www.ziyouz.com кутубхонаси
3
Додхонинг дами ичига тушиб кетди. Бир гадоваччанинг бу даргоҳдан кетишга ошиқиши унга
ҳақорат бўлиб тушди. Энди Унсинни тилаб олиш учун бирон сўз айтишга ҳеч ким, ҳатто
гўристондан унинг ўлиги келишига кўзи етиб, ичида фарёд чекаётган Нодирмоҳбегим ҳам
журъат қилолмай қолди.
Додхонинг оппоқ, узун соқоли, товуши титради.
—
Хўп, лафзимдан қайтмайман, мана хотиржам бўла қол: мен ҳозир сени бир талоқ
қўйдим, қайтиб келганингдан кейин уч талоқсан! Бор, қумғонни кўтар!..
Унсин додходан дарров юзини беркитганича чиқиб кетди. Нодирмоҳбегим, қўлидан бошқа иш
келмагандан кейин, ҳеч бўлмаса Унсиннинг юрагига қувват бўладиган бир-икки оғиз сўз айтиш
мақсадида кетидан чиқмоқчи бўлган эди, додхо хўмрайиб жойига ўтқазиб қўйди. Кундошлар
битта-битта оёқ учида юриб чиқиб кетишди.
Унсин уйига кирди, паранжи-чимматини ёпинди, қумғонга сув тўлдириб, чойнакка чой солди-ю,
жўнади. Кўр ойдин. Осмоннинг чеккаси сариғ-кир увадага ўхшайди. Бу кир шуъла қўйнида
паст-баланд уйлар, шамолда эгилаётган, тебранаётган дарахтлар қоп-қора қўринади.
Пишқираётган шамол ҳар хуруж қилганида Унсинни тентиратар, талай жойга суриб ташлар
эди. Унсин паранжи-чимматини юмалоқлаб қўлига олганидан кейин йўл юриш осонроқ бўлди.
Гўристон тўғрисида додхо нималар эшитган бўлса, Унсин ҳам шуни эшитган, шамол кечаси
гўристон додхо хаёлида қандоқ даҳшатли бўлса, унинг хаёлида ҳам шундай даҳшатли, лекин
шундоқ бўлса ҳам, тириклар гўристони бўлган бу даргоҳнинг даҳшати олдида ўликлар
гўристонининг даҳшати унга даҳшат кўринмас, бундан ташқари, эртагаёқ Ганжиравонга жўнаш,
ота-онасини, дугоналарини кўриш умиди унинг бошига бошқа ҳеч қандай фикр-хаёлни
йўлатмас эди.
Унсин худди дадасидан катта ҳайитлик олиб бозорбошига кетаётган ёш боладай чопқиллаб,
қаршисидан эсаётган шамолга сўз бермай, баъзан ирғишлаб борар эди; бироқ гўристон
кўчасига бурилиб, салобат билан тебранаётган қоп-қора кекса чинор остида оқаришиб турган
сағаналарни, белгисиз зулматни кўрганида юраги увишди-ю, зовур кўпригидан ўтиб, икки
қадам қўйганича тўхтаб қолди. Даҳшат унинг юрагига рахна солди: Ганжиравон, ота-онаси,
дугоналари хаёлидан кўтарилиб, кўз олдига оппоқ кафанга ўралиб сағана ва гўрлар атрофида
елиб юрган арвоҳлар келди. Унинг эти живирлашиб, сочи бошидаги рўмолини бир қарич
кўтаргандай бўлди. Унсин беихтиёр бир қадам орқага чекинди, лекин шу ондаёқ худди ўликдан
қўрқмаслигини бировга писанда қилаётгандай, бақириб: "Ўликнинг жони йўқ! Ўликнинг жони
йўқ!" - деб олға интилди, шу югурганича чинор остидаги Онҳазратим сағанаси олдида тўхтади;
чойнак билан қумғонни оёғи остига қўйди, паранжи-чимматни бир чеккага ташлади, ичида:
«Кўпи кетиб ози қолди», деб суюнди. Бироқ унинг суюнгани беҳуда эди: ҳамма нарсани
олипти-ю, энг зарури — ўтин эсидан чиқипти! Ҳар сағанадан бир қўл, ҳар гўрдан бир товуш
чиқишини кутиб ўтин қидириш ваҳимаси унинг юрагига яна рахна сола бошлади. Унсин ўзига-
ўзи баланд товуш билан яна: "Ўликнинг жони йўқ!"- деб, ҳозир дилига битта одамчалик қувват
бўлаётган бу гапни оғзидан қўймай, сағана ва гўрларни оралаб ўтин қидирди; пайпасланиб,
қўлига илинган нарсани этагига солди, қамиш синдирди, янтоқ, гиёҳ юлди, қўллари қонаб
кетганини ҳам пайқамай, топган-тутганини келтириб ўт ёқди. Ўт чирсиллаб-чирсиллиб
бирпасда гуркиради, шамолда тўлғанаётган тутун аралаш аланганинг қизғиш шуъласидан
қоронғилик липиллаб, узоқ-яқинда дўплайиб турган гўрлар, худди биров тупроқни кўтариб
чиқаётгандай ҳаракатга келди.
Унсин яна ўтин қидирди, лекин ҳар сафар ўтин қалаганида аланганинг гуркираши, чирсиллаши
мудраб ётган арвоҳларни уйғотиб юборишидан қўрққандек, унинг устига ўзини ташлагудай
бўлар эди.
Ниҳоят, қумғон қайнади. Унсин наридан-бери чой дамлади, қуруқ янтоқ ва қамишларга ўт
кетмасин учун ўтни тепкилаб ўчирди; ўнг қўлида чойнак ва чап қўлида қумғон, ўтнинг
шуъласидан кўзи ҳануз қамашиб борар экан, бир жойда ер ўпирилиб, чап оёғи тақимигача
Даҳшат (ҳикоялар тўплами). Абдулла Қаҳҳор
Do'stlaringiz bilan baham: |