18
секинлик билан жорий этилиши, судхўрликнинг авж олиши, жамиятнинг
эркинлар ва қулларга янада қатъий бўлиниши, мамлакатнинг тарқоқлиги,
Ливиялик ёлланма қўшин ҳарбий табақасининг шаклланиши, коҳинлик
лавозимлари учун кескин кураш, жанубдан эфиопияликлар, шарқдан
оссурияликларнинг босқини билан ифодаланади. Шунга қарамасдан Миср
цивилизацияси ўз ютуқлари ва эришган натижаларини сақлаб қолди.
Қадимги Миср маданиятининг ўзига хослиги ва бетакрорлигини унинг
географик жойлашуви, Нил водийсининг нисбатан ёпиқлиги ва ташқи
ҳужумлардан ҳимояланганлиги, фиръавнлар ҳокимияти ва бутун ижтимоий
тизимнинг барқарорлиги, шунингдек мисрликларнинг юқори турмуш даражаси
белгилаб берди.
Миср маданиятига чуқур консерватизм ва анъанавийлик хос.
Мисрликлар ўзларининг маданий қадриятлар тизимига бирор бир янгилик
киритишдан қочдилар. Аксинча, уларда ўзларига маълум ғоя, қонун, бадиий
услубларни асраш ва тақлид қилиш узоқ асрлар асосий тамойил бўлиб қолди.
Албатта бу ҳол янги унсур, ғоя ва услубларни инкор қилмади, аммо улар аста-
секин пайдо бўлди. Шу сабабли Миср усталари доимо риоя қилган
анъанавийлик ва консерватизм Миср санъати учун хос бўлган концептуаллик
ва юқори малакалилик, моҳирлик, уйғунликни ўзида акс эттириб ниҳоясига
етказиб ишланган.
Мисрда дин илк уруғчилик жамоаларида вужудга келиб, жуда узоқ
тараққиёт йўлини босиб ўтган. Диний анъаналар мустаҳкам ва турғун бўлган,
фетишизм, тотемизм, айниқса ҳайвонларга топиниш Мисрда узоқ давом этган.
Миср худоларининг пантеони жуда катта бўлиб, у илк даврда вужудга
келган маданиятга бориб тақалади. Мисрликларнинг худолари ҳайвон
қиёфасида тасвирланган. Худолар маҳаллий ва умумиср миқёсида эътиқод
қилинган илоҳларга бўлинган. Оддий одамларнинг ҳимоячиси ва ҳомийси
бўлган Амонга топиниш умумиср характерига эга бўлган. Қуёш худоси Ранинг
ўғли Горнинг ердаги ифодаси сифатида қабул қилинадиган, ўлимидан сўнг
худо
бўлиб
Осирис
билан
тенглаштирилган
фиръавн
шахсини
илоҳийлаштириш алоҳида ўрин эгаллаган. Ер ости салтанатининг подшоси
Осирис бутун Мисрда эъзозланган. Мисрда ягона худога сиғиниш концепцияси
ўз ўрнини топмади (Эхнатон ислоҳоти).
Миср динида у дунёдаги ҳаётга катта ўрин берилган, ўлимдан кейинги
ҳаёт бу ҳаётнинг давоми деб тушунилган. Инсон гўёки, уч асосий субстансия
жисмоний тана, унинг маънавий кўриниши («Ка») ва унинг руҳи («Ба») дан
иборат. Фақат шу уч унсурнинг бирлиги боқий яшашга имкон беради. Мана шу
боқийликка интилиш кўмиш маросимларининг шаклланишига, инсон танасини
абадий сақлаш учун мумиёлашнинг пайдо бўлишига олиб келган.
Мисрда маҳобатли ҳайкалтарошликнинг энг қадимги намуналарини
кўриш мумкин масалан, Рамзес II нинг улуғвор ҳайкали, ҳаётга тўла Нефертити
ҳайкалчалари.
Do'stlaringiz bilan baham: