O‘zbekiston respublikasi oliy va o‘rta maxsus termiz davlat universiteti boshlang‘ich talim kafedrasi Ro‘yxatga olindi «Tastiqlayman»



Download 0,56 Mb.
bet34/38
Sana16.03.2022
Hajmi0,56 Mb.
#496920
1   ...   30   31   32   33   34   35   36   37   38
Bog'liq
02 09 2020 Т Т Ф Халқ оғзаки ижодинини копия

Термалар ҳам халқ оғзаки ижодида муҳим тутади. Улар куйловчининг турли муносабат билан билдирган теран фикр-мулоҳазаларидир. Бу ҳақда олима Музайяна Алавия шундай таъриф беради. «Достончи шоир, жиров, бахши, созанда, санновчилар тўй-ҳашамларда, сайр-саёҳат, сайилларида, умуман, кўпчилик йиғилган жойларда достонлардан парчаларни, турли мавзулардаги 10-12 симрадан 320-350 мисрагача бўлган шеърларни куйладилар. Буни терма деб юритилади». Терма ўз номи билан териб айтишдир. Одатда, достон айтишдан олдин халқнинг диққат-эътиборини тортиш, уларда маълум кайфият уйғотиш, айтувчининг ўзи ҳам йўлга тушиб олиши, қизишиб, фикрларини жамлаб олиши ва бошқа мақсадларда терма айтишади. Термалар мавзу жиҳатидан ранг-барангдир. Аммо уларнинг кўпчилиги дидактик характерга эга бўлиб, кишиларни мардликка, ватанпарварликка, инсонпарварликка, гуманизмга, севгига садоқат лва вафога чорлайди.
Шундай қилиб, термалар тематик жиҳатидан хилма-хилдир. Улар куйловчининг таржимаи ҳоли билан боғлиқ бўлиши, достон қаҳрамонларининг маълум фазилатлари билан, маълум воқеа-ҳодисалар билан, маълум шарт-шароитлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Масалан, Ҳўшбоқ бахши Маматрайим бахши Содиқ ўғли билан йигирма йилларга бирга бўлган, «Тўйларга олиб юрар эди», дейди. Маматрайим бахши бир куни «пичча бахши» ҳақида ҳикоя қилиб берган.
Унинг айтишича, маматрайим бахши бир тўйда куйлаб ўтирганда, бир киши келган. Икки қулоғи ҳам йўқ-кесилган, бурун суяги синган, юзида сув чечак жароҳатини қолдирган.
У манқаланиб «менга ҳам бер қани» деб бахшидан дўмбирани сўраган.
Табиийки, ҳаммасининг қизиқиши отрган. Машҳур эътиборини ўзига жалб этиб олган, бутун эътибор унга қаратилган кишилар унинг тақдирига ачиниш билан қараганлар, маҳоратига эса махлиё бўлганлар.
Хўшназар бахши ниҳоятда чечан бўлган. Диққат-эътиборни жамлаб олгач, «Алпомиш»ни куйлаб, йиғламаганни ҳам йиғлатлаг, йиғлаганни кулдирган.
Афсуски, ана шундай чечан бахши тақдирнинг аччиқ шамолларида соврилган, ёвузлар қўлида беобрў этилган, ундан ҳеч нима қолмаган.
Чоршанби бахши Раҳматуллаев шундай ҳикоя қилади: «мен 1949 йилдан тўй-йиғинларга кириб қўшиқ бошлаганман, етти-саккиз ёшлигимдан улоқ-қўзи боқиб, терма айтиб юрардим. 1949 йилга келиб, беш-олти достонни мукаммал ўргандим. Алим бахшининг шогирдлари Назар, Эсон бобо бахшилар эди. Қуллуқшолик Боймурод ҳам келиб турарди. Улар айтганда, даврасида бўлиб, терма, достонларимни айтиб бердим. Кўп бобобй бахшиларнинг даврасида бўлдим. Мардонақул бахши, Нормурод бахши, Худойқул бахши, Қиём бахши... Айтаверсам, устозларим кўп. Қайси бахши овулимизга келиб айтган бўлса, достон, термалардан «ўғирлаб» қолганман, шул бахшиларди устозим деганман. Бир йиғинда айтаётганимда, Омонниёз келди. Омонниёз бахши жўгилардан эди. «Айта бер, ўғлим, сўзларинг тошқин, мақсадингга етишгин, қани, мениям қўшиққа қўшгин», деди. У кишини аввал кўрганим йўқ, одамлардан таърифини эшитиб юрардим. Қўлимга созди олиб, бир нағмага солиб, ҳеч тортинмай, чайқалиб, шундай деб куйладим:
Ошиб кебсиз Қоратовнинг белидан,
Кув ёғочга тил битказиб қўлидан,
Бир бошласа, сўз узулмас тилидан,
Буғдайи тўғилгандай тейирмон дўлидан,
Айтса, адо қилмас достон мўлидан,
Тўққиз чашма мавж ургандай дилидан,
Оммониёз булбул чиққан лўлидан,
Яна оғир олманг, йўқдир иллати,
Бахши айтган сўзнинг бўлмас уяти,
Сиз билан қувончли элнинг суврати,
Ҳар элда бордир урув, миллати,
Бизлар қўнғиротнинг фарзанди.
Ҳар турлидир имкон зоти,
Хафа бўлманг айтган сўзга.
Навбат бериб, айт деб бизга,
Энди навбат, бобо, сизга.
Айтилган гап қайтмас изга,
Икки оғиз терма айтдим,
Маъқул бўлсин-да, ҳаммамизга.

Кўринадики, бу ерда терма кекса бахшининг илтимоси билан айтилган. Бадиҳа йўли билан айтилган бу терма 19 мисрадан иборат, дастлаб 7 мисра, сўнг 6 мисра кетма-кет қофияланган. Ундан кейин яна 6 мисра келиб, унинг беш симраси ўзаро қофияланган.


Терманинг бўғинлашув тартиби ҳам бармоқ шеър тизимининг маълум қоидаларига мувофиқ, улар мазмун ва бахшининг макқсади, талаби билан айрим ўзгаришларда келган. У, асосан, II бўғинли, 4+4+3 таркибида туроқлашган. Аммо тўртинчи мисра мазмун талаби билан 12 бўғинли, 6+6 таркибида туроқлашган. Ўн биринчи мисра 10 бўғинли, 5+5 таркибида туроқлашган. Ўн иккинчи мисра 9 бўғинли, 4+5 таркибидка туроқлашган, кейинги мисралар 8 бўғинли, 4+4 таркибида туроқлашган, фақат охирги мисра 9 бўғинли, 5+4 таркибида туроқлашган.
Бу термани шартли равишда икки қисмга ажратиш мумкин. Биринчи қисмида Омонниёз бахшининг бутун сифатлари чиройли тасвирий воситалар орқали таъриф этилади. Иккинчи қисмида узрхоҳлик билдирилади. «Устоз лўлилигини айтганимдан оғринмадимикин?», деган гумон билан ҳар элнинг уруғи, миллати бўлиши, буни айтиш айб эмаслигини баён этади ва шогирд навбатни устозга беради.
Бу ерда таъриф этилаётган устоз бахшининг ҳам характер хусусиятлари яхши кўзга ташланади. Устоз бахшининг чечан шоирлиги турли ўхшатишлар орқали очилган. У шундай шоирки, унинг қўлида ёғоч тилга киради. Достони шундай мўлки, айтса, адо бўлмайди. Унинг куйлаши тегирмон дўлидан буғдойнинг бир текис қуйилишига ўхшайди, қалби шу қадар ҳассослики, унда тўққиз булоқ мавж ураётганга ўхшайди. Устознинг узоқдан Қоратоғ ошиб келганилиги ҳам, лўлидан чиққан бахши эканлиги ҳам шогирднинг эсидан чиқмаган.
Куйлаётган бахшининг камтарлиги, устозга беқиёс ҳурмати, унинг кўнглини овлаётгани, ўзи қўнғирот уруғидан эканлиши, шу билан тўғри сўзидан қайтмас мардлиги ҳам ушбу термада яхши ифодасини топиб турибди.
Чорша бахшининг айтишича, бу термани айтганидан кейин даврада хурсанчиликдан гуруллаб кулгу кўтарилган. Омонниёз бахшининг чеҳраси очилиб, «Раҳмат, ўғлим, етишиб қопсан, бахшиларнинг ўзи бўпсан, эл севган бахши бўлгин», деб дуо қилган.
Термалар ҳажм жиҳатидан ҳар хил бўлади. Масалан, Чорша бахшининг устозлари ҳақида сўз орасида қистириб кетган тўрт сатрлик термаси ҳам бор.

Достонни бошлаб бошидан,


Кўнглим ором қиларди хонишидан.
Тонг отгунча одам кетмай қошидан,
Диллар яйраб малҳам олиб айтишидан.

Чорнша бахши устозларидан Мардонақул бахшининг суҳбатларида кўпроқ бўлган, ҳар келганида колхознинг раиси марҳум Эгамберди Менглиев Чоршани устоз бахшининг ёнидан ўтирғизиб қўяр экан. Бахши эса кетар олдидан шогирдига дуо бериб, «ғайрат қил, қайтма, уялиб жамоадан ўзингни тортма ёлғон гапни айтма, устоз сўзини унутма», деб насиҳат этар экан.


Мардонақул бахши яна бир келганида, катта йиғин, давра одамлар билан гавжум бўлган. Бахши ббобо «Олтин қовоқ» достонидан жўшиб айтаяпти. Орада дам олигиси келади-да, нос чекиб, дўмбирани шогирди Чорша бахшига узатади, «Қани, ўғлим, айт, икки оғиз эшитайин. Қўшиғинг одам тинглайдиган бўппа ё шул жойда тўхтап қоппа», дейди.
-Нимадан айтайин, устоз?-сўрайди шогирди.
-Ўзингга маъқул бўлганидан,-дейди устоз.
Шунда Чорша бахши қуйидаги термани айтади.
Сизи билан баланд бўлсин парвозим,
Мавжланиб оқсин тилимдан сўзим.
Қалбим қайнаётар қўлимда созим,
Завқу қувончман ўтсин қишу-ёзим.
Билганимча икки шингил айтайин,
Таъзим қилиб сизга салом айтайин.
Сўзларимни қабул қилинг, устозим,
Эл-халқим шаънига қўшиқ айтайин.
Сўз гавҳарин гулдаста қилиб тугайин,
Адашмайман ҳамма сўзларим тайин.
Рухсат бўлди, бирон терма айтайин,
Устозларим ҳурматига етайин.
Майли, устоз, энди айтмай нетайин,
Қисқароқ қилиб дўмбирамни мақтайин.
Давр, дунё қолар бир кун барчадан,
Беш кунликдир, кийинг шойи, парчадан.
Булбул айрилмайди тоза ғунчадан,
Устоз бобом жўнган сени арчадан.
Бахшиларга мадад бўлган дўмбирам,
Чарчаганда роҳат бўлган дўмбирам.
Бир умр тушмагин қўлимдан,
Ошиб ўтиб неча белдан.
Олқиш олгин овул, элдан,
Айтсам, сўз узилмас тилдан.
Ўзинг сулув, қопқоғинг толдан,
Қўшиғимга қанот бўлган дўмбирам.
Нонушта навбат бўлган дўмбирам,
Сени билан бирга орзу-тилагим,
Сени чертсам, кучга тўлар билагим,
Ҳар томонга талпинади юрагим,
Кундан кунга ёнар равшан чироғим,
Улуғ кунда, тўй, суҳбатда яроғим.
Ҳар йиғинда ғувуллайсан қўлимда,
Қўш булбул қўнгандай икки қулоғинг.
Ризқу-давлат омад бўлган дўмбирам,
Кеча-кундуз ҳамдард бўлган дўмбираман.
Яхши сўзни киши дарҳол англайди,
Шул сабабли тўйларга кўп чорлайди.
Тонг отгунча айтасиз деб қўймайди,
Қулоғида қорин йўқ, сира тўймайди.
Саҳардан нарман бўйним терлайди,
Алпомиш ҳам Оқсув томон ўрлайди.
Уй ортидан қиз, келинлар тинглайди,
Бир нечаси қошин қоқиб имлайди.
Ишимизни худо қачон ўнглайди,
Эл қалбига иноқ бўлган дўмбирам,
Хуш оҳангу ўйғоқ бўлган дўмбирам.

Дўмбирага бағишланган ушбу термани шогирди қисқа қайтариб тўхтагач, даврада ўтирганлар хурсанд бўлишиб, унга раҳмат айтишиб кулишади ва устоз нима деяркан, деб унга қулоқ тутишади. Шунда Марданақул бахши ҳам кулиб: «Балли, сўзга бой бўп қопсан, айтишга шай бўп қопсан, ҳар давра турида наққош чирой бўп қопсан, ҳар йўлга дадил қадакм ташлаб, ҳайда-ҳай бўп қопсан, худо сенга берибди, хизматингни эл кўрибди, бахт-иқбол қуши дорибди. Қиз-келинлар қош қоқиб имлаган бўлса, сўзинг уларга ҳам мойдай порибди. Бир дуо берай», дея қўл кутарди. Дуода «Эл улусни кезиб яйраб-яшна», «ардоқли бўл, эл кўнглини хушла», «мерос сунбул созди маҳкам ушла», «авжинг баланд, энди достон бошла» деган яхши тилаклар бўлган.


Дўмбира мақтовига бағишланган терма деярли барча бахшилар репертуарида учрайди. Чорша бахши ана шу анъанавий усулга таяниб, ушбу термани айтган. Бу терманинг ўтирган давра аҳлига хуш ёқишининг сабаби шундаки, унда вазиятга ҳозиржавоблик бор, ёш бахшининг чечанлиги, думбира куйини ва шеърини турли оҳангга мослаб олиш маҳорати кўринади.
Ушбу терма 48 мисрадан иборат бўлиб, уни ҳам мазмунига кўра шартли равишда икки қисмга ажратиш мумкин. Биринчи қисм 14 мисрадан иборат бўлиб, асосан устозга мурожаатдан иборат. Бу мурожаат «Нима айтайин» қабилада бўлиб, унда устозга чуқур ҳурмат ўз ифодасини топгандир. Шу билан бирга бу қисмда шогирд ўзининг анча етилиб қолганини ҳам устозга маълум қилади. У энди, «Сўз гавҳарин гулдаста» қилиб тута оладиган, сўзлари «тайин» бўлгани учун, ижрода адашмайди. Сўнгра шогирд, ўйлаб-ўйлаб, дўмбира мақтовига бир қисқароқ терма айтиш хулосасига келади.
Қизиғи шундаки, ана шу қисмда шогирд ўз маҳоратини кўрсатиб, қизиқарли равишда 14 мисрада фақат икки хил қофия қўллайди. Биринчи хил қофия дастлабки мисра охирида келган «парвозим» сўзига уйқаш сўзлардир. Бу қофия сўзлари 1-, 2-, 3-, 4-, ҳамда 7-мисраларда келган. Иккинчи хил қофия бешинчи мисрадаги «айтайин» сўзига уйқаш сўзлр бўлиб, бу қофия юқоридаги ўзгача қофияланган беш мисрадан ташқари, қолган барча мисрани қамраб олади. Қофияларнинг бу тарзда уйғун равишда кўпайиб келиши шоирнинг жўшқинлигидан, қувваи ҳофизаси кучлилигидан далолат беради, у шеърнинг мазмун изчиллигини, оҳангдорлигини, таъсирчанлигини таъминлашга хизмат қилади.
Термада ушбу биринчи қисм кириш шаклини олган бўлса, иккинчи қисм асосий қисм ҳисобланади ва унда дўмбира мақтови баҳонасида куйловчининг дунё, ҳаёт, ўзи ҳақидаги мулоҳазалари ифода этилгандир.
Шоирнинг фикрича, дунё беш кунликдир, «шойи», «парча» кийган қолади деб ўйламаслик керак, бу дунё ҳаммадан ўтади. Булбул тоза ғунчадан айрилмагани каби, ҳаётнинг қадрига етиш, муҳаббатда садоқат кўрсатиш лозим. Бу ерда назарда тутилаётган муҳаббат кенг маънода-ҳаётга, устозларга, кишиларга ҳурмат-муҳаббат маъносидадир.
Шундан кейин шоир кўпроқ ўзи ҳақида тўхталади. Чунки устоз унинг қай даражага келганини кўрмоқчи бўлади-да!
Дастлаб дўмбирага яхши ният қилиб, элдан олқиш олий юриши ният қилинади. Ўрни билан у устоз дўмбираси эканлиги, уни устоз «арчадан» ясалганлиги ҳам эслатиб ўтилади.
Кейинги ўринда шогирд ўзи таърифида жўшқин мисралар яратади. Устозга шуни айтиш ўринлики, шогирд айтса, тилидан сўз узилмайди, дўмбирани чертганда, қўли кучга тўлаверади. Кишилар яхши сўзни, яъни шеърда чечанликни англайди. Шунинг учун шогирдни тўй-суҳбатларга кўп чорлашади, яхши айтгани учун, эл халқ тонг отгунча айтасан, деб қўймайди. Бу ерда халқнинг бахши достонларига мафтун ва чанқоқлигини чиройли қочирма билан таъриф этади, яъни «Қулоқнинг қорни йўқ, сира тўймайди», дейди. Шогирд шундай бахши бўлганки, айтишда чарчамайди, фақат сахардан ўтгандан кейингина бўйни терлайди.
Шогирд ёш бахши, севги ёшига қолган, шунинг учун у куйлаганда, уй ортидан тингловчи қиз-келинлар ҳам бор, уларнинг орасида «қош қоқоб имловчи»лари ҳам бор.
Шундай қилиб, бу терма фахрга тўла, жарангдор қофияларга, сўз ўйинларига бой, мазмундор ва ўйноқи оҳангда айтилгандир.
Одатда, дўмбирага бағишланган термалар бандлари куплет (тўртлик) шаклида бўлиб, қофияланиши а+а+а+б тартибда бўлади ва ҳар тўртинчи мисрада «дўмбира» сўзи радиф шаклида такрорланиб келади. Чорша бахшининг ушбу термасидаги янгилик шундаки, унда мисраларнинг қофияланиши бошқачароқ, яъни дастлаб тўрт мисра ўзаро қофияланиб, кейин икки мисрада, яъни бешинчи ва олтинчи мисраларда «дўмбирам» радифи «мадад бўлган», «раҳмат бўлган» қофиялари билан келади. Кейин беш мисра ўзаро қофияланиш яна бошқачароқ. Улар тўққиз мисрани қамраб олган бўлиб, қофияланиши а+а+а+а+а+б+а, кейин «дўмбирам» радифи қўшилган икки мисра.
Охирги қофияланиш янада қизиқарли, унда 12 мисра жамланган, ўзаро қофияланиши а+а+а+а+а+а+а+а+а+а, сўнгра уч мисрада «иноқ бўлган», «гувоҳ бўлган», «ўйғоқ бўлган» қофиялари билан «дўмбирам» радифи келади.
Радифли мисраларнинг қофияланиши ҳам ўзига хос. Шартли равишда ажратганимизда иккинчи қисмнинг 4-, 5-, 11-, 12-, 20-, 21-мисраларида келган радифли мисралар ўзаро қофиядош, охирги ўринда келган уч мисрадаги радифли қофия улардан фарқланади.
Бу терма ўзбек шеъриятининг бармоқ тизимида, II бўғинли, бўғинлари 4+4+3 тартибида туроқлашгандир. Аммо жўшқинлик талаби билан 4+4 шаклида туроқлашган 8 бўғинли, 3+3+3 тартибида туроқлашган 9 бўғинли мисралар ҳам келади.
Чорша бахшининг бахшилар таърифида айтилган «Бахшининг» термаси ҳам жўшқин айтилганлиги, сермазмунлиги, ғоявий-бадиий жиҳатдан юксак маҳорат ила яратилганлиги билан эътиборни ўзига тез жалб этади.
Термада дастлаб бахшили элнинг ботирлиги таъкидланади. Унда, бола бошдан деганидек, бахши ҳам табиий талантга эга бўлиши, ёшлигидан тарбия топган бўлиши керак деган тезис илгари сурилади, яхши бахши ўзини ўн ёшидаёқ кўрсата олади. Шунинг учун ҳам бундай табиий талантга эга бўлган, яхши тарбия кўрган бахшилар оқар дарёга ўхшайди, уни эл олқишлаб, ёнидан ажралмайдиган бўлади, ўзи ҳам куйлаганда толмас бўлади.
Шоирнинг фикрича, бундай бахшининг сўз оқими ошиб боради, сира узилмайди, у куйлаганда тингловчиларда ўз ғам-кулфатлари унутилади, то тонггача куйласа ҳам куйловчилар давраси бузилмайди.
Сўнгра шоир терманинг учинчи бандида бахшининг булбули гўёлик маҳоратига тўхталади. Унинг хониши тошларни эритишга қадам, сўзлари селдай мавж уради, у куйлаганда, туманат одам ҳам бўлади. Шоир шу муносабат билан бир қатор окказионал сўзлар қўллайди. Булар қофияда келган «суйиллаб», «жийиллаб», «ийиллаб», «куйиллаб», каби сўзлардир:
Хонишидан тош эрийди суйиллаб,
Тумонот эл қўшиқ тинглар жийиллаб.
Достон тинглаб, кўзин ёшлар ийиллаб,
Мавжланади сўзи селдай куйиллаб,
Булбули гўёдир тили бахшининг.

Термада бахшининг ўз хизмати билан эл дардига дармон бўлиши, дўстни шод, душманни ношад этиши, тўғри сўзли эканлиги каби фазилатлари ҳам алоҳида қайд этиб ўтилади. Шунинг учун ҳам у эл шоири, элига меҳра қўйган бахшидир.


Шод айлайди элу улус, дўстини,


Нокаслардан сўз билан олар қастини.
Тўғри сўз билан шилар унинг пўстини,
Ҳазари йўқ, айтар гапнинг ростини,
Халқига меҳрли дили бахшининг.

Термада таъриф этилишича, бахшили элда хавф-хатар бўлмайди. Бахши ёшлар онгини уйғотади, дўмбирасини шундай эркин куйлатадики, гўёки қўй-қўзилар яйловда эркин жамраб юрганга ўхшайди. Яхши бахшилар ҳар қадамда терма, достон яратиб, чечанликдан элни оғзига қаратади. Унинг чечанлиги савр жаласига ўхшайди. Энг муҳими, у ёлғонни айтмайди, тўғри сўзидан қайтмайди.


Бахшиларнинг оти, тахаллуси кўп,
ғанимларга ҳар бир сўзи тўп.
Савр жаласидай ҳамиша сергап,
Икки кунда бир достони бўлмас соп.
Маъқул сўзлаб, ҳеч айтмайди ёлғон гап,
Қўшиқ билан соғлом тани бахшининг.

Бахшиларнинг эл-эртди номи ҳар хил аталади. Ҳофиз, бахши, шоир, тонг қуши, созанда, жуйриқ, юзбоши ва бошқалар шулар жумласидандир. Бундай номларни эшитиб, бахшининг ўзим ҳам фаҳрланади, кўнгли «чечак очиб» яшнайди. Бахшининг қайнаб-тошиши «баҳор келиб, қир-адирни яшнатган»га ўхшайди. Сўз бойлиги беҳисоб, «ҳар сапардан қайтганда» бир достон тайёр. У сўзга муҳтож эмас, бировнинг бисотидан изламайди. Мардлиги бор, даволиги бор.


Муҳтож бўлиб сўз изламас бировдан,
Мардона, қўрқмайди тошқиндан, сувдан.
Юз ўғирмас қору ёмғир, кировдан,
Доно сўзлаб, ғолиб синов, гаровдан,
Тоғдай бардошли бели бахшининг.

Термада бахшининг меҳнаткашлиги, ҳалол меҳнат билан яшаб, элига келтириши ҳам унинг шахсий инсоний фазилдатларидан бири сифатида кўрсатилган. Уни «халқ ишидан аямай бор кучини», «текин емас аччи билан чуччини» деб мақтайди. Шунингдек, бахши молга, давлатга ҳам ҳирс қўйган кишилардан емас, у куйларкан, халқдан мадад олади. Унинг бор бисоти, «бойлик, моли» қўшиғи, холос. Унинг «эзгу куйлари она алласи» дек хушёқим, «жонга озиқ ҳар сўзининг маъноси». Шунинг учун эл «тилида бор асал-боли бахшини» деб ҳурмат қилади, сўзидан хасталар шифо топади.


Эли-юртин хуш, чоқ қилиш тилаги,


Устозлар сўзига соқчи қулоғи.
Лоладай қизариб икки ёноғи,
Терма, достонининг йўқдир саноғи.
Поёнсиздир, тугамайди адоғи,
Чарчаб толмас, дулдул йили бахшининг.

Бахшига мавзу кўп: тоғда писталар, ёғоч соз, дўмбира ясаган усталар ва бошқалар. У халқига доимо «янги гулдасталар» тутади. Бу қўшиқларига ўзи куй басталайди. Демак, у доимо изланиш, интилишда. Шоир шу ўринда устоз бахшилардан ўрнак олишга алоҳида даъват этади:


Устоз оқинларди қўмсаганда дил,


Етти иқлим кезиб сайрагай булбул.
Кўз ўнгимда бўзлайди Мардонақул,
Созни ушлаб, куйлаб ўтди элма-эл.
Юрт-элатлар меҳмон қилиб қўлма-қўл,
Она сутдай еган номи бахшининг.

Шоир ана шу бахшиларнинг айтгани элга муносиб, «лойиқ» бўлганлигини, ҳар сўзидан халойиқ зиё олганини таъкидлайди, ана шу устозоларга муносиб бўлиш, улар меросини элга ёйиш дарди билан ёнади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этади. Сўнгра шоир бахшиларнинг ҳам тури кўплиги, ҳақиқий бахши чин сўзлашини қайд этади. Бахшининг шахсий сифатлари ҳам унинг кўркидир.


Бахшилар пок, камтарин, сира иғвогар бўлмас,


Кўнгли қора, маккор, ичи тор бўлмас.
Фақир, ростгўй, кўнгли тоза, кир бўлмас,
Иғво, ёлғоннинг ипи чирик, узилса, уланмас,
Вақт келиб, аҳволи вой ул кишининг.

Терманинг охирида шоир ёш бахшиларга насиҳат этиб, устозлардан ўрнак олишга даъват этади.


Ўтган бобо устозлардай балқиб қол,


Зўр достончи бахши бўлиб довруқ сол.
Устозингга доғ текизма, олқиш ол,
Ўрган, излан, давраларда бўлма лол.
Ёш бахшилар, омад сизга, омон бўл,
Англаб, билиб, бахт берар эли бахшининг.

Шоир бахшиларнинг шахсий сифатлари элга намунали бўлишини ёшларга яна бир бор ўгит этади.


Ўзингни мақтама, мағрур бўп кетма,


Сени эл мақтаб, таъриф қилсин, шуни унутма.
Ҳурмат-обрўйингни бир пулга сотма,
Бир кетган сўнг қайтмайди, изини кутма.
Чорша бахши, ҳақиқат йўлидан қайтма,
Парвойи чархи фалакларга бу сўзни айтма,
Яшнаб турар кўнгил гули бахшининг.

Чорша бахшининг ушбу термаси бахшилар ҳаёти, фаолияти, қувваи ҳофизаси, турмуши, шахсий сифатлари юзасидан кенг тасвирларга бойдир. 128 мисралик ушбу терманинг бадиий жиҳатдан ҳам пухат-пишиқ ишланганлигини кўрамиз. Бандлари асосан, 5 мисралик бўлса-да, шоир илҳомининг жўшиши ва мазмун талаби билан, уларнинг 6,7 мисрадан иборат бўлиб келганлари ҳам бор. Умуман, термада 1-, 2-, 3-, 4-, 6-, 8-, 9-, 10-, бандлар беш мисрали 5-, 7-, 11-, 13-, 14-, 15-, 16-, 17-, 18-, 18-, 20-, 21- бандлар олти мисрали, 12-, 19-, 22-бандлар ети мисралидир. Термада , асосан, тўлиқ қофиялар қўлланган, ҳар банд охиридаги мисрада «бахшининг» сўзи радиф сифатида келган фақат 20-бандда «бахшининг» радифига «ул кишининг» сўзи қофияга туширилган. Бу мазмун талаби билан бўлиб, у ҳам бахши маҳоратидан далолат беради. Унда қизиқарли, ўхшатишлар, муболағали тасвирлар мавжуд.


Чорша бахшининг «Наврўз келди» термаси наврўз айёми муносабати билан юзага келувчи кечинма-туйғуларни ифода этишга қаратилган. Термада Наврўз айёмининг келиши табиатнинг уйғониш дамлари, баҳор жилвалари билан ҳамоҳанг тарзда тасвир этилган.

Тоғлар қорини эритиб, эзиб,


Кўкатлардан дур-маржон тақиб,
Қир-адирга гул-поёндоз ёзиб,
Нур таратар ўлкамизни кезиб,
Элни қутлаб ҳур Наврўз келди.

Табиатнинг бу уйғониши боғларга таравот бахш этади, қушларни сайроқи қилиб қўяди. Улар кишига илҳом, шодлик, қувонч туҳфа этади, орзу-умидларга кўмади.


Гул шоҳида қуш сайрар чақ-чақ,


Завқ беради янаб янги боқ (ғ).
Илҳомланиб қувончли юрак,
Орзу-туйғулар дарёдай уйғоқ,
Чирой очиб бир нигор қиз келди.

Наврўз меҳнат танталарининг, экиш-тикиш мавсумининг бошланишидир. У файз-барака тимсолидир.

Деҳқон бобом уруғ экади,
Меҳрин тўкиб чигит сепади.
Чевар қизлар пилла боқади,
Чўпон қирда гулхан ёқади,
Юрт бошига қут, файз келди.

Бу меҳнат дилларга завқ улашади. Яратиш иштиёқи табиатдан завқланиш қувончлари билан қўшилиб кетади.


Зилол сувлар мавжланиб оқиб,


Атигуллар димоққа анқиб,
Сарви қизлар жийда гул тақиб,
Ўз касбига маҳлиё боқиб,
Халқ ишига зўр парвоз келди.

Наврўз танталарининг энг қувончли дамларидан бири сумалак пиширишдир. Сумалак ширин таом, уни тайёрлаш асосан фақат таом пишириш маросими эмас, балки унда ўтмиш ҳақидаги хотиралар, ҳаётдан мамнунлик, келажак орзу-умидлари мавжланади.


Дош қозонда сумалак қайнаб,


Қиз-келинлар пишишин пойлаб.
Гулхан ёқар Наврўзни куйлаб,
Кампир-чоллар ўтмишдан сўйлаб,
Дейди: «Бу йил наврўз соз келди!».

Термада Наврўз кунларининг тантаналари, завқи, сурури кишиларнинг ўзаро муносабатлари, бир-бирларига меҳра-оқибатлари тасвирда яхши очиб кўрсатилган.


«Нозли қиз» ҳам Чорша бахши репертуаридаги энг яхши термалардан бири ҳисобланади. Унда нозли қизнинг жамоли нозим тасвирлар орқали таъриф-тавсиф этилади. Масалан, қиз кўзларининг шуъласи тунни ёритар, юзи ойга ўхшайди. Нозли қарашлари юракларни соз каби чертиб юборади.

Кўзларинг шуъласи тунни ёритар,


Ошиқлар қалбини ой юзинг ўртар.
Нозли қарашларинг юракка чертар,
Ҳар боқишинг дилда севинч уйғотар,
Гар севмасанг, боқма менга, нозли қиз.

Нозли қиз ошиқ кўзига товланиб кўринади, тишларидан дур сочилаётгандай, ёноқлари гул чаман очилгандай бўлади. Бу эса унинг қалбида маълум ўртанишлар, орзиқишлар ҳосил қилади.


Ҳар кўрганда тишингдан дур сочилиб,


Ёноғингдан гул-чаманлар очилиб,
Наштар киприкларинг менга санчилиб,
Юрак-бағрим эзилди-ку, янчилиб,
Нигоҳимни ўтга ёқма, нозли қиз.

Қизнинг ҳар бир қадами, ҳар бир ҳаракати ошиқни мафтур, этади, нозик ҳис-туйғулар уйғотади. Аммо нози уни ўртайди. Ошиқнинг унга қарши гап айтар ҳоли йўқ, нози ҳам бир олам қувонч, шунинг учун унга илтижо қилишдан ўзга чораси йўқ.


Сенга тенгмас Кўҳиқофинг париси,


Сенга чўри бўлсин қизинг бариси.
Ҳар бир сўзинг юрагимнинг дориси,
Ёнди (энди) сенсиз битмас дилнинг яраси,
Ёки сенда шафқат йўқми, нозли қиз.

Термада нози қизга ўгитлар билдирилади, унга ақл-фаросатда намуна бўлиш, меҳнатда ўктамлик, пок инсоний фазилатлар, бахт-саодат ва бошқа хислатлар ҳамроҳи бўлиши ният қилинади. Охирида булар бахши ниятлари эканлиги, бахши нияти, куйлари белга қувват эканлиги таъкидланади.


Чорша бахши соз ушласа қўлига,


Сўз оқими қуйилиб келар тилига.
Нозли қизни бир мақтаса элига,
Яхши қўшиқ мадад берар белига,
Нурли йўлдан четлаб кетма, нозли қиз.

Чорша бахшининг «Болалик чоғларимда» деб номланган термаси ҳам эътиборга сазавордир. Унда болаликнинг бебош савдолари ҳам, ўзига хос бепарволиклари, ўзига хос ўйин тур лари ҳам тиниқ бир туйғулар ила ёдга олинади.


Лойдан хамир ясаб, кулча ёпганим,


Седана деб шағал қумдан сепганим.
Ўтган йўловчига тоши-кесак отганим,
Эртадан кечгача от бўп чопганим,
Кўз олдимдан сира узоқ кетмайди

Термада болаликка хос турмуш, фаолияўт тарзи яхши ифода топган. «Туя бўлиб бўкириб» туришлар, «ўтин териб, ўчоққа ўт» ёқишлар, «қайнаб турган қумғонни тепиб-тўкишлар», бариси болаликка хос шўхликлардир. Автобиографик мавзудаги бу термада бахшининг болалиги кечган жойлар аниқ кўрсатилади ҳам. Термадан биз унинг Бўстонсойда улоқ-қўзи боққанини ҳам, оқ-тўқайда сувга оққани ҳам билиб оламиз. Энг муҳими, бахшичиликка, куйга, қўшиққа, шеърга иштиёқи болаликдаёқ баланд бўлганлиги сезилади.


Кўкатлар устида ағнаб ётганим,


Қўй-қўзини мақтаб қўшиқ айтганим,
Таёғимни дўмбира қилиб чертганим,
Молди чўлга ташлаб, шаҳар кетганим,
Кўз олдимдан сира узоқ кетмайди.

Болалик қизиқишлар фаслидир. Чўпон боланинг молни чўлда қолдириб, шаҳар кетиши ҳам шундан. У бир қўзини икки сўмга сотиб, шаҳарда ошхонага тушади. Ошхонадаги турли-туман таомларга қизиқиши ошади. Пули етмай, телпагини ҳам тўлаб чиқади.


Ўтмишда ҳамма қизларга ҳам турмушга чиқиш насиб бўлавермаган. Кечикиб турмуш қурганлар ҳам бўлган. Ана шулардан бири ҳақида чорша бахши ўз термасида шундай эслайди.

Бир қўшнимиз қизин эрга бергани,


Қизнинг ёши ўттизларга киргани.
«Ҳали ёшман, тегмайман» деб тургани,
Энасини ўқлов билан ургани,
«Шукур қил» деб аравага миндиргани,
Кўз олдимдан сира узоқ кетмайди.

Шунингдек, болалик толиш ҳам билмайдиган даврдир. У тасаввурларга, орзу-умидларга тўла болаликда киши ўзининг тезроқ камол топишини, қаҳрамонликлар кўрсатишини тасаввур этади.


Ўзимни тутолмай ҳансираб шошганим,


Кийик бўлиб қир-адирлар ошганим,
Билмас эдим «оёғимнинг» шишганин,
Тушларимда тулпор миниб қувишганим,
Алпомиш бўп Алп билан олишганим,
Кўз олдимдан сира узоқ кетмайди.
Термадан айрим аёллар образи, уларнинг севги-муҳаббатлари тасвири ҳам ўрин олган. Юқорида ўттизга етган қизнинг ҳали ёшман, эрга тегмайман деб хархаша қилиши жонли образ сифатида тингловчи кўз олдида жонланади. Шунингдек, унда бир жувоннининг эркакча кийиниб қўй боқиши, отбоқарнинг унинг ёнига келиши, болаларни уриб-сўкиб ҳайдаши ҳам жонли тасвир ҳосил қилган.

Бир жувонни чўпон бўп боққани,


Эркакча кийиниб, пичоқ, чақмоқ таққани,
Ўтлоқ жойда ўтириб кашта тиккани,
Бир йилқибоқар келиб, уни ўпгани,
«Кет, йўқол» деб бизларни қувиб сўккани,
Кўз олдимдан сира узоқ кетмайди.

Булар ҳаётнинг кичик лавҳалари, хотирада жонланган парчаларидир.


Болалик кунлари ҳақида терма айтиш фақат уни қумсаш ёки маълум хотира лавҳаларини қайд этишдангина иборат эмас. Шунинг учун ҳам шоир унинг кейинги қисмида ўз устозлари ҳақида хотиралар келтиради. Бу хотиралар терманинг энг ҳаяжонли қисми бўлиб, унда болаликда касбга, ҳунарга қизиқишларнинг ўзига хослиги, кўнгилда уйғонган ҳавас-иштиёқ, аста-секин оёқланиши, кишида маълум соҳага иқтидор ҳосил бўлиши аён бўлади. Бу ерда шоирнинг бахши бўлиб етишиш илдизлари очилган. Шоирнинг устозларидан Назар, Эсон бахшилар дастлаб қўлини тутиб, дўмбирада куй чалиш, терма айтиш усулларини ўргатишган.

Назар бахши дўмбирани чертгани,


Эсон бахши Ойбарчинни айтгани,
Болаларди бўзлатиб йиғлатгани,
Қўшиқ айтиб, жўшиб наъра тортгани,
Шогирдим деб куй, терма ўргангани,
Кўз олдимдан сира узоқ кетмайди.

Албатта, бундай жўшқин шоирларни кўрганда, бола қалбида катта ҳавас уйғонади. Улар бола қалбида орзу-ҳаваслар уйғотади, табиий талантнинг ривожига кўмак беради. Иқтидор ва малакага ундайди. Чорша бахши ҳам тўққиз ёшида қўлига соз олган. Бобо бахшилар даврасида кўл бўлгани билан фахрланади, улардаги жўшқинлик, шогирдга ҳам кўп изланишлар қилишни ўргатган.


Тўққиз ёшимда қўлимга соз олдим,


Устоз бахшилардан гавҳар сўзолдим.
Бобо бахшилар даврасида кўп бўлдим,
Меҳр билан терма айтиб изландим,
Ҳалиям нимадир менга етмайди.

Устоз бахшиларда фазилатлар кўп бўлган. Шогирд уларга ўхшаш истайди. Шу йўлда тинимсиз изланади. Аммо ўзида, шеърида ҳам мукаммаллик кўрмайди, «ҳалиям нимадир етмайди». Терма охирида шоирнинг энг сўнгги ва асосий устозим Мардоноқул бахши бўлганлиги, у бахшиликка дуо бериб, яхши насиҳатлар этгани, улар ўзига васият бўлиб қолганлиги маълум бўлади.


Мардонақул бахши олқишлар яша деб,


Тоғларнинг арчасидай узоқ яшна деб.
Авжинг баланд, энди достон бошла деб,
Биздан мерос дўмбирани ушла деб,
Чечанликдан эл кўнглини ҳушла деб,
Дуо берди зўр бахши бўл, Чорша деб,
Васияти хаёлимдан кетмайди.

Чорша бахши бисотида термалар кўп. Улар маълум саналарга, тарихий воқеаларга, мавсум ва маросим билан боғлиқ тадбирларга, меҳнатга, фаслларга, яхши ёки ёмон хислатларга, севги-муҳаббат ва бошқа мавзуларга қаратилгандир.


Шундай қилиб, термалар халқ шоирлари репертуарида асосий ўрин эгаллайди. Уларнинг мавзу дораси кенгдир. Айтилишига кўра қуйидагича кўринишларга эга.

  1. Достон олдидан айтиладиган термалар.

  2. Достон орасида айтиладиган термалар.

  3. Достон сўнгида айтиладиган термалар.

  4. Достонлардан олинган термалар.

  5. Тарихий мавзудаги термалар.

  6. Бугунги кун қаҳрамонлари ҳақидаги термалар.

  7. Турли маросим ва саналарга бағишланган термалар.

  8. Ҳажвий мавзудаги термалар ва бошқалар.

Достонлар. Достонлар ўзбек халқ ижодининг асосий жанрларидан ҳисобланади. У кенг тарқалган ва йирик жанр сифатида яққол кўзга ташланади. Унда халқ маънавий-маиший қиёфаси, тарихи ва тақдири билан боғлиқ тасвирлар, халқнинг ватанпарварлик, инсонпарварлик, қаҳрамонлик, вафо, садоқат, мардлик, ҳалоллик ва бошқа соф инсоний фазилатлар қарашлари, эзгу орзу-умидлари, курашлари ўз ифодасини топгандир. Ўзбек достонлари ва уларнинг ғоявий-бадиий хусусиятлари В.М.Жирмунский, Ҳ.Зариф, М.Саидов, Б.Каримов, М.Афзалов, М.Алавия, Ж.Қобулниёзов, Т.Мирзаев, Б.Саримсоқов, М.Муродов, А.Қаҳҳоров ва бошқалар томонидан ўрганилган. Уларнинг хулосаларига кўра, достонлар ҳақиқий ва идеал тарих бирлашиб, чатишиб кетган оламшумул воқеаларни тасвирлаган, халқимизнинг ахлоқий, фалсафий, диний қарашларини, ҳаёти, урф-одатлари ва маишатини қомусий бир тарзда ифодалаган ўтмиш ёдномаларидир.
Достонларда халқ тарихи фантастик асосда умумлашган образлар орқали ифода этилади. Улар эпик йўналишда тасвир этилади.
Достон асосан, халқ бахшилари томонидан яратилади ва ижро этилади. Бахши сўзи халқ орасида икки хил маънони билдиради:
1.Халқ шоирлари, яъни достон ва терма ижрочилари;
2.Афсунгарлик, фолбинлик, шомонлик қилувчи шахслар.
Профессор Т.Мирзаевнинг таъкидига кўра, ўтмишда бу икки вазифани бир шахс бажарган, кейинчалик эса касбда муайян ажралиш юзага келган.
Достонни ижро этишнинг ҳам ўз усуллари бор. Унда ижрочи достоннинг насрий қисмларини ўзига хос баён усулида айтади, назм қисмини куйлайди. Бунда қўлидаги дўмбира куйлари жўр бўлади.
Фольклоршуносликда бир нечта достончилик мактаблари ўрганилган. Булар Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Шеробод, Жанубий Тожкистон, Хоразм бахшичилик мактабларидир. Улар бахшилик санъатининг ажойиб марказлари сифатида қаралади.
Сурхондарё достончилик анъаналарини давом эттираётган бахшилар Шеробод мактабига мансуб ўтмиш бахшиларнинг шогирдлари ва давомчиларидир. Чорша бахшининг фикрича, Сурхон диёри қадимдан бахшилар макони бўлиб келган. «Бош оқин бобомиз юз-юзлаб авлодларга ўз меросини қолдирган, сўз хазинаси бўлган, Бешқўтон қишлоғидан бобо шоир; унинг шогирдлари Қосим, Жуйрик, Алим бахши, Холиёр бахши, Қосим Жуйриқнинг шогирдлари Ниёзлаи, Шерна бахшилар бўлган; Алим бахшининг шогирди Эсон бахши, Назар бахши, Боймат ўғли Боймурод бахшилар бўлган; Ниёзали бахшининг шогирдлари ўғли Худойқул бахши, Шотўра бахши, Жўра бахшилар бўлган; Шерна бахшининг шогирдлари-ўғли Нормурод бахши, жияни Мардонақул бахши, Ўмир бахши Сафар ўғли, Аҳмад бахши, Алламурод бахшилар».
Фольклоршуносликда Шеробод мактаби вакилларидан анчагина достон, терма ва уларнинг варинатлари ёзиб олинган. Бахшичиликнинг Шеробод мактаби ҳақида профессор Тўра Мирзаев шундай хулосалар беради.
«Ўзбекистоннинг жанубида яшовчи кўпгина бахшилар Шеробод достончилик мактаби билан боғлиқдир. XIX асрнинг Iiярми ва ХХ аср бошларида яшаган бу мактабнинг машҳур вакили Шерназар Бекназар ўғли бир қанча шогирдлар етиштирди. Мардонақул Авлиёқул ўғли, Ўмир Сафар ўғли, Нормурод бахши, Аҳмад бахши, Бўрибой Аҳмад ўғли, Нурали Боймат ўғли, Мамарайим бахши, Юсуф Ўтаган ўғли каби ўнлаб достончилар шу мактабга бирлашади ва улардан бир қанча достонлар ёзиб олинган. Бу бахшилар репертуарига назар ташлар эканмиз, достончиликнинг нисбатан қуйи босқичларига, бадиий тафаккурнинг унча ривожланмаган формаларига дуч келамиз. Сурхондарё, Қашқадарё, баъзан Жанубий Тожикистон бахшилари ўзаро доимий алоқада бўлган ва уларнинг кўпчили Шеробод билан боғланади. Бу мактаб вакиллари репертуаригадаги айрим достонлар (масалан, «Олтин қовоқ», «Малла савдогар», «Оллоназар Олчинбек» кабилар) бошқа жойлардаги бахшилар репертуарида учрамайди.
Хушбоқ бахши Шерна бахши ҳаётидан бир ривоят айтиб берди. Унинг айтишича, Шерна бахши Бекназар ўғли 1866 йили Шеробод районидаги Озон қишлоғида Бекназарбой исмли бой хонадонда дунёга келди. Шерна етти ёшда бўлганида мол орқасидан юриб, ухлаб қолади. Ухлаган жойида бир оқ соқолли бобо келиб уйғотади. Бобо таниш каби отасининг ва ўзининг исмини айтади ҳамда: «Болам, танглайингга берайми, манглайингга?»-дейди. Бола қўрққанидан нима дейишини билмай, «танглайимга» дейди. Шунда бобо: «Кўзингни юм, оғзингни оч!» дейди. Бола шундай қилгач, бобо бир туфлайди.
Шернанинг ўзининг айтишича, танглайига «бир яхтай нарса» ёпишган. Кўзини очса, бобо йўқ бўлган. Шу захоти молларга қарамай, таёғини дўмбира қилиб, чалиб, уйга ҳам бормай, қишлоқ оралаб қўшиқ айтиб кетади.
Шернанинг ота-онаси уч кун излайди, тополмайди. Охир бир савдогар Денов келиб, бир бола ҳақида хабар беради. Савдогар шундай дейди:
-Деновнинг шаҳрида одамлар гавжум экан. Мен бирор нарса сотилаётгандир, деб борсам, етти ёшлар чамасида бир бола шундай ғазал айтаяпти, ҳамма йиғлашган. Одамлар топган-тутганини олдига ташлаган. Бола сира кўзини очмайди, қарамайди. Мен ҳам бир сиқим танга ташлаб, изимга қайтдим.
Бекназарбой тўрт отлиқ бўлиб Денов тарафга кетади. Икки кун юриб, Деновга етади. Денов бозори одамлар билан яна гавжум экан. Бориб қараса, Шерна таёқ суяниб мадда ўқияпти.
Отаси уялиб, воқеадан харабсиз, болани бир шапалоқ уриб, кўтариб олади. Одамлар ҳам бунга тушунмай отасига ҳамла қилишади.
-Нега бахшимизни урасан? Бу бола назари, буни урма!-дейишади.
Отаси бу болани ахтариб юрганлигини айтади. Одамлар болага берган нарсаларни отасига инъом қилишади.
Бекназарбой Шернага тушган ҳамма нарсани сағирларга инъом қилиб, ўғлини олиб қайтади. Одамлар Шернага дўмбира сотиб олиб беришни тайинлашади.
-Уйимизда дўмбира бор. Бу бола шу вақтгача дўмбирага қарамас эди,-дейди Бекназарбой.
Шундай қилиб, Шерна уйига келгач, дўмбирани олиб чертиб, шундай дейди:

Ётган эдим Шерободнинг тоғида,


Битта бобо келди пешин чоғида.
Қўрқитмасдан, бошим силаб уйғотди,
Кулимсираб, «кимсан» деди, сўз қотди.

-Шу сатрлар Шернанинг отасига айтган сўзи, бошқа айтганлари бизга маълум эмас,- дейди Хушбоқ бахши.


Бахшиларда ақл билан мулоҳаза қилиб, олдиндан айта билиш, каромат қила билиш қувваи ҳафизаси ҳам бўлган. Масалан, Шерна ўз ўртоқларига, одамларга шундай деган:
-Осмондан йўл бўлади, қоғоздан пул бўлади. Кун чиқардан сув келади. Шеробод чўли обод бўлади. Шуниси ёмонки, кўп келинлар тул қолади. қўй гўшти қоғозга ўралади.
Табиийки, одамлар бу гапларга ҳайрон бўлади, биров ишониб, биров ишонмайди.
Бахшининг гаплари тўғри чиқишини калламазорлик Шотўра бахши сўзларидан ҳам мисол келтириш мумкин. У ўйнаб юрган болаларини кўрсатиб, бирининг аравакаш бўлишини, бирининг кетмонни кетидан нон ейишини, бирининг қалами учидан ҳақ олишини айтиб, бирини эса «нима бўлишини билмайман», деган экан.
Дарҳақиқат, бахшининг сўзлари рост чиқди. Ўғилларининг бири пенсиягача шофёр бўлиб ишлади, бири умри бўйи деҳқончилик билан шуғулланди, бири ўқитувчи, мактаб директори бўлди, бири эса ишининг тайини бўлмади, бирор ҳунар эгаллаб олмади.
Умуман, Шерна бахши ҳалол, инсопарвар, ниҳоятда чечан шоир бўлган. У бир қатор шогирдлар тайёрлаган. Хушбоқ бахшининг фикрича, уларнинг айримлари қуйидагилардир:

  1. Мардонақул Авлиёқул ўғли.

  2. Шотўра бахши.

  3. Ўмир Сафаров.

  4. Маматрайим бахши.

  5. Нормурод бахши.

  6. Худойқул бахши ва бошқалар.

Хўшбоқ бахшининг айтишича, Шерна 17 ёшида Шеробод бегининг бахшиси билан айтишади. Ниёзали жебачи Шернанинг чечанлигига қойил қолиб, бекликдан восиқа олиб беради. Шу восиқа билан Шерна ҳозирги Ўзбекистон, Туркманистон ҳудудида танилади.


Шерна бахши Шеробод достончилик мактабининг ҳақиқий асосчиларидан бўлиб, кўплаб шогирдлар етиштирган. Шулардан бири Мандонақул бахши Авлиёқул ўғлидир.
Мардонақул бахши Шернанинг ҳам жияни, ҳам куёви бўлган. У ҳам устозим каби бахшичилик мактабини давом эттирган, издошларидан бири Мардонақул бахши 1889 йили Шерободнинг Озан қишлоғида туғилади. Ўн икки ёшида отадан етим қолиб, Шерна қўлида тарбияланади, шогирд бўлади.
Мардонақул бахши ҳам, Шерна қанча достон айтган бўлса, барисини ёд олади ва ўз шогирдларига ўргатади.
Мардонақул бахшининг шогирдлари жумласига қуйидагилар киради.

  1. Алисаид бахши.

  2. Чоршами (Чорша) бахши.

  3. Аваз бахши Алимқул ўғли.

  4. Хушбоқ бахши Мардонақул ўғли.

  5. Бўри бахши Аҳмедов.

  6. Эшмурод бахши.

  7. Тошмурод бахши ва бошқалар.

Шулардан Хушбоқ бахши Мардонақул бахшининг ўғли, 1940 йилда туғилган. унинг шогирдлари қуйидагилардир.



  1. Шоберди бахши Болтаев.

  2. Бобораҳим Маматмуродов.

  3. Абдуназар Поёнов.

  4. Йўлдош бахши.

  5. Бахшигул бахши.

  6. Абдусалом бахши.

  7. Саидмурод бахши.

  8. Панжи бахши ва бошқалар.

Шулардан Панжи бахши Хушбоқ бахшининг ўғли бўлиб, бахшилар авлоди шажарасини давом эттирмоқда.


Хушбоқ бахшининг ҳикоя қилишича, Шерна бахши анъанавий достонларнинг деярлик барчасини мукаммал, тўлиқ айтган. «Оллоназар Олчинбек», «Ойпарча» достонларини эса мустақил ижод қилган. масалан, «Оллоназар Олчинбек»шогирдларидан бирининг ҳақидадир.
Сурхондарё бахшилари ҳақида Чорша бахши қуйидагича ҳикоя қилади:
«Бахшилар бир олам нодир, ноёб гавҳар сўз хазинаси. Мен устозлардан кейин қирқ беш йил қўшиқ айтдим. 1954-1956 йилларга келиб қирқ беш достонни ёд бўлиб, баъзиларини ўзим тўқиб, мукаммал айтиб юрдим. Айни кунларда ёзув-чизув ишларим юришмай тўхтаб қолди. Сабаби, мен пенсияга чиққандан кейин ишхонасиз, шароит, қулайлик бўлмади. Қанча қийинчилик бўлса ҳам, баҳоли қудрат ижодимни давом эттириб, бир қанча термалар, учта достон ёздим. Ҳозиргача «Нурали ва Қир ёбби», «Гулхонойим пари», «Алпомиш» «Чангак ботир» достонларини ёзиб тугатдим.
Шул достонни мен бундан 46 йил аввал кўп бахши боболардан эшитганман. Бу достон 1945 йилда нашр қилинган. Китобни ҳам ўқиганда, эшитиб ёдлаб олганма. 1948 йилдан шул услубда айтиб келганман. Ҳозирги айтиб юрган бахшиларда «Алпомиш»нинг ярми ҳам йўқ. Бутун йўлини бузиб боришяпти. Чалкаштириб, оғирини енгил, узоғини яқин қилиб ташлаган. Шунинг учун ҳам уни қайтадан тўлиқ ёзиб чиқишга аҳд қилдим.
Яна шогирдларимдан бирига уни ўргатиб, йўл-йўриғини кўрсатиб, усулда йўлга солиб «шундай айтилади» деб баъзи жойларини айттириб, маслаҳатлар бердим. Унинг бахшичилик маҳоратига, жўшқин, қайноқ қўшиқ айтиши, мустақиликка интилишига мен аввалдан ишониб юрар эдим. Ул ҳам ёшликдан ҳудди мендай дадиллик билан ҳукм даврага кирган бахшилардан. Ул менга: «Устоз, «Алпомиш»ни сиздан ўрганиб, тўй-йиғинларда айтаяпман. Мен шуни ёзиб чиқсам, ёрдам қилиб турсангиз» деди. Унинг гапига мен қувониб кетдим.
Мен тарбиялаётган ёш бахши Қизириқ туманидан Абдуназар Поёнов, Абдуназар бахши мендан ўрганган достонларидан уч достон ёзди. Лекин у достонларнинг ҳеч қайсисини ҳозиргача бирор бахши тўлиғича айтмаган. Ҳеч ким айтмаган достонлардан бири «Авазнинг туғилиши». Уни мен айтиб келдим. Иккинчиси «Олтин қовоқ» достони. Унинг белгисидан, қанча ўзгариш бўлганлигини насиб бўлса, яқинда нашрдан чиқса, шогирдларимиз ўқиб-ўрганиб биладилар. Келгуси авлодларга хазина маросимизни улашиб, Абдуназар ҳам эл севган ўнлаб шогирдларга устоз бўлиб қолади. Учинчи достон «Оллоназар Олчинбек». Бу достонни баъзи бахши боболар айтганлар, баъзиларидан адабиётшунослар ёзиб олган. Лекин мазмунсизлиги туфайли, натижа бермай, ўзгаларига қайтарган. Мен бир тўйда айтганимда, эшитиб, у (Абдуназар) қизиқиб қолди. «Шуни менга яна бир қайта айтиб беринг, тўйларда айтиб юрайин». Мен айтиб бердим. «Мен буни кўп бахшилардан эшитганман, лекин уларда сиз айтган «Олланазар»нинг ярми ҳам йўқ. «Олланазар» бу ёқда ётган экан, унинг боши бор экан, йўли узоқ экан, мазмуни салмоқли экан. Достоннинг шундай равон йўли бўлса, киши қизиқади, (айтувчи) адашмайди. Достонни йўлидан бузмай айтган бахши эллар ардоғи бўлади», деди. Уни ўрганиб айтиб юрди.
Кунлардан бирида ўзини шайлаб, белини бойлаб, устозидан яна бир нарсаларни пойлаб, мени ўйлаб, «Олланазар» достонини ёзишга ўзини қўлайлаб, мендан маслаҳат сўраб қолди. «Ёзинг, бахши» деб севиниб ўз фикрларимдан айтдим. «Аниқ-равшан йўлларини кўрсатиб беринг», деди. Унинг қалбида туғён ураётган фаросатли қизиқиш, мавжли талант учқуни аланга олаётганини сезиб, ҳеч иккиланмай, «Бошлай-чи!» деб достоннинг айтилиш йўлини, сюжетини айтиб бердим.
Ҳа айта берса, гап тугамайди. Хулласи, у очилиб боқди. Ҳам ёзиб чиқди. Бир куни китоб бўлиб чиқса, ўқиган, эшитганлар севинади, раҳмат дейди. Насиб бўлса, шундай бўлишига ишончимиз комил. Иншооллоҳ, узоқ эмас.
Сурхонда бобой бахшилардан мен бўлсам, мендан кейин етишиб чиққан бахшиларнинг ҳаммасига худо берган. Хазинадан (уларга) инъом этганман. Баъзилари айттириб ёзиб олиб, баҳраманд бўлган.
Бир хил бахшиларга достонлар ёзиб бериб, ёрдамлашганман. Аммо улар кўп нарсаларни мендан ўрганиб, қайноқ сўзларга бойиб, кейин устоздан юз ўгириб, «ўзим ёздим», «ўзим тўқидим», деб мақтанади. Уни халқ билади, кимнинг кучи билан бўлган. Ана, ҳар ким ўз билганини қила берсин. «Мен доно, жуйрук, мен етук бахши» деб виқор билан кўкракка урган билан, изи қуюқ бўлмаса, шартта узилиб кетади. Қайта уланмайди. Бизни унутганлар ўзича ўз йўлини чангитиб юраберсин.
Худога минг шукурки, қирқ беш йил эл кезиб қўшиқ айтдим. Етти-саккиз ёшимда яратган оллоҳимнинг ўзи, сўнг пири Ҳазратлари инъом қилиб берган бу қалбни ардоқлаб, ўнлаб шогирдларга ўргатиб келяпман. Худо берган бузилмас хазина, ўзимдан бошқа шогирд бўлса ҳам етади.
Энди сўзни ҳозирги куйлаб юрган бахшилардан эшитинг. Мендан кейин 1975 йилга келиб Хушбоқ бахши бир ўн йил яхши айтди. Унга ҳам кўп ёрдам бердим.
80-йилларга келиб, Шоберди бахши, Бобораҳим бахши, Холли бахшилар эл-юртга танилди.
Сурхон-Шеробод азалдан бахшилар макони бўлиб келган. Ҳозир ҳам қўлига соз ушлаб, узун-калта, чопқир-чўбира, хали-қудрат юзлар бор. Баъзилари элга танилиб, давранинг кичкина тўридан, қалб қўридан жой олган, баъзилари учқур, чаққон, сўзга қийналиб ётмайди. Достонни бошлаб, бир пиёла чойни хўплаб охирига етиб боради. Баъзиларидан «неча достон биласан?» деб сўрасангиз, ўттизққирқдан гапиради. «Қайси достонлар»-десангиз, беш достоннинг номини айтолмайди. Майли, беш достон эмас, икки-уч достонни мукаммал ўрганиб, тўлиқ айтса ҳам, яхшигина бахшилар сафидан ўрин олади».
-Бахши бўлиш осонми?-дея сўраймиз Чорша бахшидан.
-Бахши бўлиш осон эмас, дейди у. Ёки бир ҳавойи ҳазил ҳам эмас, жуда мураккаб, нодир касб. Уни ардоқлаб, достон, термаларга бой бўлса, асосий бахшиёна йўлини танлаб, беш-олти достонни тўла-тўкис ёд билиб, моҳир-маҳоратли куйлаб, эл-халқининг қалбини, дилини ўзига банд қилган бахши ҳақиқий эл куйчиси бўлиб қолади. Аввало, бахшининг шуҳрати-шони, довруғи достон билан чиқиб, ҳар юракдан кенг ўрин олади.
Асил бахши сумбул, табаррук созини ушлаб, халқ, давра талаб қилган достонни бошидан бошлаб, тошиб, жўшиб, тонг отгунча бўйни терлаб, тўлғаниб айтади. Катта йиғин тонггача бузилмай, меҳр билан қўшиқ тинглаб, гоҳ кулиб, гоҳ йиғлаб, бахшининг ҳар жўшган пайтида давра жонланиб туради. Бахши ҳам тобора қизишиб, денгиздай мавжланиб, авжланиб, бир юз-бўйнини узатиб, наъра тартиб жўш уради. Ул бахши ҳақиқий бахши. Давра суҳбатини оқлайди.
Айрим бахшилар ўзини мақтаб «мен етук, ҳаммадан тетик» деб бировдан ўрганганини ўзиники қилиб, ўзини ўзи мақтаб, иягини баланд кўтаради. Бировдан ёки устоздан «айтиб юрайин» деб ёзиб олганини қўшиб-чатиб газета ёки нашриётларга кўтариб боради. Шуни ёзиб олганига яраша, эл-юртига айтиб, кейин нашр эттиришга ҳаракат қилса, яхши бўларди. Сўзи йўқнинг изи йўқ деган гап рост. Бахши ёшликдан худо берса, ёрлақаса, у бир оқар дарёдай тоша беради.
Ўтган бахшилардан кейин давомчи бўлиб достонларни тўлиқ мен айтган бўлсам, мендан кейин чиққан бахшилар, бирон достонни тўлиқ айтмади. Фақат дўстим Қашқадарёлик Қодир бахши ўндан зиёд достонни айтди.
Хушбоқ бахши ҳам олти-етти достонни тўлиқ айтди. Лекин «Алпомиш», «Малла савдогар», «Олтин қовоқ», «Олчинбек» достонларинигина биронта бахши тўлиқ-ойдин, киши тўйиб қоладиган қилиб айтгани йўқ. 40, 50, 60, 60, 20 эмас, 10 достонни тўла айтганни кўрмадим.
Мен баъзи бахшиларнинг икки қилиғига ачиниб, эзилиб кетаман. Бири бир сўзни қайтариб айтган, иккинчиси ўзини мақтаб, кимлардан ўрганиб олган бир-икки сўзларни айтиб, «мен шундай доно, жуйруқ, сўзга бой» деб кўкрагини керади. Бирор достонни бошлаб, икки-уч достон сўзларини қўшиб-чатиб юради.
Бахшини эл мақтасин, халқ ўзи бахшини таниб олади.
Чорша бахшининг айтишича, аъанавий достонларда 40-45 та, ўзи тўқиганлари билан 50 та достонни тўлиқ айтган. Ўзи тўқиганларидан ва ҳозир ёзиб чиққанларидан «Гулсора», «Тошбосар», «Эламбилол», «Чангак ботир», «Қир ёбби», «Келинбой» ва бошқалардир. Унинг фикрича, Чори ва Қори бахши Умировлар, Шоберди, Хушбоқ бахшилар ҳам устоз бахшилардир. Ёшлардан Гулбой бахши Мирзаев, Сафар бахши Поёнов, Собир, Холли бахши Эргашев, Саид бахши, Хушбоқ бахшининг ўғли, Панжи бахши Тўхтаев, Зокир бахши Поён ўғли, Холмўмин бахшилар давомчилар ва дадил изланишмоқда.
Юқорида таъкидлаганимиздек, Сурхондарёлик бахшилар янги изланишлар олиб бориб, анъанавий достонларни мукаммал айтишга интилишмоқда, уларни бойитишга ҳаракат қилишмоқда. Кейинги йилларда бахшичиликка эътибор кучайганлиги, матбуот радио, телекўрсатувлар орқали уларни тарғиб этиш яхшилангани, бахшиларнинг вақти-вақти билан айрим танловлар ўтказилаётгани уларда ўзига хос рағбат уйғотмоқда, бахшилар сафининг талантли ёшлар ҳисобига ошишига олиб келаётир.
СЕМИНАР МАШҒУЛОТЛАРИ

Download 0,56 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   30   31   32   33   34   35   36   37   38




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish