www.ziyouz.com кутубхонаси
55
«бунинг нимасини картинага олади, картина масхарами, электростантсия масхарами» деб
стантсияни қулфлаб кетиб қолди. Бугун келмас эмиш. Бир ҳисобда кўрмаганларинг ҳам маъқул.
Колхозимизнинг янги беш йиллик планида катта гидростантсия қуришни мўлжал қилганмиз.
Ана унда тандирни ҳам электрда қизитамиз. Картинага ўшанда олинса... Бу ердан чи-қиб
фермага бора қолайлик. Ҳафиза опам картинабоп тўққизта сигирни соғмасдан сизларга кўз
тутиб ўтирган эмиш.
Боғбон меҳмонларни кечки пайт бўшатди ва ўшанда ҳам «аттанг, фурсатларинг бўлганда
ҳамешабаҳорни кўрсатар эдим» деб қолди. У «ҳамешабаҳор» деб парникни айтар эди.
Меҳмонлар жуда чарчаган эди. Бу ҳорғинлик боғдан чиқилгандан кейин айниқса билинди,
шунинг учун бошқа жойларни кўришни бўлак маврутга қолдириб, тўғри правлениега қараб
кетишди.
Уларни раис қарши олиб, правлениенинг орқасидаги меҳмонхонага бошлади. Стол турли ноз-
неъматлар билан безатилган, унинг бир четидаги кичкина сариқ самовар устида турган қизил
чойнакнинг қопқоғи шириқлар эди.
— E,
овора бўлишнинг ҳожати йўқ эди-ку, — деди шоир хижолат бўлиб.
—
Оворагарчилиги борми!.. — деди раис. — Қани, марҳамат... Боғдан бўлак жойни
кўролмабсизлар-да.
—
Албатта, ярим кунда ҳаммаёқни кўриб бўлмайди, — деди шоир, — боғнинг ўзини
кўришга ҳам роса бир кун керак экан. Ажойиб!
Меҳмонлар колхознинг тарихи, хўжалиги, даромади, донгдор кишилари, янги беш йиллиқда
қиладиган асосий ишлари тўғрисида саволлар бериб, раисдан батафсил жавоблар олишди.
Қоронғи тушгандан кейин, Ҳатамова, ўрта ёшлардаги барваста бир киши ва қоп-қора бир қиз
билан кириб келди.
—
Танишиб қўйинглар, меҳмонлар, — деди Ҳатамова, — донгдор звено бошлиғи Қундузхон
Ҳайитова... Бу киши бригадир Даврон ака. Шартнома йигирма иккига. Даврон акам олтмиш
учун курашаётибдилар.
Суҳбат яна давом этди. Меҳмонлар звено бошлиғи билан бригадирга ҳам сон-саноқсиз
саволлар беришди, берилган жавобларни шошилмай, батафсил ёзиб олишди.
Ниҳоят, режиссёр дафтарчасини ёпди, пешонасини силаб ўйчан гап бошлади:
—
Биз колхоз тўғрисида асосий маълумотларни олдик, лекин буларнинг ҳаммасини кўзимиз
билан кўришимиз керак, токи илҳомланайлик. Кўриш яхши! Мана, битта боғни кўришимизнинг
ўзи бизнинг «Пахтакор» тўғрисидаги тасаввуримизни бугкул ўзгартириб юборди. Энди гап
бундай: колхозни ҳақиқий колхоз қилишда механизатсиянинг роли ўзларингга маълум. Биз
картинамизнинг асосий масаласи қилиб механизатсия масаласини олмоқчимиз. «Пахтакор»
механизатсия жиҳатидан ҳам типик. Шундоқ эмасми?
Бу гап ёқди шекилли, раис илжайди.
—
Лекин, — деди, — биз ҳали механизатсияни тўла амалга оширдик, деёлмаймиз. Бу гапни
шунда айтамиз, қачонки колхоз бўйича бир тсентнер пахта ҳеч бўлмаса уч-тўрт меҳнат кунига
тушса. Мана бу йил Қундузхон етти меҳнат кунига туширишни кўзлаб турибди.
—
Тўғри, — деди режиссёр, — шундоқ бўлиши керак. Механизатсия масаласини
олганимизда, бизга нима керак? Бизга воқеа керак. Воқеа бўлиши учун нима керак? Қарама-
қаршилик керак. Мана, масала шунда, қарама-қаршиликда. Биз биламизки, ҳар бир янгилик
қаршиликка учрайди. Демак, механизатсия ҳам қаршиликка учраши керак. Бизга манна шуни
айтиб берсаларинг кифоя. Механизатсияга қарши чиқишлар бўлиб турадими, бўлса қарши
чиққан одамларнинг далил ва исботлари нималардан иборат?
Ҳатамова лабидаги табассумни яшириш учун тез-тез чой ҳўплар экан:
—
Қани, Даврон ака, нима дейсиз? — деди.
Даврон ака аввал Ҳатамовага, кейин раисга, сўнгра режиссёрга қаради-да, бўйнини қашлар
экан, илжайиб:
Даҳшат (ҳикоялар тўплами). Абдулла Қаҳҳор
Do'stlaringiz bilan baham: |