* * *
Маълум базм кечасининг эртаси куни Энахон билан меҳмонлари
қоронғи тушганда, меҳмондорчиликдан қайтиб келдилар. Меҳмон
қилиб чақирган хонадон қишлоқнинг нариги чеккасида яшаганидан
булар анча чарчаган эдилар. Зеби ҳаммадан орқада қолиб, қўлидаги
насибани аравакашга бериб киргач, Энахоннинг онаси ўз қизини холи
топиб, Зеби тўғрисидаги фикрни изҳор қилди:
— Бу Зебиниса ўртоғинг топилмайдиган қиз экан, болам. Бир
раҳмдил, бир оқ кўнгил, бир илинчакки, бу замоннинг ёш-яланги
орасида кам топилади. Шунча жойдан олиб келиб, шунча кундан бери
пойлаб ётган бечора аравакаш болани бошқа қизларнинг биттаси ҳам
эсга олмади, йўқламади. Доим йўқлаб, хабар олиб турган Зебихон
бўлди. Ўзининг қўшниси бўлиб туриб Салтанатхон ҳам сира
йўқламади...
Бу сўнгги жумлани кампир паст бир овоз билан ярим пичирлаб
айтган эди, Энахон:
— Рост, ойи! — деди. — Зебихон ўртоғим бу тўғрида
топилмайдиган, лекин...
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
51
Бу сўзларни айтиб туриб, Энахон ўзини тутолмади ва кулиб
юборди. Кампир ҳайрон бўлиб:
— Нимага куласан? Ё билмай гапирдимми? — деди.
— Йўқ, — деди Энахон яна кулиб туриб, — жуда билиб
гапирдингиз. Мен бошқа нарсани ўйлаб кулаётирман...
Қоронғида паранжи ёпиниб ўтирмасдан, рўмолини пана қилиб,
аста-секин кириб келаётган Умринисабибини энг илгари Энахон
кўрди, юзларида ҳануз ўша кулишнинг алангаси ила товуш бергани
ҳолда, уни қарши олгали югурди. Зотан, Умринисабибига Энахондан
бошқа ҳеч кимнинг даркори ҳам йўқ эди. Қизнинг қўлтиғига кириб:
— Юринг бу ёққа, айланай, сизга икки оғиз гапим бор, — деди.
Энахон уни айвонга таклиф қилиб, бир пиёла-ярим пиёла чой
ичишга ва меҳмондорчиликдан келган қатламадан насиба олишга
чақирса ҳам сира кўнмади. Иккаласи бирга ҳў... нариги, қўшни
деворига яқинлашганларидан кейин Умринисабиби қизни тўхтатиб,
деди:
— Айланай, қизим, бу гапни сизга қандоқ қилиб эшиттиришга
ҳайронман. Орага тушмай ўлайин мен...
Бу муқаддимадан кейин Энахоннинг кўнгли совуқ бир нарса
сезгандай безовта бўла бошлаган эди.
— Нима гап ўзи? — деб сўради у, товушида очиқ билиниб турган
бир талваса билан.
— Мени Султонхон юборди...
Шуни айтгандан кейин Умринисабиби сўздан тўхтаб, қизнинг
юзига қаради. Қизнинг юзи қоронғида унча очиқ кўринмаса ҳам, у
ҳалиги сўзнинг қизга қандай таъсир қилганини англамоқчи ва шунга
қараб сўз юритмоқчи бўларди. Қиз, яна ҳам орта тушган талваса
билан, бояги саволни такрор қилди:
— Нима гап ўзи?
— Султонхоннинг онаси бирданига ётиб қолибди... Ҳали ҳозир
отлиқ одам келиб, уни олиб кетди. Мен эрта биландан бери
ўшаларникида ош-сувларига қара-шиб юриб эдим, бирдан мунақа ҳол
бўлиб қолгандан кейин мени чақириб олиб, "Энди мен кетаётирман,
ноиложман, тезлик билан бориб, Энахонга менинг уз-римни айтиб
қўйинг", деди... Паранжимни ҳам ёпинмасдан, югуриб сизнинг
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
52
ёнингизга чиқдим.
— Энди, эртага меҳмонларни чақириш йўқми?
— Султонхон ўзи бўлмагандан кейин ким ҳам чақиради? У
ҳовлида ундан бошқа одамшаванда ким бор? Ўзингиз биласиз-ку,
айланай...
Бу совуқ хабар Энахонга ёмон таъсир қилди. У нима дейишини
билмасдан, ўйланиб қолди. Берган хабарнинг ёмон таъсирини кўрган
Умринисабиби у таъсир-ни камайтирмоқ учун сўз тўқиб кўрди:
— Ўртоқларингиз омон-эсонлик бўлса, яна келишар-ку. Ўшанда
Султонхон эртанинг ҳиссасини чиқармай қўймайди... Яхши бола у...
Ётиғи билан Салтанат-хонга айтиб қўйсангиз, эслик қиз, ўзи
тушунади...
— Гапни чўзиш нима керак, хола? — деди Энахон. — Бўлар иш
бўлибди, менинг шўр пешонам экан, майли!
— Унақа деманг, айланай! Ҳали ёшсизлар, талай суҳбатларни,
талай базмларни, талай тўй-томошаларни кўрасизлар. Султонхоннинг
ачинганини айтмайсизми?
— Энди ачингандан нима фойда! Бўлар иш бўлибди... Майли
энди.
— Бўлмаса, яхши қолинг, мен борай. Супралар, хамирлар шундоқ
очиқ-чочиқ қолди. Бориб йиғиштириб қўяй. Кундошлари, ўзингиз
биласиз, қайрилиб қараш-майд...
— Ўтириб кетардингиз...
Энахоннинг бу сўзлари лабининг учидан чиққан, муни
Умринисабиби ҳам пайқаган эди.
— Яхши қолинг, бўлмаса! — деди Умринисабиби. Сўнгра айвон
томонга бориб ўтирмасдан, девор бўйлаб тезгина кўздан йўқолди.
Энахоннинг кечадан бери тортган режалари ва қурган хаёллари
бузилган эди. Энди севгили ўртоқларини кўнгилдагидек хурсанд
қилиб жўната олмасиди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан,
келинбибисини чақирди ва бўлган воқеани унга англатди. У ҳам
Энахоннинг хафалигига қўшилди, лекин бошқа бирор илож
кўрсатишдан ожизлик қилди.
Иккаласи жуда узоқ гаплашдилар, ҳар хил йўлларни ахтариб, ҳар
турли маслаҳатни қилиб кўрдилар, ҳеч бири эпақайга келмади.
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
53
Охирда, эртага эрта билан ҳалиги хабарни секингина Салтанатга
билдирадиган, агар меҳмонлар ўзлари кетмоқчи бўлсалар, "йўқ"
демасдан, уларга ижозат берадиган бўлиб, шу маслаҳатда
тўхталдилар.
Фақат эрталабгача меҳмонларга ҳеч нарса демадилар. Улар борган
жойларидан чарчаб келишиб, ўтирган ўринларида шундоққина узаниб
қолган эдилар.
Эрта билан нонушта чоғида Энахоннинг онаси қизига қараб:
— Қизим, бугун меҳмонларингни Султонхонларникига олиб
чиқарсан-а? — деб қолмасинми! Бу савол қизни ҳам, келинни ҳам
шошириб қўйди, чунки кечаги хабар ҳали ҳеч кимга эшиттирилмаган
эди. Уни нонуштадан кейин Салтанатхоннинг ўзигагина изҳор
қилмоқчи эмасмидилар? Энди бу содда кампир у "дард"ни кўпчилик
олдида очиб қўйди. Қиз, талвасасини беркитишга тиришгани ҳолда,
келинбибисига қаради. Келинбибиси бу қарашнинг маъносини дарҳол
англади ва кампирга жавоб қайтарди:
— Султонхонларники сал чучмал бўлиб турибди... Энди,
меҳмонларимиз қаерни хохласалар, ўша ерга олиб борамизда...
Бўлмаса, шу ернинг ўзида яна ёзилишиб ўтирамиз.
Кампир ўринсиз саволдан яна тўхтамади:
— Султонхонларники нега чучмал бўлади? Энахон билан келин
энди ҳақиқатни очмоққа мажбур эдилар. Энахонга қараб олгач, келин
давом этди:
— Султонхоннинг онаси бирдан нотоб бўлиб қолибди, қизини
кеча олдириб кетган экан. Ўзи у ёқда, қандай бўлар экан, деб
турибмиз.
Салтанат энди оғиз очди:
— Биз аравани қўштириб жўнасак ҳам бўлар эди. Шаҳарлик
қизлардан иккитаси бу фикрга қўшилишди. Фақат Зеби Салтанатнинг
елкасига туртиб, қулоғига секингина шивирлади:
— Мунча шошиласиз? Нимангиз қолибди шаҳарда? Неча йилдан
бир келиб ҳам тузукроқ ёзилмайликми?
Шу вақтда, салом бериб, мингбошининг қизи Фазилатхон келиб
кирди. Ёшлар уни ўринларидан туриб қарши олдилар-да, дастурхонга
таклиф қилдилар. Қиз кўнмади, айвоннинг ёнгинасига келиб тўхтади-
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
54
да, тик тургани ҳолда деди:
— Мен меҳмонларни айтгали чиқдим. Султонхон аям оналари
касал бўлиб, кетиб қолдилар. Ойим билан Пошшахон аям
меҳмонларни ўзлари чақирадиган бўлишди. Бугун кечқурун, албатта,
чиқасизлар!
Сўнгра хайрлашиб, чиқа бошлади.
Уни то кўча эшигигача узатиб чиққан Энахоннинг бесаранжом
кўнгли яна ўрнига тушган, ташвишлик юзларига севинч қизилликлари
югурган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |