Озиқ овқат хавфсизлиги миллий иқтисодий хавфсизлик тизимида муҳим ўрин тутади. Ҳар қандай мамлакатда озиқ-овқатга бўлган эҳтиёж унинг фуқаролари эҳтиёжларининг бирламчиси бўлиб ҳисобланади
Озиқ – овқат хавфсизлиги миллий иқтисодий хавфсизлик тизимида муҳим ўрин тутади. Ҳар қандай мамлакатда озиқ–овқатга бўлган эҳтиёж унинг фуқаролари эҳтиёжларининг бирламчиси бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам аҳолини озиқ –овқат билан таъминлаш, уларнинг эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, озиқ –овқат маҳсулотларининг сифатини яхшилаш масалалари доимо эътиборда турадиган масалалардандир. Мамлакатда, у ривожланган бўладими, ёки ривожланаётган бўладими, озиқ – овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий иқтисодиёт ривожланишига, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш муаммоларини ҳал этишга, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамланишига катта таъсир кўрсатади. Озиқ–овқат хавфсизлигини таъминлаш қишлоқ хўжалиги тадбиркорлигининг ривожланганлик даражасига, қишлоқ хўжалик тадбиркорларининг маҳсулот етиштириш кўрсаткичларига боғлиқ бўлиб ҳисобланади. Ушбу соҳанинг ривожланиши эса ўз навбатида иқлим шароитларига, табиий омилларга маълум даражада боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганларидек 1 2021 йилда инфляциявий таргетлаш доирасида нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик Марказий банк ва Ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлади. Бу борада глобал пандемия озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Шу боисдан ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт соҳасидаги бож тўловлари бўйича берилган имтиёзлар яна бир йилга узайтирилади.Умуман, халқимиз хотиржам бўлиши керак: сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бу борада кафолатланган захирани яратиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратилади. Бунинг учун Ҳукумат ва ҳокимликлар томонидан барча чоралар кўрилади ҳамда бу масала Президентнинг доимий назоратида бўлади.
Озиқ – овқат хавфсизлиги ва уни таъминлаш масаласи бевосита иқтисодий хавфсизликни таъминлаш билан чамбарчас боғлиқдир. Таъкидлаш жоизки, озиқ – овқат хавфсизлиги муаммосини ҳар томонлама ҳал этилиши мамлакат аҳолисининг фаровон ҳаётини таъминлаш, турмуш даражасини ошириш, сифатли озиқ – овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 анварда «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5303-сонли фармони тасдиқланди. Бу фармон ижроси орқали мамлакатда экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш ва соддалаштириш, талаб юқори бўлган озиқ-овқат товарларини импорт қилишда тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бир қаторда, носоғлом рақобат, озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан монополлаштирилиши, сунъий тақчилликни юзага келтириш ва баъзи товарлар учун нарх-навонинг асоссиз оширилиши оқибатида қўшимча фойда олиш учун шарт-шароитлар яратувчи жиддий тизимли муаммолар ўз ечимини топмоқда2.
Ҳозирги даврда озиқ – овқат хавфсизлиги дунё миқёсида глобал уаммога айланиб бормоқда. Шунинг учун ҳам унинг ўрганилиши иқтисодий, ижтимоий, сиёсий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади. Таъкидлаш жоизки, инсоннинг тўйиб овқатланишга ва очликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқи 1948 йилда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Ҳалқаро билл ва 1966 йилда қабул қилинган иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг ажралмас қисмини ташкил этади. Инсоннинг бундай ҳуқуқлари 1989 йилда қабул қилинган болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияда ва бошқа халқаро ҳужжатларда ҳам ўз ифодасини топган.
Мутахассисларнинг фикрича, дунё иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришлар озиқ-овқат маҳсулотларига нархларни ошишига олиб келмоқда. Шунинг учун ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи жуда кўп мамлакатларнинг миллий сиёсатидаги устуворликлари қаторидан ўрин олмоқда. Бундай ҳолат ушбу масалага алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади. Мана шу ҳолат диссертация иши учун мавзу танлашимизга асос бўлди.
1 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. 29.12.2021 йил.
2 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5303-сонли фармони.