48
Эрталаб қизларини боғчаю лицейга кузатиб кайтган Заҳро кун
бўйи ухлади. Шомга яқин босинқираб, аллақандай алмойи-алжойи
тушлар кўриб чўчиб уйғонди. Уйғондию, деразага қараб, кеч кириб
қолганини билгач, сапчиб ўрнидан турди. Соат кечки бешга
яқинлашибди. У шоша-пиша юзини чайиб, сочини таради-да, кичкина
қизи Муқаддасни олгани жўнади. Каттаси Умида эса “Дарсдан сўнг
гимнастика машғулотим бор, беш яримда келаман”, деган. “Ишқилиб,
эсон-омон келсин. Ишқилиб, қизларим менга ўхшамасин”, дея ўй
суриб борарди.
Ўша воқеадан сўнг Заҳро Алимқулдан совий бошлади. Бир неча
ой муқаддам унда қув ақл, фаросат ва келишган қоматни кўрган аёл
энди Алимқулга хос бўлган нуқсонларни ҳам топаётганди. Назарида
Алимқулнинг дунёқараши ўта тор, ўзи баднафс бўлиб, ҳамма нарсага
фақат шахсий манфаати кўзи билан қарар, манфаат кўзига чалинмаган
нимаки бор, унинг учун бегона ва аҳамиятсиз эди. “Менга деса
дунёни ўт олмайдими. Ўзим соғ, устим бут ва қорним тўқ бўлса, бас”
қабилида яшайдиганлар хилидан эди у. Бинобарин, Алимқул билан
суҳбатлашиб киши ҳузур қилмасди. Нафсиламрини айтганда, энди
гаплашадиган нарсанинг ўзи йўқ. Алимқул на санъатни, на бошқа
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
124
бирон маънавий “озуқа”ни тан олади. “Буларнинг ҳаммасини одамзод
бекорчиликдан ўйлаб чиқарган, мен эса бекорчи эмасман, ишлаб пул
топишим керак, пул! Ким кўп тўласа, ўшанинг хизматини қиламан,
тамом-вассалом”, дерди у. Заҳронинг бағрига ғалати бир изтироб —
эҳтимол виждон азобидир — тушди. У қийнала бошлади. Юриш
туришидан, ейиш-ичишидан, ҳатто уйқуларидан ҳаловат қочди. У
ўзидан нафрат қилгани баробарида қинғир йўлни бошимга келтирган
шу дея зўр бериб Миразимни айблар, ундан нафратланар эди. “Ахир,
унинг ўзини олиб қочишлари, эътиборсизлиги, бу ҳам етмагандек,
ишга рухсат бермай, уйда олиб ўтириши, устига-устак, эркак
хизматкор билан бир ҳовлига “қамаб” қўйишлари мени шу чоҳга
итармадими?” дея ўзига оқлов қидирарди у азоб хуруж қилганда. Шу
билан бирга юраги шундай ғаш эдики...
Шу тахлит кечаётган кунлар ҳафталарга, ҳафталар ойларга
уланарди. Ниҳоят, у шундай бир ҳолга келдики, бундан буён олаётган
ҳавосини, атрофга муносабатини — ҳамма-ҳаммасини ўзгартирмоғи
шарт бўлиб қолди. Йўқса, маҳв бўлажаги аниқ эди. Лекин қандай
қилиб? Буни билмасди. Шунга қарамай ўша тунги воқеадан сўнг
Заҳро ўз қалбида пайдо бўлган омонсиз туйғу — нафратга таяниб,
Алимқулдан узоқлашишга чоғланди. Бир амаллаб ишга кириб олса
эди, барчасидан қутулармиди... Миразим Юсуфни бошлаб келганида
Заҳро ана шундай тараддудда юрган кунлар эди. Шунинг учун ҳам у
Юсуфга чиппа ёпишди-қўйди. Чунки Юсуф у таниган одамлар ичида
энг ҳалоли эди. Заҳро ўзини ютиб бораётган чоҳдан чиқиб олишда шу
Юсуфга, унинг ҳалоллигига умид қиларди. Йўқса, у билардики, бир
кунмас бир кун Алимқулга таслим бўларди... Базмдан кейинги
кунларда у асосан шу ҳақда ўйлади. “Юсуфни худойимнинг ўзи
юборди!” дея кўнгли кўтарилиб ҳам юрди. У ора-сира қилган
суҳбатлари давомида Юсуфнинг қийналиб қолганини сезгандай
бўлди, лекин бунга унча аҳамият бермади. “Юсуф — эркак киши.
Ҳаракат қилса, бу кунлар ортда қолади. Энг ёмони — маънавий
қашшоқлик. Ундан бир-икки уриниш билан қутилиб бўлмайди.
Юсуфда энг муҳим нарса — соғлом руҳ бор, демак, унга суяниш
мумкин...”
Лекин Заҳро фақирликнинг нелигини билмасди. Бир ўзи эмас,
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
125
балки бутун оиласи — энди тили чиққан боласию умр йўлдоши билан
бир бурда нонга ёки бир парча дорига зор бўлиб, тасодифдангина
нажот кутиб ўтишнинг нималигидан хабарсиз эди. Инчунун, у бир
қутбдан иккинчисига учиб ўтмоқчи бўларди...
Do'stlaringiz bilan baham: |