Кимё саноати: изланиш, тараққиёт ва
самара
Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистон, асосан, пахта етиштирувчи республика бўлгани учун мамлакатдаги кимё саноати корхоналари,
биринчи навбатда, қишлоқ хўжалигига минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган эди. Ачинарлиси, уларнинг ярмидан
зиёди алмисоқдан қолган ускуналар ҳисобига базўр фаолият юритгани сабабли фосфоритлар, каустик сода, туз кислотаси, хлор каби
хом ашёнинг қарийб 70 фоизи четдан олиб келинарди. Ваҳолонки, юртимизда азотли ўғитлар тайёрлаш учун катта миқдорда захира
мавжуд эди.
Шулар ҳисобга олинган ҳолда, истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда кимё саноатини
модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, уни мустаҳкам хом ашё базаси билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, 1992 йилда ҳукуматимиз томонидан фосфорит хом ашёси захираларини ўзлаштиришга доир қарор ҳамда Жер-Сардарин
конини босқичма-босқич фойдаланишга топшириш дастури қабул қилинди. Натижада 1998 йил май ойида йилига 400
минг тонна
маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган Қизилқум фосфорит комплексининг ишга туширилиши ушбу хом ашё импортини
қисқартиришга пойдевор яратган бўлса, 2005 йилда унинг бир йилда 716 минг тонна фосфорит концентрати тайёрловчи иккинчи
навбати фойдаланишга топширилгач, мазкур маҳсулотнинг хориждан сотиб олинишига бутунлай чек қўйилди. Айниқса, бу ерда
пишириш печи ва фосфорит хом ашёсини хлордан тозалаш қурилмаси бунёд этилиши нафақат Қизилқум
фосфорит комплексида,
балки “Ўзкимёсаноат” АЖнинг бошқа корхоналарида ҳам тайёрланадиган минерал ўғитлар сифатини янада ошириш баробарида, PS-
агро, супрефос каби янги турдаги фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш имконини берди. Пировардида экспорт ҳажми ҳам сезиларли
даражада ортди.
Шу билан бирга, “Фарғонаазот” АЖда замонавий технологияларни амалиётга жорий қилиш эвазига аммиак селитраси ҳамда азот
кислотаси тайёрлаш миқдори кўпайтирилди, “Максам-Чирчиқ”, “Қўқон СФЗ” ва “Самарқандкимё” акциядорлик жамиятларида
реконструкциялаш ҳамда модернизациялаш
ишлари олиб борилди, Навоий кон-металлургия комбинатида эса фосфорит
концентратини пишириш ва фосфат хом ашёсини дастлабки тарзда ювиб тозалаш қувватлари ишга туширилди.
Бундан ташқари, 2001 йилда “Навоийазот” АЖда каустик сода, хлор, туз кислотаси, дезинфекция
воситалари, Фарғона кимё заводида
пахта целлюлозаси тайёрлашга киришилган бўлса, 2002 йилда “Фарғонаазот” АЖда хлорат-магний дефолианти ҳамда хлорат натрий,
2003 йилда азот кислотаси ва аммиак селитраси ишлаб чиқаришга эришилди. 2006 йилда илғор технологиялар ҳамда асбоб-ускуналар
негизида Марказий Осиёда ягона бўлган Қўнғирот сода заводи, 2010 йилда Тюбегатан калийли тузлар кони базасида Деҳқонобод
калийли ўғитлар заводининг биринчи навбати ишга туширилиши эса кимё саноатимиз, умуман, миллий иқтисодиётимиз тараққиётида
алоҳида аҳамият касб этди. Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи фойдаланишга топширилгандан сўнг Ўзбекистон дунёдаги азот,
фосфор ва калий ишлаб чиқарувчи 11 давлат қаторидан жой олди. Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” АЖ азот ҳамда фосфор ўғитлари
тайёрлаш бўйича Марказий Осиёда ҳақли равишда етакчи ўринни эгаллаши билан бирга, чет мамлакатларга аммиак,
карбамид,
аммиак селитраси, сульфат аммоний, аммофос ва нитрофоска етказиб берувчи энг йирик тизим ҳисобланади. 2016 йилда унинг
корхоналарида 2001 йилдагига нисбатан минерал ўғитлар 1,9, шу жумладан, азотли ўғитлар 1,7, фосфорли ўғитлар 1,3 баробар кўп
ишлаб чиқарилгани бунинг тасдиғидир.
Қолаверса, “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналари қишлоқ хўжалиги тармоқларининг ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари,
дефолиантлар, чигит экишда қўлланиладиган плёнкаларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаши баробарида, тоғ-кон саноатига цианистли
натрий ва полиакриламидлар, нефть-газ соҳасига пармалаш реагентлари, қурилиш индустриясига кальцийлаштирилган сода ҳамда
бошқа маҳсулотларни ҳам етказиб бермоқда.
Айни чоғда бозорни кенгайтириш ва диверсификациялаш, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ўзлаштирилиши, соҳа
корхоналарининг халқаро кўргазмаларда фаол иштирок этган ҳолда, дунё бозорига интеграциялашуви туфайли тизимнинг экспорт
салоҳияти ҳам тобора юксалаётир. Илгари жамият товарлари яқин қўшни давлатларга сотилган бўлса,
бугунги кунга келиб, МДҲ,
Европа, Жанубий, Жануби-Шарқий Осиёнинг 40 дан ортиқ давлатлари, шунингдек, Хитой, Эрон, Австралия ҳамда Бразилияга
жўнатилаяпти. Бунда, шубҳасиз, 2011 йилда “Навоий” ЭИИЗда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига йилига 3
миллион донадан кўпроқ косметик, 120,8 миллион дона гигиеник маҳсулотлар тайёрланадиган ишлаб чиқариш қувватлари
фойдаланишга топширилгани муҳим омил бўлмоқда.
Шу кунларда эса “Навоийазот” АЖнинг йирик кимё корхоналарида умумий қиймати 1,8 миллион АҚШ долларилик учта лойиҳа ҳаётга
татбиқ қилинаяпти. Чунончи, Хитойнинг “CAMCE Engineering” ва “HQC Shanghai” консорциумлари ҳамкорлигида
республикамиз учун
мутлақо янги бўлган маҳсулот — поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ҳамда метанол, Япониянинг “Мицубиси корпорейшн” ва
“Мицубиси хэви индастриз” компаниялари билан биргаликда аммиак ҳамда карбамид тайёрловчи қувватларни барпо этиш,
Швейцариянинг “Касале” компанияси кўмагида эса азот кислотасини ишлаб чиқариш комплексини янгилаш бўйича ишлар олиб
борилаётир. Бунинг самараси ўлароқ, электр энергияси сарфи бир тонна азот кислотаси ишлаб чиқаришда беш карра, аммиак
тайёрлашда эса икки баробар камаяди. Муҳими, қарийб 1500 та иш ўрни яратилади.
Таъкидлаш керакки, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ҳисобига
қўшимча қийматга эга янги турдаги маҳсулотларни тайёрлаш масаласи ҳам “Ўзкимёсаноат” жамоасининг диққат-эътиборида турибди.
Самарқанд кимё заводида йилига 240 минг тонна NPK-ўғитлари тайёрлаш корхонаси бунёд
этилгани, “Ангрен” махсус индустриал
01 Июль 2016
зонасида эса “100 минг погон метр конвейер лентаси, қишлоқ хўжалиги техникалари учун 200 минг дона, автомобиллар учун 3 миллион
дона шина ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилаётгани ана шундан далолат беради.
Кимё саноатини 2020 йилгача ривожлантириш дастурига мувофиқ эса, умумий қиймати 2,65 миллиард АҚШ долларилик 23 та лойиҳа
рўёбга чиқарилиши мўлжалланмоқда. Бу пировардида 15 турдаги янги маҳсулот тайёрлашнинг йўлга қўйилиши билан диққатга
сазовордир.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимиз кимё тизимидаги бу каби улкан ўзгаришлар, янгиланишлар ҳамда диверсификациялаш
жараёнлари қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон, нефть-газ, тўқимачилик, лок-бўёқ,
автомобиль, қурилиш саноати, айниқса, кичик бизнеснинг
янада равнақ топишига, умуман, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатларда ривожланишига пухта замин яратмоқда.
**********************