Пантотериялар қопчиқлилар ва йўлдошлиларни берган дастлабки шохча ҳисобланади. Қопчиқлилар бўр даврида пайдо бўлган. Йўлдошлилар ҳам бўр даврининг бошида пайдо бўлган ва ҳар хил йўналишларга қараб эволюция қилган.
Сутэмизувчилар Ер юзида Антарктидадан ташқари ҳамма жойда тар-қалган. Тибетда ёввойи қўйлар ва эчкилар 6000 м, бўрилар 7150 м денгиз сатҳидан баландликда учрайди. Сутэмизувчилар учун айрим турларининг кенг тарқалиши ҳам характерлидир. Масалан, бўри ва тулки шимолий Америка, Европа ва Осиёда, кашалот – иссиқ ва ўрта минтақадаги барча океанларда тарқалган. Яшаш шароитларига қараб сутэмизувчилар 4 та асосий экологик гуруҳларга бўлинади.
1. Ерда яшовчилар сутэмизувчиларнинг энг катта гуруҳи бўлиб, Ер шарининг барча қуруқликларини эгаллаган. Булар асосан барча ўрмон ва бутазорларда ҳамда очиқ ерларда яшашга мослашган. Дарахтда яшовчилар ўзларининг кўп вақтларини дарахтда ўтказади, дарахтда овқат топиб ейди, дам олади ва кўпайиш учун уя қуришда дарахт ковакларидан фойдаланади. Масалан, кемирувчилардан олмахон; йиртқичлардан баъзи сувсарлар; лемурлар, маймунлар ва бошқалар дарахтда яшайди. Очиқ жойда яшовчилар ҳам хилма-хилдир. Бу гуруҳга фақат ер устида яшовчи туёқли ҳайвонлар, ер остида уя қилиб, овқатни ер устидан топувчи қўшоёқлар, юмронқозиқлар, кўпчилик йиртқичлар, товушқонлар киради.
2. Ер тагида яшовчилар муҳитга ўта мослашган бўлиб, бутун ҳаётини ёки ҳаётининг кўп қисмини ер тагида ўтказади. Бу гуруҳга кирувчи сут-эмизувчиларнинг кўзлари ва қулоқ супралари ривожланмаган, гавдаси ўқ-ловсимон бўлади. Думи калта ва қилсиз бўлади ёки мутлақо бўлмайди. Олдинги оёқларининг бармоқлари ҳам яхши тараққий этган. Ер тагида яшовчиларга кротлар, кўрсичқон, цокор, қопчиқли кротлар киради.
3. Сувда яшовчилар орасида морфологик томондан сувда яшашга озроқ мослашган норка, оқ айиқ, сув каламуши, ўрдакбурун, ондатра, нутрия, бобр, сувда яшашга кучлироқ мослашган морж ва тюленлар, сувда яшашга бутунлай мослашган китсимонлар диққатга сазовордир. Айниқса, китсимонлар тўлиқ сув муҳитида яшашга мослашган сутэмизувчилар ҳи-собланади. Улар тасодифан қирғоққа чиқиб қолса, ҳалок бўлади. Терисида жун қатлами, ёғ ва тер безлари йўқолиб кетган. Кейинги оёқлари йўқ.
4. Ҳавода яшовчилар ёки учувчиларга фақат қўлқанотлилар ёки кўр-шапалаклар киради. Ҳавода учиб юриш учун кўршапалакларда учиш органи – қанот ҳосил бўлади, тўш суягининг олдинги юзасида кўкрак тож суяги бўлади. Бош скелет суяклари қўшилиб кетади.
Сутэмизувчиларнинг овқати ниҳоятда хилма-хилдир. Шу билан биргаликда, улар ўз овқатларини турли хил ҳаёт муҳитларидан – ҳаво, ер усти, ер ости, сув қатламларидан тутиб олади. Овқатнинг хилига қараб сут-эмизувчиларни 2 та гуруҳга – гўштхўр ва ўсимликхўрга бўлиш мумкин.
Гўштхўрлар ўз навбатида ҳашаротхўрларга (кўршапалаклар, ерқазирлар), йиртқичларга (баъзи йиртқичлар, қопчиқлилар, дельфинлар, тюленлар) ва ўлимтикхўрларга (шоқол, сиртлон) бўлинади.
Ўсимликхўр даррандалар жуда ҳам кўп. Бу гуруҳга кўпчилик маймунлар, кемирувчилар, туёқлилар, қопчиқлилар киради. Овқат характерига қараб булар ўтхўр, донхўр ва мевахўрларга бўлинади. Лекин сутэмизувчиларнинг мазкур гуруҳлари қисман шартли бўлиб, ҳайвоннинг геогра-фик тарқалиши, ёши, йил фаслларига қараб ўзгариб туради. Масалан, қўнғир айиқ Жанубий Кавказда ўсимлик билан овқатланса, Узоқ Шарқда балиқ ва тюленлар билан овқатланади.
Сутэмизувчиларда тинчлик даври билан фаоллик даврининг сутка ва йил фасли сари мунтазам равишда алмашиниб туриши – овқат топишга мосланишидир. Тирикчиликни тунда ёки кундузи ўтказиши ва дарранданинг овқат топиши характерига боғлиқ. Кемирувчилар билан овқатланув-чи кўпчилик йиртқичлар турли активлик билан уларни кечаси ҳам, кундузи ҳам тутади. Кўршапалаклар, аксинча, фақат кечаси фаол бўлади.
Фасл цикллилиги ҳам овқат топиш қийин тушадиган йил фаслларига мосланишидир. Бу мосланиш уйқуга кириш ҳодисаси билан ифодаланади. Уйқуга кириш бир йўллилар, қопчиқлилар, ҳашаротхўрлар, қўлқанотли-лар, йиртқичлар ва кемирувчиларда намоён бўлади.
Уйқуга кириш характерига қараб 3 типда бўлади. Қишки уйқу ёки факультатив уйқу модда алмашинув даражаси, гавда ҳарорати ва нафас олиш жараёнларининг унчалик пасаймаслиги билан характерланади. Уйқу осонлик билан бузилиши мумкин. Бундай уйқу айиқлар, енотлар, енотсимон итлар ва бўрсиқларга хосдир. Улар йиқилган дарахт остида (қўнғир айиқ), хашак остида, дарахт ковакларида (қора айиқ, енот) ухлайди. Ухлаш муддати шимолда кўпроқ, жанубга борган сари камайиб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |