13.4. Боғловчи материаллар.
Боғловчи моддалар – тўлдирувчиларни ўзаро боғлаб, физик-кимёвий жараёнлар туфайли қотиб, яхлит муҳит ҳосил қиладиган моддалардир. Бунда боғловчи моддалар – тўлдирувчи тошлар, заррачалар ва доналарни ўзаро бириктириб қуюқ масса ҳолидан қаттиқ монолит тош шаклига олиб ўтади.
Боғловчи моддалар таркибига кўра органик ва ноорганик (минерал) гуруҳларига бўлинади. Органик боғловчиларга юқори молекулали углеводородлар аралашмасидан ташкил топган битумлар, қатрон, елимлар, полимерлар киради. Ноорганик боғловчиларга цемент, оҳак, гипс, суюқ шиша ва б. киради.
Минерал боғловчи моддаларга цементлар киради. Уларнинг таркибига ун қилинган кислотали ёки ишқорга чидамли тўлдирувчилар қўшилади. Ишқорли муҳитлар учун тўлдирувчи сифатида СаО ва MgO каби асосий оксидлар, кислотали муҳитлар учун эса SiO2 тўлдирувчи қўшилган цементлар ишлатилади.
Кислотага чидамли цементлар эзиб майдаланган тўлдирувчи (кварц қуми, гранит, базальт ва б.) билан силикат натрийнинг сувли эритмасини қўшиб тайёрланади. Бундай цементлар концентрланган кислоталарга (HF ва Н3РО4 дан ташқари) чидамли, сувда анча чидамсиз ва ишқорлар эритмасида ҳамда ишқорли металларнинг карбонатларида емирилади. Улар юқори механик мустаҳкамликка, металларга ва бошқа материалларга нисбатан яхши адгезияга эга.
Цемент металл ва бошқа аппаратураларни футерлаш учун, плиткалар, ғиштлар, блокларни маҳкамлаш учун ва мустаҳкам, ўтказмайдиган чокларни беркитиш учун фойдаланилади.
Бетон мустаҳкам, қаттиқ тош кўринишидаги жисмдир. Уни цемент, сув ҳамда шағал, шебен, кварц қуми каби тўлдирувчилар билан қўшиб тайёрланган бетон қоришмасидан ҳосил қилинади. Бетонлар чўзилиш ва эгилишга унчалик юқори бўлмаган чидамлиликка эга. Бундай камчиликларни бартарафлаш учун уни пўлат арматуралар (баъзан стержен ёки сим) билан кучайтирилади. Бундай комбинациядаги қотишма темир-бетон номи билан машҳурдир.
Кислотабардош бетонларни натрий силикати (суюлтирилган шиша), ыотишни тезлаштирувчи Na2SiF6, ҳамда андезит, диабаз, маршаллит, кварц, кислотага чидамли керамика чиқиндилари аралашмаларидан тайёрланади. Бундай бетон юқори механик мустаҳкамликка кимёвий чидамлиликка эга. У HF ва Н3РО4 дан ташқари барча кислотали муҳитларда бардошлидир. Ундан иншоотларнинг фундаментини қуришда, катта габаритли ишоотлар – минора, резервуарлар, тиндиргичлар ва бошқаларни барпо этишда фойдаланилади.
Одатдаги хом ашёлардан полимер материаллар қўшиб тайёрланадиган бетонлар полимербетонлар дейилади. Бундай бетонларга боғловчи сифатида фуранли, эпоксидли, полиэфирли, акрилли ва бошқа смолалар қўшилади. Полимербетонлар катта зичликка, кислоталар ва ишқорларга нисбатан юқори бардошлиликка, аъло даражадаги физик-механик хоссаларга эга. Улар поллларни қоплаш, конструкцияларни тиклаш, гидроиншоотларни яратиш, кўприклар қуриш учун ишлатилади.
Кимё саноатида кўпинча юқори ҳароратларда ишловчи курилмалар яратишга тўғри келади. Бундай шароитлар учун юқори ҳароратларга чидамли иссиқбардош бетонлар яратилган. Улар тўлдирувчиларнинг таркиби (хромли железняк, шамот ва б.) ва цементнинг маркаси билан фарқ қилади. Бундай бетонлар учун юклама остида деформация бошланадиган ҳарорат 1000–1100°С ни ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |