Ўғузлар қўллайдиган сўзлар: ašaq “тубан, қуйи” (I.97), alïq “қуш тумшуғи” (I.98), ekin “экин; экин экиладиган ер” (I.107), üyäz “кичик чивин” (I.112), arsu “ҳар бир жўн нарса” (I.148), jar (čar?) “вақт” (I.312), čer “рўпара” (I.312), endäk “сатҳ” (I.130), örkän “қайиш” (I.132), eylä “шундай” (I.137), eträk “ранги сариқ одам” (I.127), pamuq “момиқ, пахта” (I.360), töläk “тинч ва оғир киши” (I.368), sïndu “қайчи” (I.395), qarïnčaq “чумоли” (I.460), sečä “чумчуқ” (III.238) ва б.
Чигиллар қўллайдиган сўзлар: ud “сигир” (I.80), ažun “дунё” (I.106), üzi “икки тоғ орасидаги кенг йўл” (I.116), aybaŋ “кал” (I.139), ötki “эваз, бадал” (I.149), čekäk “чечак касаллиги” (I.369), saman “сомон” (I.392), qučğundï “пиёз” (I.454).
Қарлуқча сўзлар: ulïčïm “ўғилчам, қароғим” (I.86), suğut “сузма” (I.337), ït kerdi “ит вовуллади” (II.15).
Қипчоқча сўзлар: ökil “кўп” (I.103), aba “айиғ” (I.113), sulaq “қора жигар” (I.390), ajan “икки елканли кема” (I.144).
Арғуча сўзлар: (арғулар икки тилда сўзлашувчилар деб кўрсатилади I.65): uδluq “оғил, молхона” (I.124), iδrik ( “қаттиқ нарса” (I.128), oğla “ёш йигит” (I.149), qïz kiši “бахил одам” (I.315), bük “бурчак” (I.321), čigit “пахта уруғи, чигит” (I.337), köδäj “кўза” (I.341), qaδïq “ёғоч идиш” (I.363), tudrïč “гўнг” (I.422), baštar “ўроқ” (I.424), bitrik “писта” (I.441).
Яғмоча сўзлар: čarun “чипор дарахти” (I.392), čignä “сурги” (I.408).
Булғорча сўзлар: awus “мум” (I.91).
Барсағанча сўзлар: arïğ “чодир пардаси” (I.94), tünäk “зиндон” (I.387), sökti “кепак” (I.394), ačï “кекса хотин” (I.114).
Қашқарча сўзлар: sibüt “кашнич” (I.337), butïq “кичик меш” (I.358).
Туркманча сўзлар: qarït “ўғирлаш, талаш” (I.338), taquq “товуқ” (II.330).
Канжакча сўзлар: kenbä “бир ўсимлик” (I.393), körkä “ёғоч коса” (I.405).
Девонда бир гуруҳ сўзлар бир қанча диалектлар учун умумий бўлган деб кўрсатилади. Жумладан, қуйидаги сўзлар ўғуз ва қипчоқларда қўлланилиши таъкидланган: alïğ “ҳар нарсанинг қайтарилиши” (I.95), arïq “ориқ, заиф” (I.97), čufğa (čuwğa?) “йўл бошловчи, раҳбар” (I.400). Ёки яна мисолларни кузатинг: ebmäk “нон” (яғмо, тухси ва баъзи ўғуз ва қипчоқлар сўзи) (I.126), urğa “катта дарахт” (ўғуз ва арғуча) (I.148), benäk “уруғ” (арғу ва баъзи диалектларда) (I.367).
Айрим сўзлар бир диалектда маълум бир шаклда бўлса, иккинчи диалектда унинг ўрнида бошқа сўз қўлланилган. Бу нарса Маҳмуд Кошғарий томонидан ҳам алоҳида қайд этилган: Масалан, бошқа турклар идиш, коса, пиёлани ayaq десалар, ўғузлар унинг ўрнида janaq (čanaq?) сўзини қўллаганлар (I.112), турклар aδïn (бошқа, бўлак) десалар, ўғузлар aδruq деганлар (I.124), бошқалар камар, тўқа ва эгарнинг бошига ўрнатиш учун олтин-кумушдан ишланган зийнатни üstäm, ўғузлар эса saxt деганлар (I.131), турклар almïla (яъни олма) десалар, ўғузлар alma сўзини қўллаганлар (I.150), бошқа турклар ҳар бир оқ рангни örüŋ, ўғузлар aq // a:q деганлар (I.153), бошқалар шароб, мусаллас, майни süčik, Ила водийсида яшовчилар (яғмо, тухси ва чигиллар) майни qïzïl süčik деб атаганлар (I.387). Кўпчилик турклар čïqtï десалар, яғмо, тухси, ябоқу, қипчоқ ва баъзи туркман уруғлари худди шу маънода tašïqtï сўзини қўллаганлар: er ewdin tašïqtï “одам уйдан ташқари чиқди” (II.131).
Лексик қатлам орасида бир диалектда маълум маънода, бошқасида иккинчи маънода қўлланувчи сўзлар ҳам бўлган: Чигил туркларида uluš “қишлоқ” маъносида қўлланилган бўлса, Баласағун ва уларнинг юқори ёнидаги арғулар тилида “шаҳар” маъносини англатган (I.94), бошқа туркларда iŋäk сўзи “сигир” маъносида қўлланилган бўлса, ўғузлар тошбақанинг урғочисини шу сўз билан атаганлар (I.135), бошқалар ошхонани ašlïq, ўғузлар буғдойни ašlïq деганлар (I.137), бошқа турклар бургутни ва Муштарий юлдузини qara quš деб атаган бўлсалар, ўғузлар туя оёқларини учига ҳам шу сўзни қўллаганлар (I.319). “Kend – ўғузлар ва улар билан яқин турувчилар тилида қишлоқ. Кўпчилик турклар наздида вилоятдир” (I.330), бошқа турклар қурт (ҳашарот)ни qurt деганлар, фақат ўғузлар бўрини шундай деб атаган (I.328), бошқалар одамлар орасидаги шодлик ва кулгини baδram, ўғузлар ҳайит кунини bayram дейдилар (I.447). Турклар sen сўзини кичикларга, хизматчиларга ҳамда сўзловчидан даража, мартаба, ёшда қуйи бўлган кишиларга нисбатан қўллаганлар. Ўзларидан юқори ҳурматли кишиларни siz деганлар. Ўғузлар эса, аксинча, катталарга sen, кичикларга siz деб қўллайдилар. Кўпликда ҳам шуни ишлатганлар (I.326). Кўпчилик туркларда čapïldï сўзи “сувалди, чапилди” маъноларини англатган бўлса, уйғурларда бу сўз “бўйнига урмоқ” маъносидадир (II.135).
Полисемантик сўзларнинг баъзи бир маънолари айрим диалектлардагина амал қилган. Чунончи, ўғузларда čaqdï сўзининг “эшиттирди, айтди” маъноси ҳам қўлланилган: ol sözüg anïŋ qulaqqa čaqdï “у сўзни унинг қулоғига эшиттирди” (II.24). Soqdï (майдалади; чўқиди; чақди) сўзининг “чақмоқ” маъноси ўғузларга хосдир: anï yïlan soqdï “уни илон чақди” (II.26).
Бир гуруҳ сўзлар диалектларда стилистик жиҳатдан ҳам чегараланган эди. Жумладан, qïldï салбий маънода ҳам қўлланилгани сабабли, ўғузлар ундан қочиб, унинг ўрнида etti сўзини қўллайдилар: er yükünč etti “одам намоз ўқиди”. Турклар эса qïldï сўзини қўллаганлар (II.33). Ёки турклардаги tekindi – “эришди, муяссар бўлди” маъносидаги сўзини, девон муаллифининг ёзишича, ўғузлар “ёқтирмайдилар” (II.166).
Ўзлашган сўзларнинг миқдори бўйича ҳам диалектлар орасида фарқ бўлган. Буни Маҳмуд Кошғарийнинг қуйидаги маълумотида ҳам кўрамиз: “Ўғузлар форслар билан аралашгач, баъзи сўзларни унутдилар ва уларнинг ўрнига форсча сўзлар қўллай бошладилар: qumğan ўрнида āftāba; baqan ўрнида qalïda (бўйин тумор)” (I.406).
Уй иши:
“Девону луғатит турк” асарини бир бошдан ўрганиб чиқинг. Унда туркий сўзларнинг изоҳланиш йўлларига алоҳида аҳамият беринг. Амалий машғулот учун бирор мавзу чегарасида материал йиғинг.
“Девону луғатит турк”нинг биринчи ва учинчи томлари бўйича ўқиб чиққанларингизни системага солиб, қисқача конспект тузинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |