқса, меҳнат ва ўқув фаолияти жараёнида ушбу ҳолатни
кузатиш, таҳлил қилиш ва ривожлантириш билан боғлиқ усуллар мажмуасининг
ишлаб чиқилиши психологик хизматнинг муҳим вазифаси эканлигидан далолатдир.
Шахс фаолиятига индивидуал ёндашув йўналиши билан боғлиқ психологик
хизматнинг маълум методологик тамойилларини илмий-тадбиқий жиҳатдан асослаб
берувчи олим Н.С.Лейтес маълумотларига қараганда, асаб тизими нисбатан кучсиз
бўлган кишиларда кўпинча бир хилдаги ишнинг бажарилишида маълум афзалликлар
борлиги аниқланган: уларнинг юқори сезгирлиги таъсирланувчанлик муваффақиятини
таъминлайди, лекин у ёки бу фаолият жараёнидаги фавқулотда ва кучли
қўзғалувчилар асосида намоён бўлувчи вазиятларда кучсиз типдаги кишилар айнан
ўзларининг физиологик хусусиятларига кўра ишни уддалай олмай қолишлари
мумкин.
Чунончи, асаб тизими типи анча кучли бўлган кишилар бир хил, анча суст
типдаги кишилар эса бошқа хил вазифаларни бир мунча осон ҳал қиладилар. Асаб
тизимининг кучи бўйича фарқланадиган кишилар бир хилдаги вазифани ҳал этишга
кўпинча ҳар хил йўллар билан боришлари кераклигини Н.С.Лейтес ўз асарларида ҳар
томонлама асослаб бердики, бу - психологик хизматда ҳисобга олиниши мумкин
бўлган муҳим жараёндир. Зеро, фаолият унумдорлиги инсоннинг ўз потенциал
имкониятлари кўламидан оқилона фойдаланишнинг маҳсулидир. Э.А.Климов,
В.С.Мерлин, В.М.Русалов Б.М.Теплов тадқиқотларида ҳам шахс темпераменти
асосида унинг машғул бўлган у ёки бу фаолиятни муваффақиятли бажаришдаги
индивидуал услубнинг белгиланиши зарурлигини илмий жиҳатдан асослаб берувчи
маълумотлар бор. Жумладан, Э.А.Климовнинг эмпирик маълумотлари бир неча
станокда ишлашда асаб тизимида ҳам "ҳаракатчан тип"даги, ҳам "ҳаракатсиз
тип"даги ходимлар бирдек юқори даражадаги ишлаб чиқариш муваффақиятларига
эришиш мумкинлигини тасдиқлайди. Бунинг асосий сабаби эса бир хил меҳнат
вазиятида турлича ҳаракат йўналишини танлай билиш ва амалга оширишдир.
Умуман, юқорида қайд этилган олимларнинг умумий фикр-мулоҳазаларига
кўра индивидуал услубнинг шахсда дарров пайдо бўлмаслиги, балки кўпинча
стихияли тарзда (яъни, индивидуал-ҳиссий асаб сифатлари ёрдамида) пайдо бўлиши
қайд этилади. Демак, ҳар бир шахсга психологик хизмат давомида ўз имкониятлари
ва фаолият талаби уйғунлигини таъминлаш йўлларини излаш асосида ёндашилса,
мазкур шахс фаолиятидаги индивидуал услубнинг таркиб топиши тобора ривожланиб,
такомиллашиб боради. Бу эса, ўз навбатида шахс ва жамиятнинг ижтимоий
тараққиётига ижобий таъсир этмай қолмайди.
В.М.Русалов тадқиқотларида ижтимоий психология учун муҳим бўлган
ҳамкорлик фаолияти муваффақияти маълум жиҳатлари билан индивидуал услуб
имкониятларига ҳам боғлиқ эканлиги қайд этилиб, "холерик" темпераментли киши
билан шерик бўлиб ишлаганга қараганда" флегматик" ва" меланхолик" билан
биргаликда ишлаган ҳолларда анча самарали бўлиши эмпирик маълумотлар асосида
тадқиқ қилинади.
Демак, муассасадаги амалий психолог ҳар бир шахс фаолияти ҳамкорлигини
ташкил этиш жараёнида ушбу имкониятларни ҳисобга олиши орқали ижтимоий-
психологик ютуқларга эришиши мумкин.
Шахс индивидуал фарқланишининг ижтимоий қимматини тадқиқ қилиш
муаммоси К.К.Платонов асарларида бир қадар кенгроқ кўламда қайд этилади.
К.Платоновнинг методологик хизмати шундаки, у инсон ижтимоий индивидуал
оламини тушунишнинг тўрт мезонини ишлаб чиқди ва шахс ижтимоий индивидуал
фарқланиш моҳиятини тушуниш учун муҳим бўлган ушбу ижтимоий мезонларнинг
назарий-илмий концепциясини яратди. Булар: 1 - мезон (категория) асосидаги
фарқланишга кўра инсондаги сифатлар ўзгариши билан унинг моҳияти ва ижтимоий
йўналишлари ҳам ўзгаради. Бу ўринда шахс атрибутлари унинг онглилиги,
динамиклиги, фаоллик ва бетакрорлиги каби барча сифатлар муҳим ўрин тутади.
Инсон хусусиятлари ва сифатларини фарқлашнинг 2 - мезони - бошқа объектлар каби
унинг моддий, функционал ва интеграл сифатлар мажмуасини ўз ичига олувчи
шахсий моҳиятидадир.
Фарқланишнинг 3 - мезонига психик ҳодисалар ва психик ҳолатлар
тузилмасига кирувчи шахснинг ўзгармас хусусиятлари киритилади.
Фарқланишнинг 4-мезони – субординацион (лотинча - тартибга келтириш)
шахс хусусиятлари ва сифатлари намоён бўлиши билан боғлиқ психик кечинмалар
иерархияси ва кординацион умумий иерархиядан қатъий назар турли хил ижтимоий-
психологик хусусиятларни бирлаштирувчи ўз-ўзини идора қилиш ва бошқариш
хусусиятларининг таркиб топганлик даражаси билан белгиланади.
К.К.Платоновнинг психологик хизмат билан боғлиқ ижтимоий психология
методологиясини
яратишдаги
хизмати
шундаки,
у
ижтимоий-психологик
индивидуаллик муаммосини инсон индивидуал олами намоён бўлишининг энг юқори
даражаси сифатида тадқиқ қилди ва психологик хизмат моҳиятини тасаввур қилиш
учун муҳим бўлган шахсни нафақат ўзининг индивидуал хусусиятлари асосида,
балки бу индивидуал хусусиятларнинг ижтимоий мазмуни - ўз-ўзини адекват
баҳолаш ва ривожлантиришга асосланган шарт-шароитларни яратиш билан камол
топтириш муқаррарлигини илмий жиҳатдан асослаб берди.
Профессорлар Э.Ғозиев, Ж.Икромовларнинг "ХХ аср ва шахс камолоти"
мавзусидаги маълумотларида ҳам психологик хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб
этувчи индивид, шахс ва субъект тараққиётининг тадқиқотида қуйидаги ҳолатларга
жиддий эътибор бериш зарурлиги уқтирилади:
- инсон ривожланишининг детерминатори ҳисобланган асосий омиллар ва
шарт-шароитлар (ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, мафкуравий, педагогик ва
яшаш муҳити омиллари);
- инсоннинг ўзига тааллуқли, асосий тафсилотлар, унинг ички қонуниятлари,
механизмлари, эътиқод босқичлари барқарорлашуви ва инволюция;
- инсон яхлит тузилишининг асосий таркиблари, уларнинг ўзаро алоқалари,
шахснинг ташқи таъсирларга жавоби ва муносабати, тараққиёт жараёнида уларнинг
такомиллашуви.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг ўз индивидуал оламида содир этилаётган барча
маънавий, руҳий кечинмаларини у яшаб турган жамият истиқболларига мос тарзда
тадқиқ қилмай туриб, шахс ва фаолият, шахс ва жамият, шахс ва индивидуаллик
ўртасидаги ижтимоий мутаносибликни таъминлаб бўлмайди. Зеро, психологик
муҳофаза воситаси сифатида тадқиқ қилинаётган ижтимоий психологик ҳимоя
фалсафаси ҳам шуни тақозо этмоқда.
Инсоннинг индивидуаллик даражаси яна шу билан ифодаланадики, ундаги
фаолиятнинг усуллари ва воситалари ҳеч қачон тайёр ҳолдаги барча учун бир хил
умуминсоний тажрибалардан иборат бўла олмайди. Ҳар бир инсон ўз индивидуал
сифатлари ва филогенездаги хусусиятлари (ижтимоий индивидуаллашувнинг
шаклланиши ) асосида ижтимоий фаоллик тақозо этган фаолиятнинг мустақил
субъектига айланиб боради. Бу билан жамият ҳар бир индивиднинг ўз ҳаётий
пойдевори учун муҳим бўлган "ғишт"ни ўзи барпо этишида ижтимоий шарт-шароит
яратиб беради.
Бундай шарт-шароит эса ҳар бир шахснинг умумий ва махсус индивидуал
имкониятлари кўламини ижтимоий-психологик жиҳатдан таҳлил қилиш ва тобора
камол топтира бориш йўлларини излаш асосидагина қарор топтирилиши мумкин.
Шунга мувофиқ, шахс ва фаолият уйғунлигини таъминлашга хизмат қилувчи
ижтимоий психологик муҳофаза омили сифатида "муваффақиятли индивидуал
услуб" омили ва уни ифодаловчи 3 мезон :
1) фаолият ва субъектив ҳиссий кечинмалар мутаносиблиги;
2) фаолият ва индивидуал имкониятлар мутаносиблиги;
3) фаолият ва шахсга қўйилган талаблар мутаносиблиги каби сифатлар
белгиланди ва бу сифатларнинг ҳар бир шахсда (ўқувчи ёки ишчи- ходимда) нечоғлик
таркиб топа бораётганлигини ўрганиш, таҳлил қилиш вазифасини психологик
хизматнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қабул қилинди.
Шундай қилиб, психологик хизматнинг методологик асослари сифатида талқин
қилинган мазкур фикр-мулоҳазалар ижтимоий психология фанининг қуйидаги
амалий-татбиқий йўналишларига бугунги куннинг энг долзарб муаммолари сифатида
қарашни тақозо этади.
1. Психологик хизмат ҳар бир шахснинг фаолиятдан ижтимоий ва ҳиссий
қониқиш жараёнини тадқиқ қилишга қаратилган усуллар ва услублар мажмуасига
асосланиши лозим.
2. Психологик хизмат шахснинг фаолият жараёнидаги ўз-ўзига, ўзгаларга ва
фаолиятга бўлган муносабатларидаги иерархик тизим динамикасини тадқиқ қилиши
ва шу тизим асосида ижтимоий психологик муҳитнинг яратилишига замин
ҳозирлай олиши билан боғлиқ изланишлар кўламини ўз ичига олади.
3. Психологик хизмат жараёни билан боғлиқ ижтимоий муҳим
кўрсаткичларнинг таҳлили ҳар бир шахс фаолияти учун характерли бўлган
индивидуал фарқланиш, индивидуал услуб ва ижтимоий установканинг қарор
топтирилишини ўрганиш асосида амалга оширилиши мумкин.
4. Психологик хизмат жараёнини ижтимоий психологик муҳофаза воситаси
сифатида тадқиқ қилиш муаммоси бугунги кунда ижтимоий психологиянинг энг
долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади ва бу муаммони бартараф этишда маълум
психологик тамойилларга таяниш талаб қилинади.
Худди ана шу йўналишлар Ўзбекистонда психологик хизматнинг бугунги
ҳолати ва ўзига хос истиқболларига баҳо беришда маълум назарий, ҳамда
методологик манба сифатида хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |