Афлотун (Плутон; мил.ав. 427-347 йй., Афина) – файласуф, санъаткор, шоир, драматург. Аттика қироли сулоласига тегишли Кодра оиласида туғилган. Онаси Периктиона ҳам ўз даврининг таниқли олимлари Салон ва ҳукмдор Критийлар сулоласидан бўлган. Аллома суҳбатлар шаклидаги бадиий-фалсафий асарларни ёзиб қолдирган. Унинг маърифий-ахлоқий қарашлари “Сиёсат”, “Давлат”, “Қонунлар” асарларида акс этган. Файласуфнинг педагогик ва ахлоқий қарашлари сиёсий таълимоти билан узвий боғлиқ. Афлотун томонидан “идеал давлат” назарияси асосланган. Ушбу назарияга кўра жамият қуйидаги уч табақага ажратилади:
давлат арбоблари – файласуфлар;
соқчилар (ҳарбийлар);
деҳқонлар ва ҳунарманд.
Оилаларда ана шу уч табақа вакиллари шакллантирилиши лозимлиги аллома асарнинг негизини ташкил этади.
Алломанинг фикрича, тарбиянинг мазмуни катталар таъсирида болаларда ахлоқийлик ва олийжанобликни шакллантириш ғоясини ифодалайди. У болаларни тарбиялашда ички асос – ҳиссиётнинг шакллантирилишига эътибор бериш муҳимлигини таъкидлайди.
Афлотун тарбиянинг энг самараси воситаси сифатида ўйинни эътироф этади. Бундан ташқари болаларга адабий асарларни ўқиб бериш, ҳикоя қилиш катта аҳамиятга эгалигини эътироф этади. Материалларни синчиклаб танлаш бадиий асарларнинг болалар тарбиясига кўрсатадиган таъсирини янада кучайтиради, деб ҳисоблайди аллома. Файласуфнинг барча маънавий-ахлоқий ва сиёсий қарашлари оилада болаларни ёшлигиданоқ ижтимоий нуқтаи назардан тарбиялаш зарурлигини ёритишга хизмат қилади.
Демокрит (мил.ав. 460-370 йй.) – қадимги юнон файласуфи, атом назариясининг асосчиси. У ўз асарларида оилада бола тарбиясига бошқа юнон мутафаккирлари сингари катта аҳамият қаратади.
Аллома “табиат билан тарбия бир-бирига ўхшайди” ғоясини илгари суриш орқали тарбияни табиатга мувофиқлаштириш масаласини биринчи бўлиб кун тартибига олиб чиқади. “Таълим меҳнат асосидагина гўзал нарсаларни ҳосил қилади” мазмунидаги қарашлар эса Демокритнинг тарбияда меҳнатнинг роли катта эканлигига эътибор қаратганлигини тасдиқлайди. Шу нуқтаи назардан оила тарбиясида ҳам меҳнатнинг тарбиявий имкониятларидан фойдаланиш фойдадан ҳоли эмаслигини уқтиради. Аллома шахсдан доимо меҳнат билан банд бўлишни талаб қилди. Зеро, файласуфнинг уқтиришича, шахс меҳнат қилишга одатланиб борган сари ўзида ўзгача завқни туяди. Бу борада ота-оналарнинг фарзандларига ўрнак бўлишлари шарт.
Демокрит болаларни уларнинг ёшлигиданоқ гигиеник мақсадларга эришиш учун айрим машқларни бажаришга ўргатиш, уларнинг нозик, заиф таналарини чиниқтириш зарурлигини айтади. Унинг фикрича, болаларга қаттиқ йиғлаш ва қичқиришларига ҳалақит қилмаслик лозим. Зеро, бу ҳолатлар улар учун ўзига хос гимнастика ҳисобланади. Бир қадар катта ёшдагилар учун эса болалар ўйинлари ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга21.
Улуғ мутафаккир “инсондан инсон, ҳайвондан ҳайвон туғилади, шунга кўра яхши ота-онадан фақат яхши фарзандлар туғилиши лозим. Табиат ана шунга ҳаракат қилади, бироқ, бунга ҳамиша ҳам эришилавермайди”22, – деб таъкидлайди.
Ота-оналарга болаларда яхши хулқ-атворни ҳосил қилишда машқ методидан кўпроқ фойдаланишни уқтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |