Салжуқийлар тангалари. Марказий Осиё ҳудудида X-XI асрларда ҳукм сурган салжуқийларнинг кумуш тангалари ниҳоятда кам учрайди. Масалан, жанубий Туркманистондан 1884-1946 йиларда 6 дона салжуқийлар кумуш тангаси топилган ва рўйхатга олинган. 1960 йилда Мунчоқтепа ёдгорлигидан кумуш тангалар хазинасида Султон Санжар кумуш динори катта аҳамиятга эга. Хазина умумий оғирлиги 85 гр келадиган тангалар ва синиқ тангалардан иборат. Ушбу кумуш тангалар Марв, Балх ва Ҳирот зарбхоналарида Султон Санжар номи билан зарб этилган. Тангалар, асосан, ҳалифалар ал-Мустазхир (1094-1118), ал-Мустаршид (1118-1135), ал-Муктифий (1136-1160) лар даврига тўғри келади.
Марвда зарб этилган Султон Санжарнинг кумуш динорида Султон Муҳаммад ибн Маликшоҳ ва Султон Санжар номи битилган. Салжуқийларнинг кумуш тангалари жаҳон нумизматикасидаги ноёб тангалар сарасига киради. Салжуқийлар тарихини ўрганган тангашунос Лэн Пул Британия музейида чоп этилган туркман сулолалари тангаларининг каталогига “Буюк салжуқийлар”нинг фақат 22 та тангасини (20 та олтин ва 2 та кумуш) киритишга муваффақ бўлган. Бошқа бир тангашунос А.К.Марков эса Эрмитажда сақланаётган 77 та салжуқийлар тангасини рўйхатга олиб, мусулмон тангалари каталогига киритган.
Қумқўрғондан топилган Султон Санжарнинг кумуш динори Қуръон оятлари битилганлиги, ёзув услуби ва тайёрлаш маҳорати, нафислиги билан алоҳида ажралиб туради. Танганинг оғирлиги 27,8 гр, диаметри эса 2,3 см. Танганинг аверсида калима, ҳалифа ал-Мустахир ва Султон Муҳаммад ибн Маликшоҳ номлари битилган. Реверсида Қуръоннинг Бақара сурасидан 256-оят: “динда зўрлаш йўқ, зеро тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтонни (ёҳуд бутларни) инкор этиб, Оллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли ҳалқани тутибди. Оллоҳ эшитувчи ва билувчидир” деб ёзиб қўйилган. Қуръон оятидан сўнг Султон Санжарнинг исми ва унвони “Шарқ ҳукмдори” деб ёзилган.
Барқиёруқ вафотидан сўнг, 1105 йили Муҳаммад ибн Маликшоҳ салжуқийлар султони, Санжар эса унинг вориси деб эълон қилинди. Қумқўрғондан топилган кумуш динор зарб этилган пайтда салжуқийлар давлатининг ҳукмдори Маҳмуд ибн Маликшоҳ бўлиб, Санжар унинг Марвдаги ноиби эди. Танганинг зарб этилган йили тахминан 1106-1118 йиллар ўртасида зарб этилган келади. Фақат 1118 йили Султон Санжар Салжуқийлар салтанати ҳукмдорига айланди ва марказни Марвда қолдирди.
Султон Санжар ҳукмронлиги қилган йилларида Марв шаҳрининг сиёсий ва иқтисодий ҳаётида ўзгаришлар кузатилади ва унга “абадий барҳаёт шаҳар” унвони берилади. Шаҳарнинг марказий қисмида Султон қалъаси арки қурилди.
Археолог олим Л.Альбаум томонидан Қумқўрғондан топилган Султон Санжарнинг кумуш динори ва тангалари хазинаси академик Э.В.Ртвеладзенинг гувоҳлигига кўра, ЎзР ФАга қарашли Тарих институти фондига, кейинчалик Археология институти фондига топширилган5.
Do'stlaringiz bilan baham: |