5-Mavzu: O’tkir Xshimovning 80 yilligi. “Dunyoning ishlari, Daftar xoshiyasidagi bitiklar, Ikki eshik orasi, Baxor qaytmaydi”
Йигирманчи асрнинг 60-йилларида замонавий ўзбек насри хиёбонига баҳорий айёмлар кириб келди. Унга қадар ҳам катта адиблик мактаби қад ростлаб турган эди, бу мактабнинг яловбардорлари залворли повесть ва романларини пешма-пеш чоп этишаётган, “китобхўр” шинавандалар олтмиш минглаб “тираж”ларни кўрдим демасди. Жуда кўплаб одамларнинг хаёлию кўнглида “Адабиёт – шу!” деган тушунча ақидага айланиб кетганди. Бирдан повесть қабилида ёзилгану, лекин жанри “қисса” деб кўрсатилган асарлар пайдо бўлди. Бу икки атамани қиёсан таҳлил қилганлар, униси бошқа-буниси бошқа ёки иккови эгизак деган тезисларни илгари суриб докторлик диссертациялар ҳам ёзилди. Илмий баҳс-мунозаралар ўз йўлига, лекин, назаримда, 60-йиллар қиссалари адабиётимизга бамисоли баҳорнинг майин, ёқимли ҳавосини олиб келди. Бутун бир миллий адабиётда янги йўналишни бошлаб бериш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Муайян ижодкордаги фавқулодда янгича тафаккур пиравордида бутун халқ бадиий тафаккурида ўзгариш ясайди, бадиий дидини янгилайди, бунинг натижасида китобхонларнинг нафақат адабиётга, шу билан бирга ҳаётга, одамларга бўлган қарашларида фавқулодда ўзгаришлар юз беради. Ўлмас Умарбеков, Учқун Назаров, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимовнинг номлари ўша давр ўзбек насрини янгиловчилари сифатида тарихдан ўрин олди.
Номлари келтирилган ва улар сафида қалам тебратган устозлар ижодига эҳтиром билдирган ҳолда ўз тенгқур авлод вакиллари орасида улоқ Ўткир Ҳошимовда кетгани эътироф этилса адолатдан бўлади деб ўйлайман. Ўткир аканинг қиссалари, ҳикоялари, ҳатто публицистик чиқишлари машҳурликда бугунги кунимиздаги мегаюлдуз хонандаларнинг “хит”ларидан кам бўлмаган!
Адабиётдаги мана шу ҳодисани, яъни ижодкорнинг машҳурлик феноменини ўрганишга кўпда эътибор қаратилмайди назаримда.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг матбуотда эълон қилинган кўплаб мақолалари, айниқса телеэкран орқали мунтазам намойиш этилган суҳбатлари ўз даврида қанчалар оммалашиб кетганини ҳозирда жадал ривожланиб бораётган оммавий коммуникация фани назарияси мезонларидан келиб чиқиб таҳлил қилинса Ўткир аканинг нафақат публицист, балки адиб сифатидаги феноменини очиб берувчи сирлар сари йўл топиш мумкин бўлади. Дарҳақиқат, бир қатор газета мақолалари ҳамда телесуҳбатлари билан миллионлаб кишиларнинг қалбига йўл топиш, бугина эмас, балки уларнинг жуда кўпчилик қисмидан акс садо олиш шунчаки жўн ёки тасодиф ҳодиса эмас.
Оммавий коммуникация масалалари билан шуғулланадиган мутахассислар оммавий ахборот воситаларини қуйидаги уч гуруҳга бўлиб тадқиқ этишмоқда: омма тафаккурини бошқарувчи, омма билан тенг мавқеда мулоқот ўрнатувчи ва оммага нисбатан пассив мавқени эгалловчи оммавий ахборот воситалари. Бундан чиқадиган хулоса шундан иборатки, эркин фуқаролик жамиятида иккинчи хил иш юритиш, яъни омма билан тенгма-тенг мавқеда мулоқот ўрнатиш кўпроқ қадрланади, эътироф этилади.
Таниқли адабиётшунос М.Бахтин жамиятнинг тўлақонли жамиятга айланишида мулоқотнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлайди. Мулоқот тўхтаган жойда ҳамма нарса тугайди дейди у. Унинг фикрича, мулоқот чоғида икки томонлама жараён кечади, яъни тингловчи гапирувчига нисбатан фаол позицияга кўтарилади ва тингловчи гапирувчига айланади.
Ҳар иккала мисолнинг моҳияти битта – ўзбекона жайдари тил билан айтганда, одамларнинг қалбига йўл топиш, улар билан тенгма-тенг тиллашиш, уларнинг гап-сўзига қулоқ солиш. Ўткир Ҳошимов табиатан қалбларга йўл топа оладиган, одамларни гапиртира биладиган, бошқалар айтган, айтмоқчи бўлаётган дард-ҳасратига қулоқ соладиган одам. У кишининг адиб ва публицист, катта зиёли, маърифатли инсон сифатидаги ўзига хослиги, таъбир жоиз бўлса, устунлиги ҳам мана шунда!
Санаб ўтилган ўзига хосликлар бошқа ижодкорларда ҳам йўқ эмас-ку, деган даъво билдирилиши табиий. Тўғри, буни рад этиб бўлмайди, лекин Ўткир Ҳошимовнинг ўзига хосликларига қўшимча яна бир ўзига хослиги бор: у табиатидаги барча ўзига хосликларидан барча асарларида, хусусан бадиий асарларини яратишда ниҳоятда моҳирона фойдалана олади. Йўқ, атайин эмас, жуда табиий равишда фойдаланади. Энг оддий кишилар билан суҳбатда ҳам Ўткир ака ўзининг машҳур адиблигини, юқори мартабали арбоб эканлигини унутади, атайин эмас, йўқ, оддий ва тенгма-тенг суҳбат-мулоқот Устоз учун муқаддас лаҳзаларга айланади.
Ўткир ака билан республикада бормаган вилоятимиз қолмаган, шаҳар ва қишлоқларда, корхона ва муассасаларда бўлиб ўтган учрашувларда иштирок этганман. Ҳар сафар Ўткир акадаги самимиятнинг жозибадор қуввати яна ва яна мухлислари сафини кўпайтирганига гувоҳ бўлганман.
Ўткир Ҳошимовнинг бирон марта ўзига мурожаат этган одамга нисбатан эътиборсиз бўлганини кўрмадим. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида тирик инсон, тирик инсон тақдири, қисмати, орзу-ҳаваси, ташвишлари бўлади. Адабиётшунослик фани атамалари билан ёндашадиган бўлсак, Ўткир Ҳошимовнинг инсон концепцияси моҳиятини ана шу ғоятда халқона, соф ўзбекона қадриятлар ташкил этади. Бежизга адибимиз “Илҳом нима?” деган саволга жавоб бераётиб, “Бўлажак асар қаҳрмонлари тирик одамга айланиб, “қисматимни тезроқ қоғозга тушир” деб талаб қилаётганга ўхшайди” дея ўз ижодий лабораториясига олиб киради. “Ёзувчилик ҳунарининг энг қийин жойи нима?” деган саволга берилган жавоб юқорида мен уқдиришга уринаётган адибнинг ўзига хослигини янада яққолроқ намоён этади.
– Асар қаҳрамонларига “жон ато этиш”, яъни уларни тирик инсонларга айлантириш. Шундагина китобдаги одамлар (“персонажлар” эмас, айнан одамлар. – Таъкид бизники. – Х.Д.) ўқувчининг яқин кишисига айланади. Китобхон унга қўшилиб ўйлайди, изтироб чекади, севади ёки нафратланади.
Инсонга бу қадар юксак меҳр-муҳаббатли муносабатни адиб қаламига мансуб барча асарларида кўриш мумкин. Синчковлик билан таҳлил қилинса, асарларнинг ифода оҳанги, сўз-ибора-жумла танлаш санъати, зиддиятли ҳолатдаги руҳий изтироблар тасвири, яхшини беҳад севиш, ёмонга аёвсиз нафрат туйғуси – шуларнинг барчасида Ўткир Ҳошимов инсон концепциясининг турли қирралари яққол кўзга ташланади.
Сермаҳсул ижодкорларга қўярда-қўймай қайси асарингиз ўзингизга кўпроқ ёқади, қабилидаги саволлар беришади. Шунга ўхшаш савол билан Ўткир акага ҳам мурожаат қилишган, янглишмасам, у киши ҳамиша барча асарларини фарзандлари мисоли бирдек кўришини айтган. Бизнинг авлод вакиллари эса катта адабиёт оламига кириб келишида Ўткир Ҳошимов ижодининг дастлабки паллаларида яратилган асарлар кўпроқ “хизмат” қилганини, йўл кўрсатганини гапиришади. “Чўл ҳавоси”, “Одамлар нима деркин?”, “Баҳор қайтмайди”, “Қалбингга қулоқ сол”… устоз адибни қалам тутишга ундаган сеҳрли куч ҳам одамларнинг қалбига қулоқ тутиш, одамларнинг ўзларини ўз қалбларига қулоқ тутишга даъват этиш, ундаш туйғуси бўлган десак янглишмасак керак. Ўтган асрнинг 60-йиллари учун бундай самимийлик, руҳий эркинлик адабиётимиз учун фавқулодда воқеа эди! Такрор айтаман – миллий бадиий тафаккурдаги бурилиш эди! Шу нуқтаи назардан ўша давр ўзбек шеъриятида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи номлари билан боғлиқ юз берган янгиланишга қиёсан олинса, насримиздаги янгиланиш жараёнлари юқорида эсланган адибларимиз номлари билан боғлиқдир. Муҳими, ўша ўттиз-қирқ йил бурунги тарихий эврилишлар муаллифлари адабиётимизнинг кўркига кўрк бўлиб қўшилган кўплаб асарлар яратдилар. “Икки эшик ораси”, “Тушда кечган умрлар”, “Дунёнинг ишлари”, “Нур борки, соя бор” асарлари Ўткир Ҳошимовнинг эпик кўламдаги салоҳияти намуналарига айланди. “Дунёнинг ишлари”да ўзбекнинг муштипар, мушфиқ ва жафокаш ОНАсига тирик ҳайкал қўйилди. Унинг бирон новелласи – саҳнасини бефарқ ўқиб бўлмайди. Китобхон қавми борки, ушбу асар мутолаасига киришди дегунча ўз болалиги, гўдаклик хотирасига муҳрланган волидасини эслайди. Бу эслаш ҳар қандай бағри тош одамнинг ҳам кўнглини ҳалимлаштиради, уни эзгу туйғулар гирдобига тортади.
Асарнинг иккинчи эътиборли жиҳати шундаки, ёзувчи одамларни ОНАга бўлган муносабатидан келиб чиқиб кимлигини, қандай инсонлигини кўрсатади. Қиссанинг учинчи йўналишини асар қаҳрамони “мен”идаги эволюция ташкил этади. Бу “мен” дунёни асосан она тимсоли орқали идрок этиб улғаяди, неки воқеа-ҳодиса бўлса она контексида қабул қилади ва шу контексдан келиб чиқиб уларнинг баҳосини беради. Дўст хиёнатига учраган қаҳрамоннинг изтиробга тушганини эслайлик. Вазият шу қадар оғирки, азбаройи осмондаги ой ҳам хоиндек, унинг нурлари ҳаромдек, юлдузлар хоинларча кўз қисаётгандек, шамол хоинона қиқирлаётгандек туюлади. Бир сўз билан айтганда, қаҳрамон учун дунё зимистон, унинг назарида бу ёруғ оламда яхшилик ё ёқимли нарсанинг ўзи қолмаган. Мана шундай депрессив ҳолатдан уни фақат она, фақат онадаги бағрикенглик, кечиримлилик халос этиши мумкин. Онадаги кечиримлилик, бағрикенглик ўғилнинг мушкулини осонлаштиради…
Do'stlaringiz bilan baham: |