Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
www.ziyouz.com кутубхонаси
83
ЗУМРАД
Азизанинг бу ерга келганига энди бир ҳафта бўлди. У йўлга чиқаётганида, ўзим ҳам бир дам
олиб келарман, деб ўйлаган эди. Дам олиш қаёқда, вақтида овқат ейишга ҳам қўл тегмайди.
Бунда икки юздан ортиқ бола дам олади. Бири чўмилиб шамолласа, бошқаси парманчак
тераман деб оёқ-қўлини тимдалатиб келади. Буларнинг ҳаммаси врачга ташвиш. Айниқса
футбол деган нарсага болаларнинг ўчлигини айтмайсизми. Ишқилиб, кунига ё тирсаги, ё
тиззаси шилиниб кетишига қарамай, тўп тепишгани тепишган.
Болалар-ку, майлига-я,
кунига сават-сават нарса ташиб, узоқ-яқиндан келадиган ота-
оналарнинг хархашасини айтмайсизми!
Азиза овқат олиб келган ота-оналарни лагерь ичига киритилмаслик масаласида бошлиқ
билан бир неча марта уришиб ҳам олди.
— Бунақада болалар дам олиш у ёқда қолиб, қайтага касал орттириб кетишади-ку.
Унинг бу гапига бошлиқ елка қисиб, чорасизлигини билдирди.
— Қандоқ қиламиз, энг камида саксон километр йўл
босиб келса-ю, боласини кўролмай
кетса, яхшимас-да, доктор.
Албатта, бошлиқнинг гапида ҳам жон бор. Аммо Азиза уларнинг дардга чалиниб қолиш
хавфидан безовта. Мана, эшик олдида велосипед рулига сават илган ўрта яшар бир киши
ҳансираб турибди. Азиза уни лагерь ичига киритмади. Ҳозир деразадан унга қараб тураркан,
бирдан раҳми келди.
Бечора саксон километрли тоғ йўлидан велосипедда келибди. Яна шунча йўл босиб қайтиб
кетиши керак. Терга ботиб кетибди. Унинг аҳволини кўриб чидаб туролмади. Олдига чиқди:
— Нима қилардингиз, ахир бола сизни кўриб уйига кетгиси келади. Бу овқатларни ҳам
чакки олиб келибсиз.
У хижолат чеккандек жавдираб қаради.
— Энди синглим, шу биттагина боламиз... Онаси йиғлаб эси кетяпти. Мен-ку чидаяпман...
Азизанинг ҳам боласи биргина. Борди-ю, у ҳам олисда бўлса қай аҳволга тушаркин,
эҳтимол, бундан ҳам узоқ йўлни пиёда босиб келармиди. Бирдан Азизанинг кўнгли юмшаб,
жилмайди.
— Майли, битта шарт, опкелган овқатларни бермайсиз. Ўзи билан бемалол тўйиб гаплаша
қолинг.
Азиза уни бошлаб ичкарига олиб кирди-да, болани чақириб келиш учун одам юборди.
Ичкаридан болаларнинг қий-чуви эшитилиб турибди. Трусичан қора-қура болалар у ёқдан-
бу ёққа бир-бирини қувлашиб юришипти. Танасига оҳак суртилган
дарахтлар орасидан
чодирлар, фанердан қирқиб ишланган фил, туя, шерлар кўриниб турибди.
Кўзлари қисиққина қизча худди эшик тагида бояги кишининг тиззасига ўтириб олиб
нималардир деб жавраяпти. Дадаси унга қараб яйраб илжаяди. Унинг башараси худди эриб
кетаётганга ўхшайди. Сертомир қўллари билан қизчанинг сочини силайди, тинмай пешонасидан
ўпади.
Азиза унга қараб ўтириб жуда завқланиб кетди. Деразага бағрини бериб, ундан кўз узолмай
қолди. Дадаси қизга икки плитка шоколад берди. Қиз докторхона томонга бир қараб олди-да,
шошиб рўмолчасига ўраб, орқасига беркитди. Азиза унинг қилиғидан илжайиб қўйди.
Эшик тақиллади. Азиза то ўгирилиб қарагунча,
эшик очилиб, ўттиз беш ёшлардаги бир
жувон кирди.
— Доктор, мумкинми? — Аёл қимтиниб унга яқин-лашди.
— Нима гап, тинчликми?
— Тинчлик, ўғлим икки-уч кундан бери бот-бот иситмалаб қўяди. Нималигини
билолмаяпман. Бир кўриб қўйинг, барака топкур.