КЕЙСЛАР
1. Кейс. IBM корпорациясидаги самарадорлик масалалари.
IBM cўзи – international business machines сўзларининг қисқартирилган
шаклидир. У 1911 йилда ҳисоблаш техникаси ишлаб чиқарадиган бир қатор
фирмаларнинг бирлашиши натижасида ташкил топган. У компьютер
технологияларини етиштириб бериш бўйича дунёдаги энг йирик
фирмалардан бири ҳисобланади.
XX асрнинг биринчи ярим йиллигидаги IBM фирмасининг тарихи Томас
Ж. Ватсон номи билан тўлиқ боғлиқдир. У IBM ни майда фирмадан йирик
корпорацияга айлантиришгача бўлган даврда бошқарди.
IBM тарихидаги кейинги босқич унинг ўғиллари – Артур ва хусусан,
кичик Томас Ватсонлар билан боғлиқ.. Уларнинг раҳбарлиги остида IBM
тармоқда ҳукмрон вазиятга эга бўлган йирик корпорацияга айланди.
IBM ўз фаолиятининг бошланғич даврида бошқа компанияларни сотиб
олишга интилмади, балки унинг ўзи бир қатор компанияларнинг аралашмаси,
яъни конгломерати эди. 30-йилларда “Отоматик скейл” ва “Нейшнл скейл”
ларни сотиб олди. Табуляторли машиналар соҳасида “Тикетограф компани”
ва “Пирс эккаунтинг компани” ларни сотиб олди, шунингдек, “Эллис” ва
унинг “Электроматик тайпрайтер” деб номланган бўлинмасини сотиб олди.
146
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, “Электроматик тайпрайтер”
кейинчалик “Офис продактс дивижн” нинг асосига айланди.
Бироқ, IBM нинг бу каби фаоллиги Иккинчи жаҳон уруши арафасида
якун топди. 70-йилларга келиб компания яна фаоллигини ошира бошлади. Бу
вақтда у ўзининг асосий ишига асосланган эди. IBM барча компанияларга
юқори ўсиш кўрсаткичларига ички омилларнинг таъсири остида
эришганлигини очиқ-ойдин намойиш этди. Бошқа компанияларни сотиб
олиш ҳисобидан кенгайиб бораётган кўплаб ташкилотлардан фарқли
равишда IBM ўз муваффақиятига оғир меҳнат йўли билан эришди, яъни
мулкни сотиб олиш компания стилига тўғри келмасди. Корпорациянинг
шиори хусусий ишлаб чиқаришни ривожлантириш эди.
Моҳиятан олиб қараганда, IBM жаҳон саноатида ўзига хос муҳим ўрин
эгаллайди. У дунёнинг энг йирик корпорациялари қаторидан ўрин олган
бўлиб, фақатгина нефть компаниялари, автомобиль корпорациялари ва япон
савдо фирмаларидан кейинги ўринларда туради. Компания таркибида
қуйидагилар фаолият кўрсатади: 8 та мамлакатда жойлашган 9 та илмий-
тадқиқот лабораториялари, 14 та мамлакатда жойлашган 24 та завод, 127 та
мамлакатда жойлашган фирма ваколатхоналари. 80-йилларда компанияда
илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфланган
харажатлар ҳар йили 3,5 млрд. долларни ташкил этган.
1964 йилдан 1974 йилгача бўлган даврда IBM нинг йиллик айланмаси 3,2
млрд. доллардан 12,7 млрд долларгача ўсди, бунда ўртача йиллик ўсиш
суръатлари 14,8% ни ташкил этди; 1974 йилдан 1984 йилгача бўлган давр
ичида 12,7 млрд доллардан 27,4 млрд долларгача кўтарилди (8%); 1984
йилдан 1990 йилгача бўлган даврда 27,4 млрд доллардан 69 млрд долларгача
кўтарилди (25%). 1990 йилда фойда ҳажми 6 млрд долларни ташкил этди.
Бироқ, 1991 ва 1992 йилларда савдо ҳажмлари 64,7 ва 64,5 млрд долларгача
пасайди. 1991 йилда фирма фойда олиш ўрнига 1,4 млрд. доллар ҳажмида
зарар кўрди.
40-50 йиллар давомида IBM етакчи, бироқ АҚШ даги кўплаб компьютер
ишлаб чиқарувчи компанияларнинг бири ҳисобланган компания сифатида
намоён бўлди. Айниқса, илмий-техник ишланмалар соҳасидаги бурилиш,
яъни 60-йиллар бошида 360 маркали машиналар сериясининг яратилиши IBM
ни тармоқдаги мисли кўрилмаган етакчи компанияга айлантирди. Бу
сериягача IBM кўп йиллар давомида 11 мингта электрон ҳисоблаш
машиналарини ишлаб чиқарган эди. 360 сериясини ишлаб чиқариш
якунланганда уларнинг уларнинг умумий миқдори 35 минггача ўсди.
IBM РСА, “Дженерал электрик”, “Юнивак” ва “Контрол дейта” каби
фирмалар билан рақобат курашида муваффақият қозонди. 50-йилларда ушбу
фирмалар IBM нинг бир қатор лойиҳаларини зарар билан якунланганидан
сўнг бозордаги ташаббусни қўлга киритишга ҳаракат қилишди. Бироқ,
компаниядаги тижорий муваффақиятга эга бўлмаган бир қатор моделларнинг
ишлаб чиқишда йиғилган тажриба ва ақлий салоҳият кабилар IBM га 360
сериясини яратиш имконини берди.
147
Айнан шу илмий-техник муваффақият IBM ни катта электрон ҳисоблаш
машиналарининг жаҳон бозорида ҳукмрон позицияни эгаллашига имкон
яратди.1950 йилнинг 1 январида “IBM world trade” га асос солинди. Унинг
таркибига фирманинг ишлаб чиқариш ва савдо бўлинмалари кирди. Ушбу
бўлинмалар асрнинг бошларида Германияда (1910 й), Францияда (1914 й),
Японияда (1925 й), Канада ва Бразилияда (1917 й) ташкил этила бошланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Ғарбий Европада фаолият
кўрсатаётган электрон ҳисоблаш машиналарининг 70% Америка
компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган.
IBM нинг ташкилий структураси минтақавийлик тамойили бўйича
қурилган. Ўтган асрнинг охирги 25 йиллиги мобайнида корпорациянинг 2 та
бир хил қисмга аниқ бўлинишида ўз ифодасини топди: миллий (АҚШ) ва
халқаро (қолган мамлакатлар, асосан Япония, Германия, Италия, Франция ва
Буюк Британия).
IBM нинг ҳар бир мамлакатдаги филиалларига юқори даражадаги
мустақилликни бериши муҳим аҳамиятга эгадир. Одатда, ҳар бир
филиалнинг раҳбарияти Кенгаш томонидан бошқарилади. Ушбу Кенгаш
деярли тўлалигича филиал жойлашган мамлакатнинг фуқароларидан ташкил
топади. Шунингдек, битта АҚШ фуқароси бўлган директорни ўз ичига олади.
Бироқ, филиалларнинг мустақиллигига қарамасдан, IBM нинг маданияти
шунчалик кучлики, буни бутун дунё бўйлаб жойлашган компаниянинг завод
ва идораларининг бир-бирига ўхшашлигида кўриш мумкин.
Хорижда IBM нинг ишлаб чиқаришини ташкил этишда жуғрофийлик
тамойили асос бўлиб хизмат қилади. “IBM world trade” нинг Нью-Йоркда
жойлашган штаб-квартираси ўзининг асосий функцияларини Парижда
жойлашган халқаро бошқариш командасига берган. Корпорацияда
минтақавий бўлинмалар ташкил этилган бўлиб, уларнинг бири Европа, Яқин
Шарқ ва Африка учун бўлса, бошқаси Осиё, Тинч океани минтақаси ва
Жанубий Америка учундир. Алоҳида мамлакатларда уларга бўйсунадиган
шўъба корхоналари (масалан, “IBM Дойчланд”, “IBM Италия”, “IBM
Джапен”, “IBM Франс”, “IBM Юнайтед Кингдом”) мустақил юридик шахс
мақомига эга бўлишиб қонун нуқтаи-назаридан маҳаллий фирмалар
ҳисобланишади. Уларнинг деярли 100% капитали АҚШ даги бош компанияга
тегишли.
Раҳбарлик тамойиллари нуқтаи-назаридан 60-70-йилларда IBM ни
бошқарган ака-ука кичкина Том Ватсон ва Дик Ватсонлар “Дженерал
моторс”нинг 20-йиллардаги тажрибасини такрорлашга қарор қилишди.
Қачонлардир Альфред Слоун ўз фирмаси автомобилларини ишлаб
чиқаришни “Бьюик”, “Шевроле”, “Олдсмобиль”, “Понтиак”, “Кадиллак” ва
бошқа шу каби мустақил компаниялар ўртасида тақсимлаган эди. Улар бир-
бирлари билан бир қатор қисм ва агрегатларни ишлаб чиқаришда ҳамкорлик
қилишарди, уларда умумий илмий-тадқиқот ва конструкторлик бўлинмалари
ва умумий хизмат кўрсатиш тизими мавжуд эди. Шунинг билан бирга улар
148
бозорда ўзаро рақобатлашишар ва бошқа рақобатчилар билан мустақил
равишда кураш олиб боришарди.
80-йилларда IBM маҳсулот ишлаб чиқариш ва унга хизмат кўрсатиш
самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор ташкилий инновацияларни
амалга ошира бошлади. Концерн таркибида ўзгаришларни тез амалга
ошириш учун модуллилик тамойилидан фойдаланилди. Йирик электрон
ҳисоблаш машиналари, шахсий компьютерлар, ахборот сақлаш воситалари,
идора техникаси, алоқа тизимлари ва бошқа шу кабиларни ишлаб чиқариш
заводлари, жуғрофийлик тамойили бўйича бўлиниб жойлашган савдо
ташкилотлари ва маъмурий муассасалар фирмани ташкил этган асосий
блоклар (модуллар) сифатида намоён бўлди. Ушбу блоклардан ҳар бири
ўзининг аниқ муаммосини ҳал этишга ихтисослашади ва тегишли соҳадаги
юқори малакали мутахассисларни бирлаштиради. Бу каби модулларнинг бир
қанчаси бўлинмаларга бирлашади, бўлинмалар бўлса гуруҳларга бирлашади.
Бўлинма ва гуруҳларнинг таркиби корпорация томонидан ҳал этиладиган
вазифаларнинг характерига боғлиқ равишда ўзгаради.
IBM учун янги бўлган бозорни (шахсий компьютерларни ишлаб
чиқариш) эгаллаш учун корпорация “Энтри системз дивижн” деб номланган
лойиҳавий (мақсадли) бўлинмани ташкил этди. Менежерлар ва юқори
тоифали мутахассисларнинг унчалик даражада катта бўлмаган гуруҳи
ўзининг молиявий маблағларига эга бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |