Орол денгизини сақлаш тўғрисида қабул қилинган асосий ҳужжатлар.
Оролни сақлаб қолиш мумкин бўлган чора – тадбирлар.
1. Орол денгизи муаммосининг тарихи, Оролнинг қуриш сабаблари ва унинг ҳозирги ҳолати. Орол денгизи Марказий Осиёнинг ёпиқ сув ҳавзаларидан биридир. Унинг чор атрофи бепоён чўл зонаси билан ўралган. Орол денгизини сув билан тўлдириб турадиган манба бу Амударё ва Сирдарёлардир. Бу дарёлар ҳар йили Орол денгизига 56 км3 сув қўядилар. Маҳаллий ёғинлар ҳисобида эса 5 км3 сув Орол денгизига қўшилиб туради. Бу икки дарё (қадимда Оқсув ва Яксарт деб аталган) Тяншань ва Помир тоғларидан бошланиб оқиб Орол денгизига қўйиладилар. Тоғдан бошланган жойларида бу дарёларда 100 км3 дан ортиқ сув бўлиб, то Орол денгизига қўйилганга қадар 2500 км масофани чўл зонаси бўйлаб ўтганда сувнинг ярмидан кўпроғи буғланиб ва бошқа сабаблар натижасида Оролга етиб бормайди. Бу икки буюк дарёларнинг сувлари 2000 йилдан ҳам кўпроқ вақтдан буён Марказий Осиё халқларининг чучук сувга ва қишлоқ хўжалигига бўлган талабини қондириб келмоқда, бу минтақанинг муҳитига кўрсатган таъсири сезиларли даражада эмас эди. Бироқ ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб бу минтақада вазият кескин ўзгара бошлади. Бу ўзгариш собиқ Иттифоқ ҳукуматининг янги ерларни ўзлаштириш асосида пахта етиштиришни кескин кўпайтиришга қаратилган қароридан кейин бошланган эди. 1938 йилга келиб собиқ Совет Иттифоқи пахта билан биргина ўз эҳтиёжларинигина қондириб қолмай балки четга пахтани экспорт қилиш имкониятига эга бўлди, бироқ Иттифоқ иқтисодиёти пахта етиштиришни янада кўпайтириш, янги суғориладиган ерларни очиш, ҳамда ирригация системасини кучайтиришни талаб қилар эди.
Яна йигирма йилдан сўнг яъни 1960 йилда суғориладиган ерлар сони 4,5 млн гектарга етди, кейинги 25 йилда яна қўшимча 2,6 млн гектар ерга сув чиқарилди ва сувни ишлатиш бир йилда 105 км3 етди. Шундан 60 км3 Амударё ва 45 км3 Сирдарё ҳисобига тўғри келар эди. Шундай ҳолат бу дарёлар сув оқимининг Орол денгизига қўйилишини кескин қисқартириб юборди. Масалан, агар 1960 йилда Орол денгизи сувининг даражаси 53-54 метрни ташкил этган бўлса, кейинги йилларда у кескин пасайиб бориб, сув даражаси 1990 йилда 1960 йилга нисабатан 14 метр пасга тушган. Бу деган сўз Орол денгизининг - 40% қуриган ва сув ҳажми 60% гача қисқарган демакдир. Кейинги йилларда ҳам Оролнинг қуриши тўхтагани йўқ ва кузатишларга кўра ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилмаса унинг қуриши келгусида ҳам давом этаверади. Шундай ҳолат давом этаверса Орол денгизи кичрайиб, қуриб умумий майдони 4 - 5 минг км2 келадиган шўр кўлга айланиш эҳтимоли бор. Орол денгизи сувининг шўрлиги 22 - 23% кўтарилди. Денгизнинг саёз Шарқий Жанубий ва Шимолий қирғоқларидан денгиз суви 60-120 км чекиниб, шўрҳок ерларга айланиб қолди. Кейинчалик сувнинг шўрланиш даражаси 41 - 42% га етиб бориши мумкин. Оқибатда экологик шароит бузилиб балиқлар ўлиб кетади. Ҳозирда Орол денгизига Амударё ва Сирдарёнинг суви (зовур – қайтарма, сизот сувларини ҳисобга олмаганда) деярли қўйилмаяпти. Аксинча, денгиз юзасидан йилига 40,0 км3 атрофида сув буғланиб кетмоқда. Демак сув кирими унинг сарфига қараганда камроқ ва тез орада Орол денгизига қўшимча сув ташланмаса яна 15 - 20 йилдан сўнг сув сатҳи ҳозиргига нисбатан 1213 метр , 1961 йилдаги ҳолатга нисбатан эса 19-20 метр пасайиб кетади. Сувнинг шўрлиги эса 77% боради. Ҳозирги кунда денгиз сатҳи 16,5 метрга пасайди (1997 йил). Натижада Орол денгизи икки катта ва кичик Оролга бўлинди.
Денгиз сув сатҳининг пасайиши туфайли унинг атрофида 4 млн.га яқин шўрҳокка айланиб кучли шамол у ердаги туз қум ва чангларни кўчириб, 300 км масофагача олиб бориб тарқатмоқда. Чанглар билан бирга хлористоводород ва олтингугурт кислоталарини ҳам тарқатмоқда. Натижада атрофдаги обикор ерларга зарар келтирилмоқда.
Маълумотларга кўра қўйи Амударёдаги ерларнинг ҳар гектарига 0,8 – 1,0 т туз келиб тушмоқда. Бу эса ерларни шўрлатиб, мелиоратив ҳолатини ёмонлаштириб пахта ва бошқа экинлар ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Денгиз сув сатҳининг пасайиши туфайли Амударё ва Сирдарё делталаридаги тўқайзорлар, яйловлар, ўтлоқлар қуриб қайта чўллашмоқда. Денгиз атрофидаги туманларда ер ости сув сатҳи пасайиб чорвачилик учун озиқа бўладиган ўсимликлар қуриб, кўчма қумлар майдони кўпайиб бормоқда.
Орол денгизи қуригунга қадар 200 км атрофидаги ҳудуднинг иқлими яхши ҳолатда сақланиб турган. Қишда совуқни ёзда ўта иссиқни камайтириб турган. 1980 йилга келиб, январ ойи билан июл ойларининг ўртача ойлик ҳарорат фарқи 2° га кўпайган. Баҳор ва куз ойларида тез - тез совуқлар бўлиб турадиган бўлиб қолди, иссиқ кунлар 170 кунгача пасайди. Ёзнинг баланд ҳарорати, кучли шамолларнинг бўлиб туришини кучайтирди, кучли бу шамоллар одам саломатлиги учун ёмон таъсир этувчи заҳарли кимёвий моддалар билан заҳарланган чанг тўфонларни тарқатади ҳамда тупроқ юзидан сувнинг парланишини тезлаштириб қишлоқ хўжалик экинларининг ривожланишига ва ҳосилдорлигига салбий таъсир этади. Сувнинг кам келиши дарё делталарини қуришига ўсимликлар турларининг камайишига ва биологик турли - туман организмларнинг камайиб кетишига ва хуллас инсоннинг яшаш шароитининг кескинлашувига олиб келади. Бу икки дарё сувидан тўғри рационал фойдаланмаслик натижасида, ортиқча сувлар кўпгина кўл ва ботқоқликларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда. Худди шундай сув ҳавзалари Амударёнинг қўйи қисмида 40 га яқин бўлиб, буларда ҳар йили 6 - 7 км3 га яқин сув буғланиб йўқолиб кетмоқда.
Ана шундай кўллардан энг каттаси Нукус шаҳрининг ғарбида жойлашган Сариҳамиш чуқурлигида жойлашган кўл бўлиб, ҳар йили 3 - 4 км3 сув олади ва таркибида 30 км3 дан ортиқ сув бор.
Орол денгизидаги суғориладиган ерлардан етарли фойдаланмаслик ортиқча сув миқдори ва унинг ортиқча тақсимланиши ботқоқликлар ва ер ости сизот сувларининг кўтарилишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида ерларни шўрлантиради. Бундай шўрланган ерларнинг шўрини ювмасдан туриб, маданий экинларни экиб бўлмайди. Шўр ювишга баъзан жуда кўп, гектарига 36 м3 сув сарфланади ёки экинларни суғоришга қараганда бу кўрсаткич икки баробар ортиқдир. Ҳозирги кунда шўрланиш натижасида Орол атрофидаги ерларнинг унумдорлиги 2,5 баробаргача пасайиб кетган. Бу ерларнинг ҳолати келажакда қандай бўлиши ҳали номаълум.
Орол атрофидаги муҳит кишилар саломатлигига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Маълумотларга қараганда айниқса, Амударё делтаси атрофида яшовчи аҳоли орасида қорин тифи билан касалланиш 30 баробар ошган, болалар ўлими кўпайган, одамларнинг ўртача бўйи ва яшаш даражаси пасайган. Кўриниб турибдики, агар Орол тақдири тезда ҳал қилинмаса келажакда унинг ўрнида Орол чўли вужудга келади. Бунинг учун келажак авлод бизнинг ношудлигимиздан табиатни муҳофаза қилишдаги саводсизлигимиздан, экологик тарбиямизнинг пастлигидан нафратланади. Шу сабабли табиатнинг бизга инъом этган ажойиб объекти Оролни энг камида ҳозирги ҳолатда сақлаш учун курашиш ҳар бир соф виждонли инсоннинг муқаддас бурчидир. Бунинг учун эса денгизга қўшимча йилига 40 км3 сув келтириш лозим. Ҳозирги реал имконият Орол ҳавзаси атрофида йиғилган зовур (қайтарма) сувларни тўплаб, денгизга йўллашдир.
Агар бу вазифа амалга оширилса йилига қўшимча 20 км3 сув Орол денгизига келиб қўшилиши мумкин. Лекин бу билан Орол денгизи сув сатҳининг пасайишидан сақлаб қолиш мумкин эмас. Орол денгизи сув сатҳини оптимал баландликда сақлаш учун халқ хўжалигида дарё сувларидан тежаб фойдаланишга эришиш лозим. Бунинг учун биринчидан суғориш шахобчаларининг фойдали иш коэффициентини ошириш (каналлар тубини бетонлаш, ҳар хил металлар билан қоплаб, филтрация ва самарасиз буғланишни камайтириш орқали), иккинчидан суғоришнинг энг илғор усулларини (ёмғирлатиб, томчилатиб, тарноблар ёрдамида суғориш) қўллаб, экинларнинг суғориш меъёрини пасайтириб сувни иқтисод қилиш: учинчидан мавжуд суғориладиган майдонларда илғор агротехникани қўллаб, ҳосилдорликни ошириш ҳисобига экин майдонини кенгайтирмасликка эришиш керак.